Apple янги AirPods ва Apple Watch моделларини тақдим этди
Apple AirPods 5, Apple Watch Series 12 ва Apple Watch Ultra 4 моделларини тақдим этди. Қурилмаларнинг АҚШдаги бошланғич нархи мос равишда 129, 399 ва 799 долларни ташкил этади.

AirPods 5
AirPods 5’нинг иккала версияси ҳам фаол шовқинни сўндириш функциясига эга. Янги қулоқчинлар AirPods 4’нинг ANC’ли версиясига нисбатан ташқи шовқинни 50 фоиз кўпроқ камайтиради.
Қурилма Adaptive Audio, суҳбат бошланганда мусиқа овозини пасайтириш, Siri AI ва жонли таржима функцияларини қўллаб-қувватлайди. Фойдаланувчи Siri саволларига бошини қимирлатиш орқали ҳам жавоб бериши мумкин.
Симсиз қувватлаш қутисига эга версия ANC билан 5 соатгача, қути билан эса 22 соатгача ишлайди. Унда қулоқчин банди бўйлаб бармоқни суриш орқали овоз баландлигини ўзгартириш имкони ҳам мавжуд.
Apple Watch Series 12 ва Ultra 4
Иккала соат ҳам янги S11 чипи ва юрак уришини ҳар беш сонияда ўлчайдиган Health Sensing System билан жиҳозланган. Readiness функцияси фойдаланувчининг фаоллиги, машғулот юкламаси, уйқуси ва бошқа кўрсаткичларини таҳлил қилиб, организмнинг кунга тайёрлик даражасини 10 баллик тизимда баҳолайди.
Apple Watch Series 12 42 ва 46 миллиметрли корпусларда чиқарилади. У одатий фойдаланишда 24 соатгача ишлайди, 15 дақиқалик қувватлаш эса яна 12 соатлик ишлаш имконини беради.
Спортчилар ва экстремал шароитлар учун мўлжалланган Apple Watch Ultra 4 одатий режимда 50 соатгача, энергияни тежаш режимида 84 соатгача ишлайди. Махсус машғулот режимида GPS ва юрак уриши назоратини 45 соатгача узлуксиз давом эттириш мумкин.
АҚШдаги бошланғич нархлари
- AirPods 5 — 129 доллар;
- симсиз қувватлаш қутисига эга AirPods 5 — 149 доллар;
- Apple Watch Series 12 — 399 доллар;
- Apple Watch Ultra 4 — 799 доллар.
Барча қурилмалар учун олдиндан буюртмалар қабул қилиниши бошланган. Расмий сотувлар 18 сентябрда очилади.









