Апрель ойида хусусий банклардаги муаммоли кредитлар(NPL) ҳажми қарийб 300 млрд сўмга кўпайди
Апрель ойида Ўзбекистон банкларининг умумий кредит портфели 13,8 триллион сўмга ошиб, 565,6 триллион сўмга етди.
Шу билан бирга, умумий банк тизимида муаммоли кредитлар (NPL) ҳажми 161 миллиард сўмга кўпайган бўлса-да, давлат банкларида ушбу кўрсаткич 134 миллиард сўмга камайгани қайд этилди.
NPL ҳажмидаги энг катта ўсиш Капиталбанкда кузатилган бўлса, энг катта пасайиш Ўзмиллийбанкда рўй берди.

Апрель ойида Ўзбекистон банкларининг умумий кредит портфели 13,8 триллион сўмга ошиб, 565,6 триллион сўмга етди. Бу ўсиш давлат банкларида 9,5 триллион сўмни, давлат улушига эга бўлмаган хусусий банкларда эса 4,3 триллион сўмни ташкил этди.
Шу билан бирга, муаммоли кредитлар (NPL– non-performing loans) ҳажми ҳам ой давомида ошди. Умумий банк тизимида NPL 161 миллиард сўмга кўпайган бўлса-да, давлат банкларида ушбу кўрсаткич 134 миллиард сўмга камайди. Аксинча, хусусий банкларда NPL ҳажми 295 миллиард сўмга ортди.
Давлат банклари
1 май ҳолатига кўра, давлат банкларининг умумий кредит портфели 389,1 триллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 9,5 триллион сўмга кўпроқдир. Кредит портфели ҳажмидаги энг катта ўсиш Агробанк ва Ўзмиллийбанк ҳиссасига тўғри келди — мос равишда 4,05 триллион ва 1,8 триллион сўмга ўсиш кузатилди.

Муаммоли кредитлар ҳажми давлат банкларида пасайган бўлиб, 9 та банкдан 5 тасида НПЛ камайгани қайд этилди. Хусусан, Ўзмиллийбанкда муаммоли кредитлар 141 миллиард сўмга, Ўзсаноатқурилишбанкда 113 миллиард сўмга, Халқ банкида эса 17 миллиард сўмга қисқарган. Бироқ баъзи давлат банкларида НПЛ ҳажми ошган: Асакабанкда 55 миллиард, Микрокредитбанкда 39 миллиард, Алоқабанкда 30 миллиард, Туронбанкда эса 29 миллиард сўмга кўпайган.
Бошқа банклар
Хусусий банклар кесимида эса кредит портфели 4,3 триллион сўмга кенгайди. Энг катта ўсиш Ипотека банкда кузатилиб, кредит портфели 1 триллион сўмга ошган. Шунингдек мазкур банкда NPL ҳажми ҳам 73 миллиард сўмга камади. Капиталбанк ва TBC bank’да эса портфель мос равишда 654 миллиард ва 519 миллиард сўмга кўпайди.

Шу билан бирга, хусусий банклардаги муаммоли кредитлар ҳажми ҳам ортган бўлиб, ой давомида 295 миллиард сўмга кўпайди. Бу кўрсаткич Капиталбанкда энг юқори бўлиб, 144 миллиард сўмлик ўсиш қайд этилди. Шунингдек, Orient Finance Bank’да 107 миллиард, InFinBank’да эса 46 миллиард сўмга муаммоли кредитлар ортган.