12 009.290 so‘m

decrease

-4.230

13 699.000 so‘m

increase

49.240

154.740 so‘m

decrease

-5.210

12 009.290 so‘m

decrease

-4.230

3 соат аввал
Банк
103

2026 йил бошидан бери банклардаги муаммоли кредитлар 5,5 трлн сўмга ошди

Ўзбекистон банкларидаги муаммоли кредитлар ҳажми 1 июнь ҳолатига 23,6 трлн сўмга етди. Бу йил бошига нисбатан 5,5 трлн сўм ёки 30,8 фоизга кўп. Энг катта ўсиш “Микрокредитбанк”, “Халқ банки” ва “Ўзмиллийбанк” ҳиссасига тўғри келган.

2026 йил бошидан бери банклардаги муаммоли кредитлар 5,5 трлн сўмга ошди
Фото: AI/Pinkod.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил бошида тижорат банкларининг муаммоли кредитлари 18,1 трлн сўмни ташкил этган эди. Дастлабки беш ойда кўрсаткич 23,6 трлн сўмга чиқди.

Шу даврда банкларнинг жами кредит портфели 604 трлн сўмдан 636 трлн сўмга ёки 5,3 фоизга ошган. Муаммоли кредитлар эса қарийб олти баравар тезроқ — 30,8 фоизга кўпайган. Натижада NPLнинг жами кредитлардаги улуши 3 фоиздан 3,7 фоизга етди.

NPL ойлар кесимида қандай ўзгарди?

Йилнинг дастлабки икки ойида муаммоли кредитлар кетма-кет ошган. Март ойида қисқа муддатли пасайиш кузатилган бўлса, апрель ва май ойларида ўсиш яна тезлашган.

Ҳолат санасиМуаммоли кредитларБир ойлик ўзгариш
1 январь18,06 трлн сўм
1 февраль19,36 трлн сўм+1,31 трлн
1 март20,26 трлн сўм+897 млрд
1 апрель19,86 трлн сўм−397 млрд
1 май21,92 трлн сўм+2,06 трлн
1 июнь23,61 трлн сўм+1,69 трлн

Энг катта ойлик ўсиш апрель давомида қайд этилган — муаммоли кредитлар бир ойда 2,06 трлн сўмга кўпайган. Май ойида эса ўсиш 1,69 трлн сўмни ташкил этган.

Йил бошидан энг катта ўсиш қайси банкларда?

Муаммоли кредитлар энг кўп Микрокредитбанкда ошган. Банкнинг NPL ҳажми йил бошидаги 894 млрд сўмдан 1,78 трлн сўмга етган. Ўсиш 887 млрд сўм ёки қарийб 99 фоизни ташкил этган.

Кейинги ўринларда “Халқ банки” ва “Ўзмиллийбанк” турибди.

БанкЙил бошидан ўзгариш
“Микрокредитбанк”+887 млрд сўм
“Халқ банки”+724 млрд сўм
“Ўзмиллийбанк”+551 млрд сўм
“Ўзсаноатқурилишбанк”+495 млрд сўм
“Агробанк”+454 млрд сўм
“Асакабанк”+447 млрд сўм
Anorbank+417 млрд сўм
TBC Bank+294 млрд сўм
Капиталбанк+282 млрд сўм
Алоқабанк+259 млрд сўм

Айрим нисбатан кичик банкларда ўсиш суръати юқори бўлган. Жумладан, Orient Finans bank’даги муаммоли кредитлар 21 млрд сўмдан 224 млрд сўмга ошган. “Гарант банк”да эса кўрсаткич 72 млрд сўмдан 220 млрд сўмга етган.

Қайси банкларда камайди?

Йил бошидан бери муаммоли кредитлар энг кўп “Ипотека-банк”да камайган. Банкдаги NPL ҳажми 1,26 трлн сўмдан 1,04 трлн сўмга тушган. Камайиш қарийб 218 млрд сўмни ташкил этган.

Шунингдек, “Пойтахт банк”да муаммоли кредитлар 32 млрд сўмга, “Бизнесни ривожлантириш банки”да 26 млрд сўмга ва “Давр банк”да 3 млрд сўмга қисқарган.

KDB Банк Ўзбекистон, Октобанк ва Uzum bank’да муаммоли кредитлар қайд этилмаган.

