2025 йилда ипотека ажратиш ҳажми 28 фоизга ўсди
Марказий банк маълумотларига кўра, январь-сентябрь ойларида 15,06 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 28,56 фоизга кўп. Бозорда давлат иштирокининг улуши 57,4 фоиздан 49,3 фоизгача камайган бўлса, тижорат банкларининг улуши 40,7 фоизгача кўтарилди.

2025йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда ипотека бозори сезиларли фаолликни намоён этди. Марказий банк маълумотларига кўра, бу даврда мамлакат бўйлаб 15,06 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилган бўлиб, бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 28,56 фоизга юқори.
Ипотека кредитлари қолдиғи 76 трлн сўмни ташкил этиб, йил бошидан буён 8,3 трлн сўмга ошган.
Кредит олувчилар сони 17,8 фоизга ўсди — 2024 йилдаги 42,7 минг нафaрдан 50,1 минг нафaргача. Ўртача кредит ҳажми 9,8 фоизга ортиб, 300 миллион сўмдан ошган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан 7,43 трлн сўмлик ипотека кредитлари молиялаштирилди. Бу ўтган йилга нисбатан 10,5 фоизга кўп. Шу билан бирга, вазирликнинг ипотека бозоридаги улуши 57,4 фоиздан 49,3 фоизгача камайган.
Ипотека қайта молиялаштириш компанияси томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 20,5 фоизга ўсиб, 1,5 трлн сўмдан ошган.
Энг катта ўсиш тижорат банклари ҳисобига кузатилди. Тўққиз ой давомида улар томонидан ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 63,5 фоизга ошиб, 6,12 трлн сўмга етган.

Натижада, банкларнинг умумий ипотека бозоридаги улуши бир йил ичида 32 фоиздан 40,7 фоизгача кўтарилди.
Ҳудудлар бўйича тақсимот
- Тошкент шаҳри — 4,81 трлн сўм (+36,18%), жами ипотека кредитларининг қарийб учдан бир қисми пойтахт ҳиссасига тўғри келди.
- Фарғона вилояти — 1,14 трлн сўм (+12,8%)
- Андижон вилояти — 1,13 трлн сўм (+36,25%)
- Самарқанд вилояти — 1,05 трлн сўм (+3,44%)
- Сурхондарё вилояти — 929 млрд сўм (+62,98%)
Кўплаб бошқа ҳудудларда ипотека ҳажми 800 млрд сўмдан ошмаган.
Бирламчи бозордаги кредитлар улуши жами ҳажмнинг 74 фоизини ташкил этди — бу ўтган йилга нисбатан 9 фоизга кўп.
Ипотека олувчиларнинг 29,8 минг нафари эркаклар бўлиб, бу жами соннинг 60 фоизини ташкил этади.
Кредитларнинг 66 фоизи 31–50 ёш оралиғидаги фуқароларга, 25 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшларга, 9 фоизи эса 50 ёшдан ошганларга тўғри келган.