Англия ва Уэлсдаги жиноят судлари ишларни кўришда AI воситаларидан фойдаланишни бошлайди
Буюк Британия ҳукумати Англия ва Уэлсдаги оғир жиноят ишларини кўрувчи Crown Court судларида сунъий интеллект воситаларини синовдан ўтказмоқда. Янги технология судга тайёр ишларни аниқлаш, ўхшаш эшитувларни гуруҳлаш ва ишларни тезроқ кўриб чиқишга ёрдам бериши кутилмоқда.

Британия Адлия вазирлиги суд тизимидаги кечикишларни камайтириш мақсадида сунъий интеллект асосидаги янги воситаларни жорий этиш бўйича синовларни бошлайди. Лойиҳа дастлаб Англия ва Уэлсдаги Crown Court судларида қўлланади.
Crown Court — Англия ва Уэлсда оғир жиноят ишларини кўрадиган суд ҳисобланади. Унда қотиллик, талончилик, зўравонлик, йирик фирибгарлик каби жиддий жиноятлар бўйича ишлар кўриб чиқилади.
Янги AI воситалари суд ходимлари ва ҳуқуқшуносларга иш материалларини таҳлил қилиш, ҳуқуқий тадқиқот ўтказиш ҳамда суд жараёнларини режалаштиришда ёрдам беради. Ҳукуматга кўра, технология аввал хавфсиз ва назорат қилинадиган муҳитда синовдан ўтказилади.
Сунъий интеллект, хусусан, қайси ишлар суд мажлисига тайёрлигини аниқлаш ва ўхшаш эшитувларни бирлаштиришда қўлланиши мумкин. Бу суд, прокуратура ва бошқа ресурслардан самаралироқ фойдаланишга хизмат қилиши айтилмоқда.
Шу билан бирга, AI судьянинг ўрнини босмайди. Судьялар сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган материаллар учун шахсан жавобгар бўлади. Шунингдек, махфий маълумотларни очиқ AI чатботларига киритмаслик ва AI берган натижаларни мустақил текшириш талаб этилади.
Британия ҳукумати бу орқали суд жараёнларини тезлаштириш, жабрланувчилар ва иштирокчиларнинг узоқ кутиш муддатини қисқартиришни мақсад қилмоқда.









