12 768.260 so‘m

decrease

-62.870

14 400.040 so‘m

decrease

-142.760

162.630 so‘m

increase

1.560

12 768.260 so‘m

decrease

-62.870

2 кун аввал
Иқтисодиёт

АҚШ Халқаро савдо суди Доналд Трампнинг бож тарифларини ноқонуний деб топди

АҚШ Халқаро савдо суди Трампнинг айрим тарифларини ноқонуний деб топиб, ҳукуматга уларни бекор қилиш учун 10 кун муҳлат берди. Трамп маъмурияти эса бу қарорга эътироз билдириб, Федерал судга апелляция шикояти киритди.

АҚШ Халқаро савдо суди Доналд Трампнинг бож тарифларини ноқонуний деб топди
Фото: AI / Pinkod.uz

АҚШ Халқаро савдо суди Доналд Трамп томонидан Хитой ва бошқа савдо ҳамкорларига нисбатан жорий этилган айрим юқори бож ставкаларини ноқонуний деб топди. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.

Суд қарорига кўра, Трампнинг бу қарорлари Президентга фавқулодда ҳолатлар вақтида бериладиган ваколатлар доирасидан анча ошиб кетган.

Трамп 1977 йилда қабул қилинган “Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги” қонунга таянган ҳолда, ўнлаб давлатларга нисбатан бир томонлама бож ставкаларини жорий этган эди. Бироқ мазкур қонун аслида асосан санкциялар ва эмбарго (иқтисодий чекловлар) учун мўлжалланган бўлиб, унда божлар ҳақида ҳеч қандай бевосита кўрсатма йўқ. Ундан ташқари, мазкур қонун яратилганидан бери Трампгача бирорта АҚШ президенти ушбу ҳужжатни асос қилиб бошқа давлатларга бож жорий қилмаган эди.

Суд ҳайъати, уч нафар партиялараро федерал судьядан иборат бўлиб, бир нечта штатлар ва бизнес ташкилотлари томонидан киритилган даъволарни кўриб чиқиб, Трамп жорий этган тарифларнинг катта қисмини ноқонуний деб топди. Мазкур қарор президентнинг глобал савдо сиёсатига жиддий зарба бўлиши мумкин, чунки Трамп айнан шу божлар таҳдиди орқали бошқа давлатлар билан АҚШ фойдасига музокаралар юритаётган эди.

Суд ҳукмига кўра, АҚШ ҳукуматига тарифларни тўхтатиш учун 10 кунлик муддат берилган. Шунга қарамай, Оқ уй мазкур қарорга рози бўлмади ва дарҳол Федерал апелляция судига шикоят киритди.

Оқ уй вакили Куш Десаи суд қарорини кескин танқид қилиб, шундай деди:

“Адолатсиз савдо муносабатлари Америкадаги бутун саноатни емиради, ишчиларнинг манфаатларини поймол қилди ва мудофаа салоҳиятимизга путур етказди. Бу фактларни суд инкор этмади. Аммо фавқулодда ҳолатларда қандай чоралар кўрилишини сайланмаган судьялар эмас, ижро ҳокимияти ҳал қилиши лозим”.

Шу билан бирга, бу қарор Трамп маъмуриятининг бошқа қонун асосида жорий этган божларига — масалан, пўлат, алюминий, автомобил, фармацевтика, ярим ўтказгичлар каби маҳсулотларга қўлланилган тарифларга тааллуқли эмас. 

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+