“Алоқабанк” Кузатув кенгашига “Ишонч” дўконлар тармоғига алоқадор икки шахс киритилди
“Алоқабанк” Кузатув кенгашига “Ишонч” дўконлар тармоғи билан боғлиқ икки шахс — Қаххаров Фаррух ва Мамадалиев Мухсинжон сайланди.
Уларнинг номзоди банк акцияларининг 13,87 фоизига эгалик қилувчи Акрам Хайдаров томонидан илгари сурилган.
Pinkod ўрганишларига кўра, Хайдаров илгари эгалик қилган кўплаб корхоналардаги улушлар айнан шу икки шахсга ўтказилган.

“Алоқабанк” Кузатув кенгаши таркибига “Ишонч” дўконлар тармоғи билан боғлиқ икки нафар шахс сайланди. Pinkod мазкур шахслар ҳақида аввалроқ суриштирув эълон қилган эди.
Bank корпоратив маълумотларига кўра, 2025 йил 31 июль куни “Алоқабанк” акциядорларининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилиш якунларига кўра, “Ишонч кредит савдо” МЧЖ бош директори Қаххаров Фаррух Рахмонович ҳамда унинг ўринбосари Мамадалиев Мухсинжон Абдурасулович уч йил муддатга банк Кузатув кенгаши аъзоси этиб сайланган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳужжатга кўра, “Алоқабанк”нинг 13,87 фоиз акцияларига эгалик қилувчи А. Хайдаров ушбу икки номзодни Кузатув кенгаши таркибига киритишни сўраган.

Маълумот учун, 2024 йил 11 декабрь куни “Алоқабанк” томонидан қиймати 500 миллиард сўмлик қўшимча акциялар чиқарилган бўлиб, уларни беш нафар жисмоний шахсга биржадан ташқари бозорда тўғридан-тўғри жойлаштирилиши кўзда тутилган эди.
Ушбу инвесторлар орасида банкка Қаххаров ва Мамадалиевни кузатув кенгашига киритишни сўраган Акрам Адхамович Хайдаров ҳам бўлган. Мазкур чиқарувдан сўнг у банк акцияларининг 13,87 фоизига эгалик қила бошлаган.
Orginfo.uz декабрь ойидаги маълумотларига кўра, Акрам Хайдаров илгари 20 дан ортиқ корхонада таъсисчи бўлган. Бироқ унинг ушбу корхоналардаги улушлари уч шахс — Қаххаров Фаррух Рахмонович, Мамадалиев Мухсинжон Абдурасулович ва Тошназаров Маъруфжон Мухтарович номига ўтказилган.
Кўриниб турганидек, ушбу уч нафар шахснинг иккитаси эндиликда “Алоқабанк” Кузатув кенгашига киритилган.
Бундан ташқари, Акрам Хайдаров ва беш нафар инвестор орасида қайд этилган Махмуд Аҳмедов — “Фарғона ишонч савдо” МЧЖнинг биргаликдаги таъсисчилари бўлган. Аммо ҳозирда ушбу корхонадаги улушлар ҳам Қаххаров ва Мамадалиевга ўтган.
Pinkod суриштирувида ушбу инвесторларнинг “Ишонч” дўконлар тармоғига алоқадорлиги тасдиқловчи маълумотлар мавжуд эди. Беш нафар инвесторга тегишли корхоналар ҳамда “Ишонч” дўконлар тармоғининг юридик манзили бир хил — Фарғона вилояти, Учкўприк туманида рўйхатдан ўтган.
Юқорида номи келтирилган Акрам Хайдаров 20 дан ортиқ корхоналардаги улушларини Қаххаров Фаррух Рахмонович, Мамадалиев Мухсинжон Абдурасулович ва Тошназаров Маъруфжон Мухтаровичга ўтказгани қайд этилган.
“Ишонч кредит савдо” МЧЖ (яъни, “Ишонч” дўконлар тармоғи) нинг 47,2 фоизи Фаррух Қаххаров, 28,7 фоизи эса Мухсинжон Мамадалиевга тегишли.