2026 йилдан стейблкоинлар учун махсус режим жорий этилади
Президент қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда 2026 йилгача очиқ банкинг тизими жорий этилади, стейблкоинлар муомаласи тартибга олинади ва токенлаштирилган қимматли қоғозлар эмиссиясига рухсат берилади.

27 ноябрь куни “Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 сентябргача мамлакатда “очиқ банкинг” тизими жорий этилади. Ушбу тизим банклар, тўлов ташкилотлари ва молиявий технологиялар бозорининг бошқа иштирокчилари ўртасида хавфсиз ва шаффоф маълумот алмашинувини таъминлашга қаратилган.
Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб тўлов воситаси сифатида барқарор токенлар (стейблкоинлар) айланмасини тартибга солиш бўйича махсус ҳуқуқий режим жорий этилади.
Бундан ташқари, маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси асосида ишловчи тўлов тизимларини яратиш бўйича пилот лойиҳалар амалга оширилади.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Марказий банк билан ҳамкорликда “тартибга солиш қумдони” (регулаторй sandbox) режимини жорий этиш тартиби ва унинг амал қилиш муддатини белгилайди.
2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахсларга токенлаштирилган акциялар ва облигацияларни эмиссия қилишга рухсат берилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритиш учун лицензия олган фонд биржаларида токенлаштирилган акциялар ва облигацияларни жойлаштириш ҳамда уларнинг муомаласини таъминлаш мақсадида алоҳида савдо майдончаси ташкил этилади.
Марказий банк раиси Тимур Ишметов 11-сентабр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон Марказий банки рақамли сўм ҳамда тижорат банклари томонидан чиқарилиши мумкин бўлган стейблкоинларни муомалага киритиш масаласини ўрганаётганини маълум қилган эди.
Унинг сўзларига кўра, Марказий банк рақамли валюталарни икки йўналишда ўрганмоқда:
- Марказий банкнинг рақамли валютаси — CBDC (Central Bank Digital Currency);
- Тижорат банклари томонидан чиқариладиган стейблкоинлар, яъни нархи барқарор криптовалюталар.
“Ҳозирда биз ҳар иккала вариантни ҳам кўриб чиқяпмиз. Яқинда Президентга стейблкоинлардан фойдаланиш бўйича пилот лойиҳа бошлаш таклифини бердик. Биз барча эҳтимолий вариантларни ўрганмоқчимиз”, — деган Ишметов.









