Австриянинг Raiffeisen банки Марказий Осиёда банкларни сотиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда
Raiffeisen Bank International Марказий Осиёни янги ўсиш йўналишларидан бирига айлантиришга тайёрланмоқда.
Bloomberg манбаларига кўра, кенгайишни Россиядаги бизнеси билан боғлиқ 3,15 млрд евролик кутилаётган тушум қўллаб-қувватлаши мумкин.
Ҳозирча банк минтақада бирор аниқ харид бўйича музокара олиб бормаяпти.

Австриянинг Raiffeisen Bank International банки янгиланаётган стратегиясида Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларини янги ўсиш бозорлари сифатида белгилаши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg режалардан хабардор, исми ошкор этилмаган манбаларга таяниб хабар берди.
Банк бош директори Майкл Ҳёллерер яқин ҳафталарда янги стратегияни тақдим этиши кутилмоқда. Минтақадаги банкларни сотиб олиш бизнесни кенгайтириш усулларидан бири сифатида кўриб чиқилмоқда. Бироқ режалар ҳали расман эълон қилинмаган, эҳтимолий харид объектлари ҳам маълум эмас.
Raiffeisen вакили Bloomberg’га Ғарб компаниялари таъминот занжирларини қайта ташкил этаётгани, Марказий Осиё давлатлари эса Ғарб билан алоқаларини кенгайтиришга интилаётганини билдирган. Банк стратегияни янгилаш жараёнида ушбу ўзгаришларга қандай жавоб беришни ўрганмоқда.
Кенгайишни молиялаштиришда 3,15 млрд евро — қарийб 3,6 млрд долларлик тушум муҳим манба бўлиши мумкин. Маблағ Австрия судининг илгари санкциялар остидаги россиялик тадбиркор Олег Дерипаска билан алоқадор бўлган Rasperia Trading компанияси активларини Raiffeisen’га ўтказиш ҳақидаги қарори билан боғлиқ.
Bloomberg’га кўра, маблағ ундирилса, банк илгари ўзининг энг даромадли бўлинмаси бўлган Россиядаги бизнесидан билвосита бўлса ҳам илк бор пул чиқариш имкониятига эга бўлади. Raiffeisen Россиядаги шўъба банкини сотиш ва у ердаги фаолиятини қисқартиришга ҳаракат қилмоқда.
Банк Марказий Осиёда аллақачон айрим хизматларни йўлга қўйган. Қозоғистонда унинг кичик лизинг бизнеси мавжуд. Ўзбекистонда эса июнь ойида халқаро инвесторларнинг маҳаллий қимматли қоғозлар, жумладан, давлат облигацияларига кириш имконияти кенгайтирилган.
Raiffeisen’нинг расмий маълумотига кўра, банк Ўзбекистон Марказий депозитарийси билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатган. Капиталбанк ва Ўзмиллийбанк маҳаллий агент банклар сифатида танланган. Бу тизим хорижий инвесторларга ўзбек қимматли қоғозларини сақлаш ва улар бўйича ҳисоб-китоб хизматларидан Raiffeisen орқали фойдаланиш имконини беради.









