АҚШнинг янги бож тарифлари ортидан энг кўп зарарни Илон Маск кўрди
Ўзини Трампнинг биринчи дўсти деб атаган Маскнинг Tesla компанияси акциялари бу воқеадан сўнг пасайишга учради.
4 февраль Tesla ва унинг бош директори Илон Маск учун оғир кечди. АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан жорий этилган янги бож тарифлари сиёсатига бозор кескин муносабат билдирди. Tesla акциялари 5% га тушиб, Америка компаниялари орасида энг катта йўқотишга учради. Бу эса Маскнининг бойлигидан 10,9 миллиард доллар олиб ташланишига сабаб бўлди (Forbes’нинг реал вақт миллиардерлар рўйхатига кўра).
Мавзуга доир: Мамлакатлараро савдо уруши бошланди.
Нима бўлди?
Tesla акциялари тушиши, айниқса, автомобиль ишлаб чиқарувчилар ва Хитой бозорига қаттиқ боғлиқ бўлган компанияларга таъсир қилувчи бож тарифлари туфайли содир бўлди. Tesla икки тоифага ҳам киргани сабабли вазиятдан кўпроқ зарар кўрди. Компания 2024 йилда Хитой бозоридан 20,9 миллиард доллар даромад олган бўлиб, бу унинг глобал савдосининг 21% дан ортиғини ташкил этади.
Мазкур хабарлар жаҳон бозорларида сезиларли беқарорликни келтириб чиқарди. Фонд биржаси фьючерслари (келишув шартномалари) кескин пасайди: Nasdaq 2 фоиздан кўпроққа, S&P 500 1,6 фоизга тушди ва Dow Jones фьючерслари тахминан 1,1 фоизга камайди.
Хитой жавоб қайтармоқда
Канада бош вазири Жастин Трюдо Канада импортига қўйилган АҚШ тарифлари вақтинча тўхтатилганини билдирди. Бу ҳақда Канада бош вазири АҚШ президенти билан телефон мулоқотидан сўнг маълум қилди. Бундан ташқари, Мексикага нисбатан янги бож сиёсати ҳам бир ойга тўхтатилди.
Бироқ Хитойга нисбатан бундай тартиб жорий этилмаган. Расмий Пекин АҚШга қарши чора кўришни бошлади. Хитой Қўшма Штатлардан кўмир ва суюлтирилган газга 15 фоизлик бож қўяди, дея маълум қилди Давлат кенгаши. Пекин, шунингдек, АҚШдан нефть ва қишлоқ хўжалиги техникасига 10 фоизлик бож жорий этишга қарор қилди.
Мазкур воқеалар жаҳон фонд бозорларида акциялар яна тушушига олиб келиши эҳтимоли мавжуд. Бу йўқотишларга қарамай, Маск ҳали ҳам миллиардерлар рўйхатида етакчилик қилмоқда. Унинг соф бойлиги 410 миллиард долларни ташкил этиб, энг яқин тақибчиси Жефф Безосдан 160 миллиард долларга олдинда бормоқда.