Апрель ойида уй-жой бозори қандай ўзгарди?
Икки ой давом этган пасайишдан сўнг, апрель ойида Ўзбекистон кўчмас мулк бозори тикланиш аломатларини кўрсатди.
Жумладан, ушбу даврда кўчмас мулк бозорида 24 мингта битим тузилиб, фаоллик ўтган ойга нисбатан 20 фоизга ошди.

Кўчмас мулк бозоридаги фаоллик кетма-кет икки ойлик пасайишдан сўнг, апрель ойида барқарор тикланишни намоён этди. Ой давомида тузилган битимлар сони 20%га ошиб, 24 мингтага етди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоботида келтирилган.
Ҳудудий ўсиш
Апрель ойида республиканинг барча ҳудудларида битимлар сони ошди. Энг юқори ўсиш Наманганда (39%), Самарқандда (29%) ва Бухорода (27%) қайд этилди.

Иккиламчи бозордаги уй-жой нархлари
Ўртача уй-жой нархлари март ойига нисбатан 1,3%га, йиллик ҳисобда эса 2,4%га ошди. Энг юқори ўсиш Жиззах, Сурхондарё, Хоразм ва Қорақалпоғистонда кузатилди.
Тошкент шаҳридаги ҳолат
Пойтахтда бозор нисбатан барқарор бўлиб қолди. Иккиламчи бозорда нархлар 0,3%га пасайди, йиллик ҳисобда эса иккиламчи уй-жойлар 6,3%га, бирламчи уй-жойлар 4,2%га арзонлашди.
- Иккиламчи бозордаги энг катта пасайиш: Чилонзор (10,7%), Мирзо Улуғбек (9,4%), Яшнобод (8,2%)
- Бирламчи бозордаги энг катта пасайиш: Учтепа (15,3%), Шайхонтоҳур (13,3%), Юнусобод (8,8%)
Ижара бозори
Апрель ойида Тошкентда ижара нархлари барқарор қолди — ўртача 1 кв.м учун 8,1 доллар. Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархлари 10,4 долларгача етди. Йиллик ҳисобда ижара нархлари 3%га пасайди.