11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

13 329.150 so‘m

decrease

-108.120

146.750 so‘m

increase

0.790

11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

Якин 42 дақиқа ичида
Иқтисодиёт
44

Apple Pay ва Google Pay ишлаши ўзбекистонликларга нима беради?

Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay хизматлари ишга туширилиб, маҳаллий банк карталарини халқаро рақамли ҳамёнларга улаш имконияти пайдо бўлди. 

Мазкур хизматларни мамлакатга олиб кириш Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг йирик халқаро технология компаниялари билан ўтказган музокараларида ҳам муҳим масалалардан бири бўлган эди. 

Pinkod янги тўлов хизматларининг аҳоли ва бизнес учун қандай имкониятлар яратиши, банклар ўртасидаги рақобатга таъсири ҳамда кейинги қадам нима бўлиши мумкинлигини таҳлил қилди. 

Apple Pay ва Google Pay ишлаши ўзбекистонликларга нима беради?

2026 йил 27 октябрь Ўзбекистон тўлов хизматлари бозорида янги босқичнинг бошланиши бўлди. 

Шу кундан маҳаллий банклар чиқарган айрим Visa ва Mastercard карталарини Apple Wallet ҳамда Google Wallet иловаларига улаш имконияти пайдо бўлди. Натижада фойдаланувчилар пластик картадан фойдаланмасдан, смартфон ёки мос ақлли соат орқали тўловларни амалга ошира бошлади.

Хизматларнинг ишга туширилганини Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам эълон қилди. Google эса бундан аввалроқ, 19 октябрда Самарқандда ўтказилган халқаро тадбирда мамлакатда Google Pay йўлга қўйилишини расман маълум қилган эди.

Ҳозирча барча банклар ва карталар тизимга уланмаган. Apple Wallet’да Uzum Bank, Orient Finans Bank, Ўзбекистон Миллий банки, Kapitalbank, Hamkorbank, Ипак Йўли Bank, TBC Bank ва Octobank карталарини улаш имконияти кўрсатилган.

Google Wallet’да эса AVO Bank, Octobank, Uzum Bank, TBC Bank, Aloqabank, Kapitalbank, Ипак Йўли Bank, Ўзбекистон Миллий банки ва Orient Finans Bank карталари қўллаб-қувватланмоқда. Ҳозирда фақат Visa ёки Mastercard карталари улаш имконияти мавжуд. HUMO ва Uzcard карталарини ушбу хизматларга улаш ишлари эса давом этмоқда.

Оддий фойдаланувчилар учун энг сезиларли ўзгариш тўловларни амалга оширишнинг янги усули пайдо бўлганидир. 

Эндиликда мос картага эга ўзбекистонликлар дўкон, кафе ёки бошқа савдо нуқтасида ҳамёнидан пластик карта изламасдан, телефонини терминалга яқинлаштириш орқали ҳисоб-китоб қилиши мумкин. Бунда тўловни қурилманинг биометрик ҳимояси ёки пароли орқали тасдиқлаш ва карта маълумотларини сотувчига ошкор қилмаслик имконияти ҳам мавжуд.

Янги хизматлар хорижга саёҳат қиладиган фуқаролар учун ҳам қўшимча қулайлик яратади. 

Бир неча йил давом этган чекловлар қандай бартараф этилди?

Apple Pay дунёда 2014 йил октабрида ишга туширилган. Дастлаб АҚШда мавжуд бўлган хизмат кейинги йилларда Европа, Осиё ва бошқа минтақаларга кенгайган.

Apple’нинг 2026 йил январида эълон қилган ҳисоботига кўра, 2025 йил якунида Apple Pay 89 та бозорда фаолият юритган. Унга 11 мингдан ортиқ банк ва тўлов тизими ҳамкорлари уланган.

Ўзбекистонда эса ушбу хизматларни жорий этиш узоқ вақт ҳуқуқий чекловларга дуч келган.

Асосий муаммо шахсга доир маълумотларни сақлаш тартиби билан боғлиқ эди. 2021 йилда қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ҳудудидаги техник воситаларда сақлаш талаби белгиланганди.

Apple ва Google каби халқаро компаниялар эса хизматларини глобал инфратузилма орқали тақдим этади. Бу маълумотларни қайта ишлаш ва сақлашга қўйилган маҳаллий талаблар билан боғлиқ мураккабликларни юзага келтирган.

