2030 йилга бориб глобал давлат қарзи ЯИМнинг 100 фоизидан ошиши мумкин — ХВЖ
Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) ҳисоботига кўра, 2030 йилга келиб глобал давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 100 фоизидан ошиб кетиши кутилмоқда. Мутахассислар бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг юқори даража бўлишини таъкидлаб, қарз юкининг ортиши давлат бюджетлари ва молиявий барқарорлик учун жиддий хавф туғдираётганини қайд этмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) маълум қилишича, бу ўн йиллик охирига бориб глобал давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 100 фоизидан ошиб кетиши кутилмоқда. Бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг юқори даража бўлади, деб хабар бермоқда Bloomberg.
ХВЖ таъкидлашича, қарзларни қайтариш бўйича харажатларнинг ортиши давлат бюджетларига босимни кучайтирмоқда. Шу билан бирга, мудофаа соҳасидаги харажатларнинг ошиши ва аҳолининг қариши каби омиллар ҳам иқтисодий юкни оғирлаштирмоқда.
“Жуда юқори даражадаги дефицит ва қарз билан бошланиб, солиқлардан тушадиган даромадларга нисбатан харажатларнинг доимий ортиб бориши давлат қарзининг янада ўсишига олиб келади. Бу эса иқтисодий барқарорлик ва молиявий тизим учун хавф туғдиради”, — дейилади ХВЖ баёнотида.
Жамғарма ҳисоб-китобларига кўра, агар ҳозирги тенденция сақланиб қолса, 2029 йилга келиб глобал қарз ЯИМнинг 123 фоизига етиши мумкин.
Ҳисоботда қайд этилишича, жаҳон молиявий инқирози ва COVID-19 пандемияси ўртасидаги арзон кредитлар даври якунига етган. Ҳозир эса қарзларни хизмат қилиш харажатлари давлат бюджетлари учун тобора оғир юк бўлиб бормоқда.
“Жаҳон бозорларида фоиз ставкалари кескин ошди, уларнинг келгусидаги ўзгаришлари эса ниҳоятда ноаниқ”, — дейилади ҳисоботда.
ХВЖ шунингдек, давлат харажатларининг катта қисми иш ҳақи тўловларига йўналтирилишини қайд этди: бу улуш ривожланган мамлакатларда ўртача 25 фоизни, ривожланаётган давлатларда эса 28 фоизни ташкил этади.
Ўзбекистон қарзи
Сўнгги бир йилда Ўзбекистон давлат қарзи ҳам сезиларли даражада ошди. Иккинчи чорак якунларига кўра давлат қарзи 43,38 млрдга етди.
Йил бошидан буён далат қарзи ҳажми $3,16 млрдга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса $6,13 млрдга кўпайган.