Охирги ойда ўсиш асосан икки банк ҳиссасига тўғри келди

Май ойининг ўзида банк тизимидаги муаммоли кредитлар 1,69 трлн сўмга ошган. Ушбу ўсишнинг 1,48 трлн сўми ёки қарийб 88 фоизи Микрокредитбанк ва Халқ банки ҳиссасига тўғри келган.

Микрокредитбанкдаги муаммоли кредитлар бир ойда 822 млрд сўмга, Халқ банкида эса 658 млрд сўмга ошган.

БанкМай ойидаги ўзгариш
“Микрокредитбанк”+822 mlrd so‘m
“Халқ банки”+658 mlrd so‘m
Асакабанк+261 mlrd so‘m
Anorbank+236 mlrd so‘m
TBC Bank+149 mlrd so‘m
Garant bank+66 mlrd so‘m

Шу даврда муаммоли кредитлар энг кўп Madad Invest Bank’да камайган — 270 млрд сўм. Kapitalbank’да NPL 189 млрд сўмга, Ўзсаноатқурилишбанкда 130 млрд сўмга, Ўзмиллийбанкда 34 млрд сўмга ва Ipoteka-bank’да 28 млрд сўмга қисқарган.

Муаммоли кредитларнинг 71 фоизи давлат банкларида

1 июнь ҳолатига давлат улуши мавжуд банкларнинг муаммоли кредитлари 16,7 трлн сўмни ташкил этган. Бу банк тизимидаги жами NPL’нинг 70,7 фоизига тенг.

Давлат банкларининг жами кредит портфелидаги улуши эса 66,1 фоизни ташкил этади. Яъни давлат банклари кредит бозорининг учдан икки қисмини эгаллагани ҳолда, муаммоли кредитларнинг ўндан етти қисми уларнинг балансига тўғри келмоқда.

Йил бошидан давлат банкларидаги муаммоли кредитлар 3,86 трлн сўмга ошган. Хусусий ва хорижий банкларда эса ўсиш 1,69 трлн сўмни ташкил этган.

Фақат май ойининг ўзида давлат банкларидаги NPL 1,6 трлн сўмга кўпайган. Бу бутун банк тизимидаги ойлик ўсишнинг қарийб 95 фоизидир.

Энг катта муаммоли кредит портфели қайси банкларда?

Мутлақ миқдор бўйича энг катта муаммоли кредитлар Ўзмиллийбанк ва Агробанкда жамланган.

БанкNPL ҳажми
“Ўзмиллийбанк”3,54 трлн сўм
“Агробанк”3,15 трлн сўм
“Ўзсаноатқурилишбанк”2,14 трлн сўм
“Асакабанк”1,95 трлн сўм
“Микрокредитбанк”1,78 трлн сўм
“Халқ банки”1,76 трлн сўм
Kapitalbank1,30 трлн сўм
“Бизнесни ривожлантириш банки”1,08 трлн сўм
“Ипотека-банк”1,04 трлн сўм

Бироқ кредит портфелига нисбатан ҳисоблаганда энг юқори NPL даражаси Garant bank’да — 13,9 фоиз. TBC Bank’да бу кўрсаткич 10,4 фоиз, Пойтахт банкда 9,9 фоиз, Микрокредитбанкда 7,9 фоиз ва Anorbank’да 7,7 фоизни ташкил этган.

Аввалги йилларда қандай эди?

Муаммоли кредитларнинг ҳозирги ҳажми ўтган йилнинг мос даврига деярли тенг. 2025 йил 1 июнда банклардаги NPL 23,52 трлн сўмни ташкил этган эди. Бир йил ичида номинал ўсиш атиги 89 млрд сўм ёки 0,4 фоиз бўлган.

Бироқ шу даврда кредит портфели 12 фоизга кенгайгани сабабли, муаммоли кредитлар улуши 4,1 фоиздан 3,7 фоизга тушган.

СанаNPL ҳажмиКредитлардаги улуши
2023 йил 1 июнь14,64 трлн сўм3,5%
2024 йил 1 июнь20,94 трлн сўм4,3%
2025 йил 1 июнь23,52 трлн сўм4,1%
2026 йил 1 июнь23,61 трлн сўм3,7%

Асосий фарқ йил бошидан кузатилган ўсиш суръатида кўринади. 2025 йилнинг дастлабки беш ойида муаммоли кредитлар 2,34 трлн сўмга ошган бўлса, 2026 йилнинг шу даврида ўсиш 5,55 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан қарийб 2,4 баравар кўп.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+