2026 йилнинг тўққиз ойида давлат ОТМлари қанча даромад олди?
Жами даромад бўйича Тошкент давлат иқтисодиёт университети 572,1 млрд сўм билан биринчи ўринни эгаллади.
Даромади харажатидан кўп бўлган ОТМлар орасида Андижон давлат университети 44,8 млрд сўмлик фарқ билан етакчилик қилди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида эса харажатлар даромаддан 100,9 млрд сўмга ошди. Бу давлат ОТМлари орасидаги энг катта манфий тафовут бўлди.

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида маълумотлари эълон қилинган 51 та давлат олий таълим муассасасининг жами даромади 7,37 трлн сўмни ташкил этгани маълум бўлди. Ҳисобот матни Pinkod’да мавжуд.
Даромаднинг асосий қисми тўлов-шартнома тушумлари ҳисобига шаклланган. Уларнинг ҳажми 4,09 трлн сўм бўлиб, жами даромаднинг 55,5 фоизига тўғри келган.
Давлат бюджети бўйича молиялаштириш режаси 2,88 трлн сўмни ташкил этган. Бу жами даромаднинг 39,1 фоизига тенг.
Ривожлантириш жамғармалари орқали эса 400,5 млрд сўм тушум қайд этилган. Ушбу маблағларнинг жами даромаддаги улуши 5,4 фоизни ташкил этган.
Шу даврда давлат ОТМларининг жами харажатлари 7,83 трлн сўмга етган. Бу даромаддан 454,3 млрд сўм ёки 6,2 фоизга кўп.
Харажатларнинг 4,94 трлн сўми тўлов-шартнома маблағлари, 2,57 трлн сўми давлат бюджети, 318,7 млрд сўми эса ривожлантириш жамғармалари ҳисобига тўғри келган.
Энг кўп даромад олган ТОП-10 ОТМ

Тошкент давлат иқтисодиёт университети 572,1 млрд сўм даромад билан биринчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон Миллий университети 544,3 млрд сўм билан иккинчи, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 361,6 млрд сўм билан учинчи ўринда қайд этилди.
Кейинги ўринларни Фарғона давлат университети (343,7 млрд сўм), Бухоро давлат университети (330,3 млрд сўм) ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети (304,8 млрд сўм) эгаллади.
Шунингдек, Урганч давлат университети 277,1 млрд сўм, Самарқанд давлат университети 269,2 млрд сўм, Тошкент давлат техника университети 227,5 млрд сўм ҳамда Наманган давлат университети 216,3 млрд сўм даромад олган.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети биринчи ўринни сақлаб қолган бўлса-да, унинг даромади ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 307,5 млрд сўмга ёки 35 фоизга камайган.
Ўзбекистон Миллий университетининг даромади эса 72,2 млрд сўмга ёки 15,3 фоизга ошган. Натижада икки университет ўртасидаги фарқ 407,5 млрд сўмдан 27,8 млрд сўмга қисқарган.
Даромади харажатларидан кўп бўлган ОТМлар

Андижон давлат университетида даромад харажатдан 44,8 млрд сўмга юқори бўлган. Университетнинг жами даромади 214,1 млрд сўмни, харажатлари эса 169,3 млрд сўмни ташкил этган.
Кейинги ўринларни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда Наманган давлат техника университети эгаллади. Уларда даромад харажатдан мос равишда 13,5 млрд сўм ва 11,5 млрд сўмга юқори бўлган.
Нукус давлат техника университетида ижобий фарқ 11,3 млрд сўмни, Самарқанд давлат университетида 8,3 млрд сўмни ташкил этган.
Шунингдек, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида даромад харажатдан 7,7 млрд сўмга, Тошкент давлат шарқшунослик университетида 6,8 млрд сўмга юқори бўлган.
Андижон давлат университетида даромад ва харажат ўртасидаги фарқ ўтган йилнинг мос даврида 17,9 млрд сўм эди. Бу йил университет даромади 54,3 млрд сўмга ошган. Ўсишнинг 31,2 млрд сўми ривожлантириш жамғармаси тушуми ҳиссасига тўғри келган.
Харажатлари даромадидан кўп бўлган ОТМлар

