2025 йилда Ўзбекистон автомобиль бозори қандай ўзгарди?
2025 йилда Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан 427 мингта автомобиль сотилди, электромобиллар савдоси эса йил давомида 35 фоизга ошди. Шу билан бирга, UzAuto Motors’нинг бозор улуши 4,7 фоизга қисқарди. UzAuto моделларидан кейин энг кўп сотилган автомобиль Kia Sonet бўлиб, унинг савдоси 19,6 минг донани ташкил этди.

2025 йил давомида Ўзбекистонда маҳаллий ва импорт қилинган янги енгил автомобиллар савдоси барқарор ўсишни намоён этди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, йил якунида янги автомобиллар савдоси ҳажми 5,2 фоизга ошди.
Ҳудудлар бўйича фаоллик
Ҳудудий кесимда энг юқори савдо ўсиши Сирдарё вилоятида (45%), Тошкент вилоятида (36%), Наманган (26%) ва Қашқадарё вилоятларида (21%) қайд этилди.
Шу билан бирга, йил давомида янги енгил автомобиллар реализацияси Тошкент шаҳри, Навоий ва Хоразм вилоятларида пасайгани кузатилди. Бу ҳудудларда талабнинг сусайиши бозор таркибидаги ҳудудий номутаносибликни кўрсатмоқда.
Маҳаллий ва импорт автомобиллар
2025 йилда маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси 315 минг донадан ошди. Импорт қилинган автомобиллар реализацияси эса 53,3 минг дона атрофида шаклланди. Бозорнинг асосий қисми ҳануз ички ишлаб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Электромобиллар савдоси асосий драйвер бўлиб турибди
Йил давомида янги электромобиллар савдоси 35 фоизга ошиб, 40,7 минг донага етди. Бу кўрсаткич автомобиль бозоридаги умумий ўсишни таъминлаган асосий драйверлардан бири бўлди.
Ҳудудий таҳлил шуни кўрсатадики, электромобиллар савдоси юқори даражада марказлашган. Ушбу сегментдаги савдонинг 71 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келиб, пойтахтда 29 мингта янги электромобиль сотилган.
Кейинги ўринларда Самарқанд вилояти, Тошкент вилояти ва Қашқадарё вилояти қайд этилди.
Қайси автомобиль маркаси энг кўп сотилди?
2025 йилда Ўзбекистонда маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчилар томонидан 427 минг 97 та автомобиль сотилди. Бу эса 2024 йилга нисбатан 6,1 фоизга кўпроқдир.
Савдо ҳажми бўйича UzAuto Motors бозор етакчиси бўлиб қолмоқда — компания 83,2 фоизлик бозор улушига эга. Корхона йил давомида 355,3 мингта автомобиль сотди. Бироқ мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 4,7 фоизга қисқарди.
Шу билан бирга, бозорда рақобат кучаймоқда. Kia, Chery, Haval ва Hyundai автомобилларини ишлаб чиқарувчи ADM Jizzakh компаниясининг бозор улуши 10,8 фоизгача, BYD ишлаб чиқарувчисининг улуши эса 5,6 фоизгача ошди. Таъкидлаш жоизки, BYD Uzbekistan таъсисчиларидан бири ҳам “UzAutoSanoat” АЖ ҳисобланади.
Энг кўп сотилган автомобиль моделлари
2025 йилда энг кўп сотилган автомобиль модели Cobalt бўлиб, унинг савдоси 128,5 минг донани ташкил этди. Кейинги ўринларда:
- Damas — 108,8 минг дона
- Tracker — 45,4 минг дона
- Лабо — 37,4 минг дона
- Оних — 33 минг дона
Бошқа автомобиллар орасида ҳам фаоллик ошди. Энг кўп сотилган кейинги модель Kia Sonet бўлиб, 19,6 минг дона билан етакчилик қилди.
Шунингдек, BYD’нинг учта модели савдода юқори натижа кўрсатди:
- Song Plus — 7,3 минг дона
- Yuan Up — 6,2 минг дона
- Chazor Champion — 5,1 минг дона
Haval М6 модели эса 4,8 минг дона билан энг кўп сотилган автомобиллар қаторига кирди.