Натижада Ўзбекистонда чиқарилган банк карталарини Apple Pay ва Google Pay каби халқаро рақамли ҳамёнларга улаш имконияти чекланган эди.

Бироқ Apple Pay ва Google Pay’дан Ўзбекистонда аввал ҳам фойдаланиш мумкин эди. Марказий банк маълумотларига кўра, 2019 йилда HUMO ва Uzcard халқаро тўлов тизимлари билан интеграция қилинган. Натижада хорижий банклар чиқарган ва Apple Pay ёки Google Pay’га уланган карталар орқали мамлакатдаги мос терминалларда тўлов қилиш имконияти яратилган.

Асосий чеклов эса Ўзбекистон банклари чиқарган карталарга тегишли эди. Яъни хорижий сайёҳлар ушбу хизматлардан мамлакатда фойдаланиши мумкин бўлган, бироқ маҳаллий банк карталарини Apple Pay ва Google Pay’га улаш имкони мавжуд эмас эди.

Муаммони ҳал қилиш бўйича расмий ҳаракатлар 2024 йилда фаоллашди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 сентябрдаги 582-сон қарори билан Марказий банк, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Туризм қўмитасига PayPal, Alipay, UniPay, Apple Pay ҳамда Google Pay каби халқаро компаниялар билан музокаралар ўтказиш вазифаси юклатилди.

Ҳужжатда ушбу хизматларни Ўзбекистоннинг тўлов тизимлари ва банк хизматларига улаш, зарур ҳолларда миллий қонунчилик талабларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш белгиланган.

Кейинги муҳим қадам 2026 йил 26 мартда ташланди. Президент ЎРҚ–1125-сон қонунни имзолади ва шахсга доир маълумотларни сақлаш тартиби ўзгартирилди.

Янги тартибга кўра, биометрик ва генетик маълумотлар, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган телекоммуникация операторлари фойдаланувчиларига оид маълумотларни мамлакат ҳудудида сақлаш мажбурияти сақлаб қолинди.

Бошқа турдаги шахсий маълумотларни эса қонунчиликда белгиланган хавфсизлик талабларига риоя этилган ҳолда хорижда сақлаш ва қайта ишлаш имконияти яратилди.

Саида Мирзиёеванинг музокаралардаги иштироки

Халқаро тўлов хизматларининг Ўзбекистонга кириши билан боғлиқ жараёнда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг халқаро технология компаниялари билан олиб борган музокаралари ҳам муҳим ўрин тутди.

Хусусан, 2026 йил 23 сентябрь куни АҚШга ташрифи давомида Саида Мирзиёева Google витсе-президенти Каран Бҳатиа билан учрашди.

Музокараларда Google Pay’ни Ўзбекистонда Visa ва Mastercard карталари учун ишга тушириш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

Бундан ташқари, томонлар YouTube монетизацияси, Google Gemini платформасида ўзбек тилини қўллаб-қувватлаш, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва IT мутахассисларини тайёрлаш йўналишларидаги ҳамкорликни муҳокама қилган.

Саида Мирзиёева учрашув давомида сўнгги йилларда шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш ва рақамли тўловлар соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилганини, бу эса халқаро тўлов тизимларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтираётганини таъкидлаган.

Мазкур музокаралар унинг халқаро технологик хизматларни Ўзбекистонга жалб этиш йўлидаги бевосита иштирокини кўрсатади. Ушбу саъй-ҳаракатлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар ва банкларнинг техник интеграция ишлари хизматларнинг ишга туширилишига замин яратди.

Орадан бир ойга яқин вақт ўтиб, маҳаллий банк карталарини Apple Pay ва Google Pay хизматларига улаш имконияти пайдо бўлди.

Google Pay’нинг ишга туширилиши ҳақида компаниянинг Марказий ва Шарқий Европа бўйича ҳукумат билан алоқалар ва давлат сиёсати масалалари раҳбари Марсин Красуски 19 октябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган C5+1 форматидаги тадбирда эълон қилган эди.

27 октябрга келиб эса Ўзбекистон банклари чиқарган карталарни Google Wallet ва Apple Wallet иловаларига улаш имконияти пайдо бўлди.

