12 938.110 so‘m

increase

18.110

14 076.660 so‘m

decrease

-25.520

149.990 so‘m

increase

0.470

12 938.110 so‘m

increase

18.110

3 кун аввал
Банк

Банк секторидаги рақобат муҳити яхшиланмоқда

Банкларнинг жами активлари 1 февраль ҳолатига кўра, 17,7% га ошиб, 768 трлн сўмга етди.

 

Давлат улуши мавжуд энг йирик банклардан Ўзмиллийбанк (17,5%) ва Асакабанк (7,4%) жами банк тизими активларидаги улуши мос равишда 1,5 ва 1,3% га камайди.

 

Миллий валютадаги депозитлар ҳажми 36% га, чет эл валютасидаги депозитлар эса 7,4% га ошди.

Банк секторидаги рақобат муҳити яхшиланмоқда
Фото: AI / Pinkod.uz

Ўзбекистон банкларидаги рақобат муҳити яхшиланиши кузатилмоқда. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан ўтказилган ўрганишлар ҳам буни тасдиқлайди. Институт томонидан банклар секторидаги рақобат HHI (Херфиндал Хиршман Индекси) бўйича ҳисоблаб чиқилган. 

Маълумот учун, бозор ҲҲИ (Херфиндал Хиршман Индекси) бўйича рақобат даражасига кўра 3 гуруҳга бўлинади, рақобат даражаси паст (ҲҲИ 2500-10000 гача), ўртача (ҲҲИ 1500- 2500) ва юқори (ҲҲИ 1500 дан паст) 

Активлар

2025 йил 1 февраль ҳолатига активлар бўйича ҳисобланган HHI ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 72 бирликка яхшиланиб, 800 даражани ташкил этди. Шу даврда тижорат банкларининг жами активлари ҳажми 17,7 фоизга (ёки 115,6 трлн. сўм) ортиб, 768 трлн. сўмга етди.

2024 йил 1 февраль ҳолатида хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банкларнинг банк тизимидаги жами активлар улуши 32,5 фоизни ташкил қилган бўлса, 2025 йил 1-февраль ҳолатига бу кўрсаткич 34,5 фоизга етди. Айрим банкларнинг улушидаги ўзгаришлар қуйидагича:

  • Анорбанк улуши 1,36 фоизга етиб, 0,64 фоиз бандга ошди
  • TBC Bank улуши 1,33 фоизга етиб, 0,60 фоиз бандга ошди
  • Hamkorbank улуши 3,71 фоизга етиб, 0,41 фоиз бандга ошди

Шу билан бирга, давлат улуши мавжуд энг йирик банклардан Ўзмиллийбанк (17,5 фоиз) ва Асакабанк (7,4 фоиз) жами банк тизими активларидаги улуши мос равишда 1,5 ва 1,3 фоиз бандга камайди.

Кредитлар

2025 йил 1 февраль ҳолатига кредитлар бўйича ҳисобланган HHI индекси 57 бирликка яхшиланиб, 918 бирликни ташкил этди (2024 йилда 975 эди). Хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банклар томонидан ажратилган кредитларнинг бутун банк тизими жами кредитлар ҳажмидаги улуши 30 фоиздан 31 фоизга ошди.

Иқтисодиётга тижорат банклари томонидан ажратилган кредит қўйилмалари ҳажми 2025 йил 1 январь ҳолатига 533,1 трлн сўмни (ЯИМга нисбатан 36,6 фоиз) ташкил қилган бўлса, 1 февраль ҳолатига 866 млрд сўмга ошиб, 534 трлн. сўмга етди.

Жами кредит қолдиғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоизга ошди. Жисмоний ва юридик шахсларга ажратилган кредитлар ҳажми мос равишда 20 фоиз ва 11 фоизга ортди. Айниқса, жисмоний шахсларга ажратилган микроқарзлар ҳажми 75 фоизга ошди. 

Маълумот учун: Марказий банк томонидан банкларга микроқарз ажратиш бўйича чеклов ўрнатилиши кутилмоқда. Бунда банклар кредит портфелидаги микроқарз улуши 25 фоиздан ўтиб кетмаслиги керак. 

Миллий валютадаги жами банк кредитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 2024 йилнинг январь ойида 24,1 фоизни ташкил қилган бўлса, декабрь ойида 23,4 фоизга тушди. Шу билан бирга, миллий валютадаги аҳоли кредитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 2024 йил декабрь ойида 24,9 фоизгача ошди (сентябрда 23,8 фоиз эди). Ушбу ўсиш миллий валютадаги кредитларга бўлган талабнинг ортиши ва инфляцион кутилмалар юқорилиги билан боғлиқ.

Депозитлар

Депозитлар бўйича ҳисобланган HHI индекси 2025 йил 1 февраль ҳолатига 636 бирликни ташкил этди, бу эса ўтган йилнинг мос давридагидан 32 бирликка яхшироқ (2024 йилда 668 бирлик эди).

2024 йил 1 февраль ҳолатида жами депозитлар ҳажми 242,1 трлн. сўмни ташкил қилган бўлса, 2025 йил 1 февраль ҳолатига 310,2 трлн. сўмга етди (28,1 фоизлик ўсиш).

Хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банкларнинг банк тизими жами депозитларидаги улуши 2025 йил 1 январь ҳолатига 50 фоизга етиб, 1 фоиз бандга ошди. Бироқ, 1 февраль ҳолатига келиб Ипотекабанк ва Тенгебанк улушларининг мос равишда 0,67 фоиз бандга ва 0,37 фоиз бандга қисқариши натижасида давлат улуши мавжуд банкларнинг улуши 1 фоиз бандга ортди.

Чет эл валютасидаги банк депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 2024 йил бошида 4,7 фоизни ташкил қилган бўлса, йил якунида 5,3 фоизга етди. Шу билан бирга, миллий валютада жалб қилинган депозитлар ҳажми 36 фоизга, чет эл валютасида жалб қилинган депозитлар ҳажми эса 7,4 фоизга ошди.

Таҳлил қилинган даврда активлар, кредитлар ва депозитлар бўйича ҳисобланган HHI индексининг пасайиши рақобат даражаси ошаётганини кўрсатмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+