12 760.210 so‘m

increase

54.420

14 704.870 so‘m

increase

0.460

160.080 so‘m

increase

0.880

12 760.210 so‘m

increase

54.420

2 кун аввал
FinLit

Банк кредити ёки насия савдо: қайси бири ҳақиқатан ҳам фойдалироқ?

Марказий банк таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, дўконлар орқали насияга харид қилинган iPhone учун ортиқча тўлов 44 фоизгача етиши мумкин, банк кредитида эса бу кўрсаткич ўртача 17 фоиз атрофида.

Банк кредити ёки насия савдо: қайси бири ҳақиқатан ҳам фойдалироқ?
Фото: AI / Pinkod.uz

Марказий банк томонидан насия бозоридаги ҳолатни таҳлил қилиш мақсадида iPhone 16 Pro Max (256 GB) мисолида ўрганиш олиб борилди. Дўконларда телефоннинг насия асосидаги нархи, бўлиб тўлаш шартлари ва устамалар таҳлил қилинди.

Таҳлилларга кўра, 12 ойлик тўлов режаси асосида ушбу телефонни насияга харид қилишда умумий қийматга 27,3 фоиздан 44,3 фоизгача устама қўшилади. Бу устамаларни банк фоиз ставкаси эквивалентида ҳисоблаганда, 47,1 фоиздан 73,8 фоизгача бўлиши мумкин. Ўртача устама 39,6 фоиз, банк фоизига тенглаштирилган ҳолда эса 66,5 фоизни ташкил этади.

Қуйидаги жадвал асосида маиший техника дўконлари ва банклар томонидан таклиф этилаётган 12 ойлик “ортиқча тўловларсиз” насия ва кредитлар ўртасидаги молиявий фарқларни аниқ кўриш мумкин.

Жадвалдаги маълумотлар шуни кўрсатадики, дўконлар орқали насияга маҳсулот харид қилган харидорлар анча катта устама тўлашга мажбур бўлмоқда.

Деярли барча маиший техника дўконларида насия асосида таклиф этилаётган товарлар учун устама фоизлари 37 фоиздан 44,3 фоизгача етиб бормоқда. Хусусан, Uzum'да — 44,3 фоиз, Mediapark’нинг айрим таклифларида — 44 фоиз, Asaxiy.uz'да ҳам шунга яқин устама қўлланмоқда. Ушбу устамалар банк фоиз ставкалари эквивалентида ҳисобланганда 47,1 фоиздан 73,8 фоизгача ташкил этади. Бу эса банк кредитлари билан солиштирилганда анча юқори молиявий юклама эканини кўрсатади.

Агар харид банк кредити орқали амалга оширилса, ортиқча тўлов миқдори ўртача 17 фоизни ташкил этган бўлади (микрокредит — 24,7 фоиз, микроқарз — 40,3 фоиз, овердрафт — 24,8 фоиз).

Шунингдек, бозордаги ўртача нарх (17 млн сўм) билан солиштирилганда дўконлардаги нархлар (18–23 млн сўм) анча юқори белгиланмоқда. Масалан:

  • “Brostore.uz” дўконида iPhone 16 Pro Max нархи 17 770 000 сўм бўлиб, 30% дастлабки тўловдан сўнг қолган сумма 12 ойга бўлинади. Бу ҳолатда умумий нарх 26 994 050 сўмни, ортиқча тўлов эса 51,9%ни ташкил этади.
  • “Idea” дўконида эса 6 ойлик бўлиб тўлаш имконияти орқали ортиқча тўловсиз харид амалга ошириш мумкин. Бироқ, бу дўкондаги нарх (21 990 000 сўм) бозор нархидан (14,4 млн сўм) 52,4%га юқорироқ.

Ўзбекистон насия бозори

2018–2024 йилларда Ўзбекистонда насия савдоси жадал ривожланди. 2018 йилда мазкур фаолият билан шуғулланувчи корхоналарнинг умумий тушуми 8,1 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 201,3 млрд сўмгача етган — қарийб 25 баробарлик ўсиш. Айниқса, 2022–2024 йилларда катта суръатда ўсиш кузатилгани насия савдосининг оммалашиб, турлари кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Шунингдек, насия савдоси билан шуғулланувчи корхоналар томонидан банклардан жалб қилинган кредит маблағлари ҳам сезиларли даражада ошган: 2018 йилдаги 22,3 млрд сўмдан 2024 йилда 1 169,8 млрд сўмгача — яъни 52 баробарга кўпайган.

Хулоса қилиб айтганда, тез ва қулай насия шартлари ортида юқори молиявий харажатлар ётади. Агар харидор тежамкорликни истаса, банк кредити анча мақбул йўл.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+