Apple Pay дунёда қандай иқтисодий самара берган?

Apple Pay ва Google Pay’нинг иқтисодий аҳамиятини баҳолашда халқаро тажриба муҳим. Чунки рақамли ҳамёнлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида электрон тижорат ва анъанавий савдонинг асосий тўлов воситаларидан бирига айланиб бормоқда.

Global Payments компаниясининг “Global Payments Report 2026” ҳисоботига кўра, 2025 йилда дунё бўйича электрон тижорат тўловлари қийматининг 56 фоизи рақамли ҳамёнлар ҳиссасига тўғри келган.

Анъанавий савдо нуқталарида амалга оширилган тўловларда эса ушбу кўрсаткич 33 фоизни ташкил этган.

Ҳисобот қамраб олган 42 та бозорда рақамли ҳамёнлар орқали амалга оширилган тўловларнинг умумий қиймати 13,8 трлн доллардан ошган.

2030 йилга бориб уларнинг электрон тижоратдаги улуши 63 фоизга, анъанавий савдодаги улуши эса 42 фоизга етиши прогноз қилинмоқда.

Мазкур рақамлар фақат Apple Pay ва Google Pay’га эмас, балки барча турдаги рақамли ҳамёнларга тегишли. Шунга қарамай, улар истеъмолчиларнинг тўлов усуллари қандай ўзгараётганини кўрсатади.

Apple ҳам ўз хизматининг иқтисодий самарадорлиги ҳақида маълумотларни эълон қилган.

Компаниянинг ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда Apple Pay бутун дунё бўйича савдо корхоналарига 100 млрд доллардан ортиқ қўшимча савдо ҳажмини яратишда ёрдам берган.

Шунингдек, компания Apple Pay орқали 1 млрд доллардан ортиқ фирибгарлик зарарларининг олди олинганини билдирган.

Бу рақамлар Apple ва соҳа маълумотлари асосидаги баҳолашлар бўлиб, барча савдо корхоналарида айнан шундай натижа қайд этилганини англатмайди.

Тўлов технологиялари билан шуғулланувчи Stripe компаниясининг 2025 йил апрелида эълон қилинган тадқиқоти ҳам Apple Pay’нинг электрон тижоратга таъсирини кўрсатган.

Компания 50 дан ортиқ тўлов усулининг онлайн савдо натижаларига таъсирини тажриба орқали ўрганган.

Тадқиқотга кўра, Apple Pay орқали тўлов қилиш имкониятини таклиф этган корхоналарда мос харид жараёнлари бўйича буюртмани якунлаш кўрсаткичи ўртача 22,3 фоизга, тушум эса 22,5 фоизга ошган.

Оддий аҳоли учун нима ўзгаради?

Аҳоли учун энг сезиларли янгилик банк картасини доим ёнида олиб юришга бўлган эҳтиёжнинг камайишидир.

Mos Visa ёки Mastercard картасини рақамли ҳамёнга улаган фойдаланувчи дўкон, ресторан ёки бошқа хизмат кўрсатиш шохобчасида смартфонини контактсиз тўлов терминалига яқинлаштириш орқали ҳисоб-китоб қилиши мумкин.

Бунинг учун терминал тегишли халқаро карта тизимини қабул қилиши, қурилмада эса зарур технология мавжуд бўлиши керак. Google Wallet орқали контактсиз тўлов қилишда Android қурилмасининг NFC технологиясини қўллаб-қувватлаши талаб этилади.

Тўловнинг хавфсизлигини таъминлашда қурилмани биометрик ёки код орқали ҳимоялаш ҳам муҳим роль ўйнайди. Масалан, Apple Pay’да харидни Face ID, Touch ID ёки қурилма коди орқали тасдиқлаш мумкин.

Бундан ташқари, ҳақиқий карта рақамининг савдо нуқтасига узатилмаслиги маълумотларни янада ҳимоялайди.

Яна бир имконият эса халқаро саёҳатлардаги тўловлардир. Ўзбекистонда чиқарилган ва тегишли рақамли ҳамёнга уланган халқаро картадан хорижда ҳам фойдаланиш мумкин бўлади. Масалан, саёҳатга чиқишда киши картасини унутиб қўйган тақдирда ҳам, Apple Pay ва Google Pay орқали бемалол ўз карталаридан фойдаланаверади.

