Баходир Мирзаев Octobank бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланди
У жорий йил февралида “Garant bank” бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан кетган эди.

Баходир Алимович Мирзаев “Octobank” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Корпоратив маълумотлар ягона порталида эълон қилинган муҳим факт маълумотларида келтирилган.
Octobank’нинг расмий сайтида ҳам Мирзаев банк бошқаруви раиси ўринбосари сифатида кўрсатилган. Банк маълумотларига кўра, у банк тизимида 11 йиллик иш тажрибасига эга ва мазкур лавозимда 2026 йилдан буён фаолият юритмоқда.
Баходир Мирзаев бунга қадар “Garant bank”да фаолият олиб борган. 2026 йил 2 февраль куни банк Кузатув кенгаши унинг бошқарув аъзоси сифатидаги ваколатларини муддатидан олдин тугатган. Меҳнат шартномаси томонларнинг ўзаро келишуви асосида бекор қилинган эди.
Мирзаев “Garant bank” бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари лавозимида 2025 йил ноябридан бери ишлаб келаётган эди.
Мирзаев Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетида маркетинг йўналишида бакалавр, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида эса маркетинг ва ишлаб чиқариш воситалари савдоси йўналишида магистратура босқичини тамомлаган.









