Банкларнинг истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларига қўйиладиган янги талаблар тасдиқланди
Янги тартибда кредит рисклари бўйича мажбурий чеклист жорий этилиши ва тўловларда қийналаётган мижозлар учун реструктуризация тартиби ошкор қилиниши белгиланди.
Шунингдек, ижтимоий нафақалар ҳисобидан қарздорлик ундирилиши тақиқланди.
Ўзгартиришлар 2026 йил 29 январдан кучга киради.

Марказий банкнинг банклар фаолиятига доир истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қарори 28 октябрь куни Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Янги тартибга кўра, кредит олувчиларга қарз мажбуриятлари билан боғлиқ эҳтимолий таваккалчиликларни олдиндан тушунтириш учун стандарт чеклист жорий этилади. Бу орқали мижозлар кредит шартлари ва оқибатларини аниқ тушунган ҳолда масъулиятли қарор қабул қилишлари кўзда тутилган.
Чеклистда қуйидаги асосий баёнотлар ўрин олади:
- кредит — бу харажат;
- кредитни қайтариш жадвалини диққат билан ўрганиб чиқдим;
- даромадларим кредит тўловларини тўлаш имконини беради;
- кредит тўловларини кечиктириш оқибатларидан хабардорман.
Кредит тўловларини вақтида амалга оширишда қийналаётган шахсларга нисбатан шартнома шартларига ўзгартириш киритиш бўйича банкларда ички тартиб бўлиши ва бу тартиб истеъмолчиларга ошкор қилиниши талаби ҳам жорий этилмоқда.
Бу банкларнинг мураккаб вазиятларда мижозларни қўллаб-қувватлашини, кредит шартномасини реструктуризация қилиш жараёнида шаффофликни таъминлашини ҳамда аниқ қоидалар шаклланишини мақсад қилади.
Янги тартибда айрим инсофсиз амалиётларни чеклаш бўйича қуйидаги талаблар белгиланди:
- кредит аризасида кўрсатилган миқдордан ортиқ суммада кредит олишга ундамаслик;
- қарздорликни давлат томонидан фуқароларга ажратиладиган ижтимоий нафақа ва ёрдам маблағларига қаратмаслик;
- кредит шартномасида ёки тўлов жадвалида белгиланган санадан олдин кредит тўловларини ундиришни талаб қилмаслик.
Марказий банк бу ўзгаришлар аҳолига ортиқча қарз мажбурияти юкланишининг олдини олиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш, ёрдам маблағлари дахлсизлигини таъминлаш ва тўловлар айнан жадвал асосида ундирилишини тартибга солишда банклар масъулиятини оширишини қайд этди.
Шунингдек, молиявий хизматларда истеъмолчининг хоҳиш-иродасини ифодаловчи ҳар қандай белгиларни олдиндан ўрнатиб қўйиш, танлаб қўйиш ёки кредит параметрлари кўрсатилган майдонларни олдиндан тўлдириб қўйиш амалиёти чекланмоқда. Бу истеъмолчиларнинг қарор қабул қилиш эркинлигини таъминлаш ва шартлар шаффофлигини кучайтиришга қаратилган.
Банклар томонидан истеъмолчиларга омонатларни кафолатлаш тизими, кафолатланадиган омонат турлари ва миқдори, компенсация бериш тартиби ҳамда уни тўлаш муддатлари тўғрисида батафсил тушунтириш ва стандарт шаклдаги ахборот бериш талаби ҳам белгиланди.
Низомга киритилган ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар 2026 йил 29 январдан кучга киради.