Шу билан бирга, Apple Pay ва Google Pay’дан фойдаланиш халқаро операциялар учун белгиланган конвертация курслари ёки банк комиссияларини автоматик бекор қилмайди.

Ўзбекистон бизнеси учун қандай имкониятлар очилади?

Apple Pay ва Google Pay хизматларининг энг катта иқтисодий имкониятларидан бири электрон тижоратдаги тўлов жараёнини соддалаштиришдир.

Ҳозир кўплаб интернет-дўконлар ва мобил хизматларда тўловни амалга ошириш учун банк картаси реквизитларини киритиш ёки бошқа иловага ўтиб, операцияни тасдиқлаш талаб этилади.

Apple Pay ёки Google Pay интеграция қилинган савдо платформасида эса фойдаланувчи олдиндан уланган карта орқали тўловни тезроқ тасдиқлайди.

Бу харидни якунлаш учун талаб қилинадиган ҳаракатлар сонини камайтиради. Айниқса, мобил қурилмадан фойдаланаётган мижозлар учун бундай қулайлик муҳим.

Бу, айниқса, озиқ-овқат етказиб бериш, такси, онлайн савдо, чипта сотиш ва бошқа мобил хизматлар учун муҳим. Чунки бундай хизматларда мижознинг тўлов босқичида хариддан воз кечиши бизнеснинг потенциал даромадини камайтиради.

Банклар учун янги рақобат бошландими?

Apple Pay ва Google Pay’нинг бозорга кириши тижорат банклари ўртасидаги рақобатга ҳам таъсир қилади. 

Ҳозирга қадар банклар мижозларни жалб қилишда мобил илова қулайлиги, пул ўтказмаларининг нархи, кешбек, карталарга хизмат кўрсатиш шартлари ва бошқа имкониятларга таяниб келган.

Эндиликда карталарни халқаро рақамли ҳамёнларга улаш ҳам мижозлар учун банкни танлаш мезонларидан бирига айланмоқда. Бу кураш аллақачон бошланиб кетган.

Масалан, TBC Bank Osmon Mastercard кредит картаси билан Apple Pay орқали қилинган биринчи контактсиз харидга 100 фоиз, кўпи билан 50 минг сўм кешбек таклиф қилмоқда. Акция шартларига кўра, у 30 ноябргача амал қилад

Ундан ташқари, ушбу тизимларнинг ишлаши фойдаланувчилар танловига ҳам таъсир қилиши мумкин. Агар икки банк ўхшаш шартлардаги халқаро карталарни таклиф қилса, улардан бирининг Apple Pay ёки Google Pay билан ишлаши, иккинчисида эса бундай имкониятнинг йўқлиги мижозларнинг биринчи банкни танлашига сабаб бўлиши мумкин.

Кейинги қадам PayPal бўлиши мумкинми?

Apple Pay ва Google Pay’нинг Ўзбекистонга киришига тўсқинлик қилган ҳуқуқий чекловларнинг юмшатилиши бошқа халқаро молиявий хизматлар учун ҳам янги имкониятлар яратди.

Улар орасида энг муҳимларидан бири PayPal ҳисобланади.

Apple Pay ва Google Pay’дан фарқли равишда, PayPal халқаро мижозлардан маблағ қабул қилиш, электрон тўлов ҳисоблари орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва қўллаб-қувватланадиган мамлакатларда маблағларни банк ҳисобига чиқариш имкониятларини ҳам тақдим этади.

Бу айниқса хорижий бозорларга дастурий таъминот, дизайн, рақамли контент ва бошқа хизматларни сотадиган мутахассислар ҳамда кичик компаниялар учун аҳамиятли.

Бироқ PayPal Ўзбекистонда ҳозирча тўлиқ ишламаяпти. Шу сабабли халқаро тўлов хизматларини кенгайтириш йўлидаги кейинги муҳим қадамлардан бири айнан PayPal’ни мамлакат бозорига олиб кириш бўлиши керак. Бу хорижий буюртмачилар билан ишлайдиган эркин ишчилар, IT-компаниялар ва рақамли хизматлар экспортчиларига маблағ қабул қилишнинг қўшимча имкониятларини яратади.


Муаллиф: Диёрбек Қамбаров 

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+