Маълумотлари эълон қилинган 51 та ОТМдан 29 тасида харажатлар даромаддан юқори бўлган.
Энг катта манфий фарқ Тошкент давлат иқтисодиёт университетида қайд этилган. Университетнинг даромади 572,1 млрд сўмни, харажатлари эса 673 млрд сўмни ташкил этган. Харажатлар даромаддан 100,9 млрд сўмга ошган.
Термиз давлат университетида харажатлар даромаддан 69,8 млрд сўмга, Урганч давлат университетида 61,2 млрд сўмга кўп бўлган.
Кейинги ўринларда Қарши давлат университети (56,2 млрд сўм), Қорақалпоқ давлат университети (38,2 млрд сўм), Фарғона давлат университети (35,6 млрд сўм) ва Гулистон давлат университети (35,5 млрд сўм) жойлашган.
Қарши давлат техника университетида манфий фарқ 33,5 млрд сўмни, Самарқанд давлат чет тиллар институтида 32,9 млрд сўмни, Бухоро давлат университетида эса 31,7 млрд сўмни ташкил этган.
Ўтган йилнинг мос даврида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг даромади харажатларидан 151,4 млрд сўмга юқори эди. Бу йил университет харажатлари ҳам 55,1 млрд сўмга камайган, аммо даромад бундан тезроқ қисқарган.
Контракт тушумлари бўйича қайси ОТМ етакчи?

Тошкент давлат иқтисодиёт университети тўлов-шартнома тушумлари бўйича ҳам биринчи ўринни эгаллади. Университет тўққиз ойда контрактдан 414,4 млрд сўм олган.
Ўзбекистон Миллий университетида контракт тушуми 280,3 млрд сўмни ташкил этган. Кейинги ўринларда Фарғона давлат университети (214,2 млрд сўм), Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (186,8 млрд сўм) ва Урганч давлат университети (173,9 млрд сўм) жойлашган.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг контракт тушуми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 244 млрд сўмга ёки 37,1 фоизга камайган. Қорақалпоқ давлат университетида ҳам ушбу тушум 103,8 млрд сўмга ёки 39,9 фоизга қисқарган.
Ўзбекистон Миллий университетида эса контракт тушуми 34 млрд сўмга ёки 13,8 фоизга ошган.
Таққослаш мумкин бўлган 32 та ОТМда контракт тушумлари бир йилда 405 млрд сўмга ёки 13,8 фоизга камайган. Ушбу пасайишнинг қарийб 86 фоизи Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Қорақалпоқ давлат университети ҳиссасига тўғри келган.
Бюджет маблағларига энг кўп боғлиқ ОТМлар
“ToshTech” техника университетининг 39 млрд сўмлик даромади тўлиқ давлат бюджети бўйича молиялаштириш режаси ҳисобига шаклланган.
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бюджет маблағларининг жами даромаддаги улуши 57,2 фоизни ташкил этган. Наманган давлат техника университетида бу кўрсаткич 52,7 фоиз, Андижон давлат чет тиллари институтида 52,4 фоизга тенг бўлган.
Бюджет маблағлари суммаси бўйича Ўзбекистон Миллий университети биринчи ўринда. Университетнинг бюджет бўйича молиялаштириш режаси 233,8 млрд сўмни ташкил этган.
Кейинги ўринларда Бухоро давлат университети (164,8 млрд сўм), Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (161,4 млрд сўм), Қорақалпоқ давлат университети (143,5 млрд сўм) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети (129,9 млрд сўм) жойлашган.
Контракт маблағлари қолдиғи 848 млрд сўмга камайди
Тўққиз ойда контракт маблағлари ҳисобидан қилинган харажатлар шу даврдаги контракт тушумларидан 848 млрд сўмга ошган.
Натижада контракт маблағлари қолдиғи йил бошидаги 2,73 трлн сўмдан 1 октябрь ҳолатига 1,89 трлн сўмга тушган. Бу 31 фоизлик пасайишни англатади.
Энг катта қисқариш Тошкент давлат иқтисодиёт университетида кузатилган. Унинг контракт маблағлари қолдиғи 196,8 млрд сўмдан 87 млрд сўмга тушган. Камайиш 109,8 млрд сўм ёки 55,8 фоизни ташкил этган.
Урганч давлат университетида қолдиқ 87,3 млрд сўмга, Термиз давлат университетида 75,7 млрд сўмга, Қарши давлат университетида 70,2 млрд сўмга камайган.
Андижон давлат университетида эса контракт маблағлари қолдиғи 5,8 млрд сўмга ошиб, 40,4 млрд сўмга етган.
Изоҳ: ҳисоботда харажатлар амалда сарфланган маблағлар — касса харажатлари асосида кўрсатилган.









