2025 йилда ўзбекистонликлар энг кўп қайси давлатларга саёҳат қилди?
2025 йил давомида 7,6 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда чет элга чиққан.
Бу 2024 йилга нисбатан 1,42 миллион нафарга кўп бўлиб, умумий ўсиш суръати 22,2 фоизни ташкил этди.
Энг асосий йўналишлар ҳануз қўшни давлатлар бўлиб қолаётган бўлса-да, 2025 йилда Хитой ва Ветнам ўзбекистонликлар энг кўп ташриф буюрган ТОП-10 давлатлар қаторига кирди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил давомида 7,6 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда чет элга чиққан.
Таққослаш учун, 2024 йилда бу кўрсаткич 6,18 миллион нафарни ташкил этган. Натижада, бир йил ичида чет элга саёҳат қилганлар сони қарийб 1,4 миллион нафарга ошиб, ўсиш суръати 22,2 фоизни ташкил этди.
Энг кўп ташриф буюрилган давлат Қирғизистон бўлиб, бир йил давомида бу мамлакатга 3,3 миллион нафар ўзбекистонлик саёҳат қилган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 400 минг нафарга кўп.
Қозоғистон 2024 йилда учинчи ўринда бўлган бўлса, 2025 йилда 1,3 миллион нафар саёҳатчи билан иккинчи ўринга кўтарилди. Бир йил ичида бу давлатга сафар қилганлар сони 343,5 минг нафарга ошган.
Кучли учликни яна бир қўшни давлат — Тожикистон якунлаб берди. 2025 йилда ушбу мамлакатга 1,3 миллион нафар ўзбекистонлик ташриф буюрган.
Россияга туристик мақсадда борганлар сони 433,3 минг нафарни ташкил этди.
Шунингдек, Саудия Арабистонига 366,2 минг нафар ўзбекистонлик сафар қилган. Бу кўрсаткич асосан диний ибодат йўналишларига талаб ошгани билан изоҳланади. Хусусан, Саудияга борганлар сони бир йил ичида 162,9 минг нафарга кўпайган.
Бошқа машҳур йўналишлар қуйидагилар:
- Туркия — 268,9 минг нафар;
- БАА — 139,4 минг нафар;
- Миср — 65,4 минг нафар;
- Хитой — 52,6 минг нафар;
- Ветнам — 39,1 минг нафар.
Эътиборлиси шундаки, 2024 йилда энг кўп ташриф буюрилган давлатлар ўнталигидан жой олган Қувайт ва Жанубий Корея 2025 йилда рўйхатдан чиқиб, уларнинг ўрнини Хитой ва Ветнам эгаллаган.









