11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

13 329.150 so‘m

decrease

-108.120

146.750 so‘m

increase

0.790

11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

Якин 11 дақиқа ичида
Иқтисодиёт
39

Аҳоли банкларга харид қилганидан 7,9 млрд доллар кўпроқ валюта сотди

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида жисмоний шахслар банкларга 18,9 млрд доллар сотиб, қарийб 11 млрд доллар харид қилди. Сотув ва харид ўртасидаги фарқ ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 млрд долларга кенгайди. Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаганда, ички бозордаги валюта таклифининг 43 фоизи аҳоли ҳиссасига тўғри келди.

Аҳоли банкларга харид қилганидан 7,9 млрд доллар кўпроқ валюта сотди

Ўзбекистонда аҳолининг банкларга валюта сотиши учинчи йил кетма-кет ошмоқда. Марказий банкнинг тўққиз ойлик ички валюта бозори шарҳига кўра, жисмоний шахслар томонидан сотилган валюта ҳажми 2024 йилнинг январь–сентябридаги 11,8 млрд доллардан 2025 йилда 15,3 млрд долларга, жорий йилда эса 18,9 млрд долларга етган.

Шу даврларда аҳолининг валюта хариди ҳам кўпайиб, мос равишда 6,9 млрд доллар, 8,6 млрд доллар ва қарийб 11 млрд долларни ташкил этди. Бироқ сотув ҳажми хариддан юқорилигича қолмоқда. Натижада улар ўртасидаги фарқ икки йил ичида 4,9 млрд доллардан 7,9 млрд долларга кенгайди.

Жорий йилнинг тўққиз ойида аҳоли валюта хариди йиллик ҳисобда 27,9 фоизга ошган. Сотув ҳажми эса қарийб 24 фоизга кўпайган. Яъни харидлар тезроқ ўсган бўлса-да, сотувнинг каттароқ ҳажми ҳисобига банкларда аҳоли операцияларидан шаклланган қўшимча валюта таклифи ортган.

Айни пайтда мамлакатга халқаро пул ўтказмалари орқали келиб тушаётган маблағлар ҳам ошмоқда. Январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонга 15,2 млрд доллар юборилган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 13,9 млрд долларни ташкил этган эди.

Ўзбекистондан хорижга ўтказилган маблағлар эса деярли ўзгармаган: 1,93 млрд доллардан 1,95 млрд долларга кўтарилган. Натижада халқаро пул ўтказмалари бўйича мамлакатга кирим чиқимдан 13,2 млрд доллар кўпроқ бўлган.

Умуман, тўққиз ойда ички бозорда хорижий валютага талаб 17,9 фоизга ошиб, 50,4 млрд долларни ташкил этди. Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаганда, таклиф 25,3 фоизга кўпайиб, 43,8 млрд долларга етди. Шу тариқа умумий бозорда ҳам валюта таклифи талабга қараганда тезроқ ўсди.

Корхоналарнинг экспорт тушумлари 28,1 фоизга ошиб, 16,6 млрд долларга етган. Шундан 9,5 млрд доллари ёки 57,2 фоизи ички бозорда сотилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 2,4 млрд долларга кўп.

Ушбу даврда доллар курси 11 765–12 320 сўм оралиғида шаклланган. Сентябрь охирида бир доллар 11 821 сўмни ташкил этиб, сўм йил бошига нисбатан 1,5 фоизга мустаҳкамланган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+