12 048.840 so‘m

increase

62.280

13 741.700 so‘m

increase

50.050

152.880 so‘m

increase

0.790

12 048.840 so‘m

increase

62.280

Якин 1 соат ичида
Иқтисодиёт
27

Аҳоли банкларга олганидан 5,5 млрд доллар кўпроқ валюта сотди

2026 йилнинг биринчи ярмида жисмоний шахслар банкларга 12,3 млрд доллар сотиб, 6,8 млрд доллар харид қилди. Натижада аҳоли операциялари бўйича ижобий сальдо бир йил ичида қарийб 48 фоизга ошди. Валюта таклифининг талабга нисбатан тезроқ ўсиши сўм курсининг йил бошидаги даражада қолишига ёрдам берди. 

Аҳоли банкларга олганидан 5,5 млрд доллар кўпроқ валюта сотди
Фото: AI/Pinkod.uz

2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистон ички бозорида хорижий валютага умумий талаб 31,97 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 млрд доллар ёки 20 фоизга кўпроқдир. Бу ҳақда Марказий банкнинг I ярим йиллик учун ички валюта бозори шарҳида келтириб ўтилган.

Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаганда, валюта таклифи 31 фоизга ошиб, 27,77 млрд долларга етди. Шу тариқа таклиф талабга қараганда тезроқ ўсди.

Ички бозордаги валюта таклифининг ўсишида аҳоли операциялари муҳим роль ўйнади. Жисмоний шахслар банкларга 12,27 млрд доллар сотди. Бу бир йил олдинги 9,11 млрд долларга нисбатан 3,16 млрд доллар ёки 34,7 фоизга кўп.

Айни пайтда аҳоли банклардан 6,77 млрд доллар харид қилди. Натижада сотилган валюта харид қилинганидан 5,49 млрд долларга кўп бўлди. Таққослаш учун, 2025 йилнинг биринчи ярмида бу фарқ 3,72 млрд долларни ташкил этган.

Аҳоли валюта таклифининг ошишига халқаро пул ўтказмалари ҳам таъсир кўрсатди. Олти ойда Ўзбекистонга 9,28 млрд доллар келиб тушди. Бу ўтган йилга нисбатан 13 фоизга кўп. Мамлакатдан 1,33 млрд доллар юборилиб, қарийб 8 млрд долларлик ижобий сальдо шаклланди.

Валютага умумий талабнинг асосий қисми корхона ва ташкилотлар ҳиссасига тўғри келди. Юридик шахслар 25,2 млрд доллар харид қилган бўлиб, бу жами талабнинг қарийб 79 фоизини ташкил этади.

Корхоналарнинг экспорт тушумлари 30 фоизга ошиб, 10,1 млрд долларга етди. Шундан 5,6 млрд доллари ёки 55 фоизи ички валюта бозорида сотилди.

Валюта таклифи, экспорт тушумлари ва пул ўтказмаларининг кўпайиши фонида доллар курси ярим йил давомида 11 935–12 320 сўм оралиғида шаклланди. Июнь охирида курс 12 009 сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан деярли ўзгармади.

Бироқ курснинг кунлик икки томонлама тебранувчанлиги 22,7 сўмдан 30,2 сўмгача ёки 33 фоизга ошди. Бу ярим йиллик якуний натижа барқарор қолган бўлса-да, давр ичидаги қисқа муддатли тебранишлар кучайганини англатади.

ХВЖ июнь ойидаги ҳисоботида Ўзбекистон алмашув курси режимини “судралувчи”дан “сузувчи” мақомига ўзгартирди. Марказий банк йил охири ва 2027 йилда маркет-мейкерлик институтини ривожлантириш, банкларнинг курс шаклланишидаги ролини ошириш ҳамда валюта хатарларини хеджирлаш воситалари учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашни режалаштирмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+