Аҳоли омонатлари бўйича фоиз ставкаси 5,5 йиллик минимумга тушди
Июнь ойида жисмоний шахсларнинг сўмдаги муддатли омонатлари бўйича ўртача ставка 19,2 фоизгача пасайди. Кўрсаткич бир ойда 0,5 фоиз пунктга, бир йил давомида эса 2,2 фоиз пунктга тушган. Бу 2021 йил мартидан бери қайд этилган энг паст даражадир.

Марказий банк маълумотларига кўра, аҳоли омонатларининг ўртача тортилган ставкаси апрель ойида 19,9 фоиз, майда 19,7 фоизни ташкил этган. Июнь ойида эса пасайиш тезлашиб, кўрсаткич 19,2 фоизга тушган.
Таққослаш учун, 2025 йилнинг июнь ойида ушбу ставка 21,4 фоиз эди. Шу тариқа, бир йил ичида аҳоли омонатларининг ўртача даромадлилиги 2,2 фоиз пунктга камайган.
Жорий кўрсаткич 2021 йил мартидан бери энг паст натижа ҳисобланади. Ўша ойда ставка 19,1 фоизни ташкил этган, апрелда эса 19,3 фоизга кўтарилган. Кейинги беш йилдан ортиқ вақт давомида кўрсаткич 19,2 фоиздан пастга тушмаган.
Пасайиш, айниқса, қисқа муддатли омонатларда сезиларли бўлган. Бир йилгача жойлаштирилган аҳоли депозитлари бўйича ўртача ставка майдаги 17,4 фоиздан июнда 16,6 фоизга тушган. Бир йил олдин бу кўрсаткич 20,6 фоиз эди.
Бир йилдан узоқ муддатли омонатларда эса ставка нисбатан юқорилигича қолмоқда. Уларнинг ўртача даромадлилиги бир ойда 19,9 фоиздан 19,6 фоизга камайган. Натижада қисқа ва узоқ муддатли омонатлар ўртасидаги фарқ 3 фоиз пунктга етган.
Айни пайтда юридик шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича ўртача ставка майдаги 15,2 фоиздан 15,3 фоизга кўтарилган. Бироқ бу ҳам 2025 йил июнидаги 17,9 фоизлик кўрсаткичдан 2,6 фоиз пункт паст.
Шунингдек, йиллик инфляция 2025 йил июнидаги 8,7 фоиздан 2026 йил июнида 6,4 фоизгача секинлашган. Натижада номинал омонат ставкаси пасайган бўлса-да, у йиллик инфляциядан 12,8 фоиз пункт юқори бўлиб қолмоқда.
Омонат фоиз ставкалари нега пастламоқда?
Омонатлар бўйича пасайиш банкларнинг маблағ жалб қилиш эҳтиёжи ва депозит бозоридаги шароитлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Хусусан, банклардаги маблағлар ҳажми тез ўсмоқда. Жами депозитлар 2025 йил 1 июндаги 345,6 трлн сўмдан 2026 йилнинг шу санасига 460,6 трлн сўмга етган. Ўсиш 115 трлн сўм ёки 33,3 фоизни ташкил этган.
Шу даврда жисмоний шахсларнинг депозитлари 134,5 трлн сўмдан 178,5 трлн сўмга кўтарилган. Аҳоли маблағларининг 32,7 фоизга кўпайиши банкларнинг янги омонатчиларни жалб қилиш учун юқори фоиз таклиф этишга бўлган эҳтиёжини камайтирган бўлиши мумкин. Бироқ Марказий банк ставкаларнинг пасайиш сабабига оид алоҳида изоҳ бермаган.
Пасайиш 2025 йил II чорагидан бери давом этмоқда
Шу ўринда ставкалар пасайиши хронологиясини эслаб ўтиш мақсадга мувофиқ. 2024 йил октябридан 2025 йил мартигача бўлган олти ой давомида аҳоли депозитлари бўйича ставкалар 22,1 фоиз даражасида сақланиб турган эди.
Ўша даврда Ўзбекистондаги айрим банкларда 27 фоизлик омонатларни таклиф қилиш ҳолатлари кузатилган (жумладан, TBC Bank, Анорбанк ва бошқалар). Бироқ январь ойидан бошлаб банк тизимида 27 фоизлик омонатлар тўлиқ йўқолди. Мазкур ўзгариш дастлаб умумий фоиз ставкаларига сезиларли таъсир кўрсатмаган.
Фоиз ставкаларининг изчил пасайишига асосий туртки 2025 йил март ойининг охирида кузатилди. Ўшанда Ўзбекистон банклари синхрон равишда омонатлар бўйича фоиз ставкаларини 23 фоиздан ошмайдиган даражагача тушира бошлади. Ушбу ўзгаришлар апрель ойидан кучга киргани сабабли, пасайиш ҳам айнан шу даврдан бошлаб статистикада акс этди.
Жамоатчилик орасида ушбу синхрон ўзгаришлар маъмурий топшириқлар билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар мавжуд. Марказий банк мазкур ҳолат юзасидан расмий изоҳ бермаган.









