ANORBANK’нинг тўққиз ойлик соф фойдаси икки баравардан кўпроқ камайди
Банкнинг соф фойдаси 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларидаги 235,9 млрд сўмдан 104,5 млрд сўмга тушган. Бу 131,4 млрд сўмлик ёки 55,7 фоизлик пасайиш дегани.

ANORBANK 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларига оид молиявий ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботга кўра, банк тўққиз ойда 104,5 млрд сўм соф фойда олган. Таққослаш учун, 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 235,9 млрд сўмни ташкил этган эди. Шу тариқа, ANORBANK’нинг соф фойдаси бир йил ичида 2,26 баравар ёки 55,7 фоизга камайган.
Чораклар кесимида банк биринчи чоракда 84,1 млрд сўм фойда олган. Иккинчи чорак 4,9 млрд сўмлик зарар билан якунланган бўлса, учинчи чоракда банк 25,3 млрд сўм фойда қайд этган.
Таққослаш учун, 2025 йилнинг учинчи чорагида банкнинг соф фойдаси 133,7 млрд сўм бўлган. Демак, жорий йилнинг июль–сентябрь ойларидаги фойда йиллик ҳисобда 81,1 фоизга қисқарган.
Тўққиз ой давомида ANORBANK’нинг фоизли даромадлари 2,98 трлн сўмни, фоизли харажатлари эса 2,3 трлн сўмни ташкил қилган. Банк ходимларнинг иш ҳақи ва улар билан боғлиқ харажатларга 313,8 млрд сўм сарфлаган. Жами операцион харажатлар 713,3 млрд сўмга етган.
Сентябрь охирида банкнинг жами активлари 20,3 трлн сўмни ташкил этиб, уч ой ичида 8,4 фоизга ошган. Кредит портфели 7,2 фоизга кўпайиб, 12,7 трлн сўмга, банкнинг ўз капитали эса 1,51 трлн сўмга етган.









