12 998.910 so‘m

increase

13.900

13 439.570 so‘m

increase

154.610

131.290 so‘m

increase

1.450

12 998.910 so‘m

increase

13.900

1 кун аввал
Иқтисодиёт

2024 йилда Ўзбекистонга қарийб $40 миллион ёрдам кўрсатган АҚШнинг USAID дастури бутунлай тугатилади

Бу ўзгариш Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига қандай таъсир кўрсатади?

2024 йилда Ўзбекистонга қарийб $40 миллион ёрдам кўрсатган АҚШнинг USAID дастури бутунлай тугатилади
Фото: AI / Pinkod.uz

АҚШда Доналд Трамп президент этиб сайлангач ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбарига айланган Илон Маск USAID ташкилотининг қайта тикланмайдиган тарзда ёпилиши ҳақида эълон қилди. Маскнинг айтишича, Трамп ҳам ташкилотни бекор қилиш вақти етганини таъкидламоқда. Бутун дунё савдо урушлари билан чалғиб турган пайтда, дастурнинг веб-сайти шунчаки ишламай қолди.

АҚШ давлатларга глобал ёрдам бериш бўйича энг катта донор ҳисобланади. 2023 йилда мамлакат чет давлатларга $68 миллиард пул ажратган. 2024 йилда бу миқдор $39 миллиардни ташкил қилган. Трамп президент этиб сайланганига бир ҳафта бўлмасидан эса бу ёрдамларнинг барчаси узиб қўйилди.

USAID 1961 йилдан бери фаолият юритаётган АҚШнинг халқаро тараққиёт дастури бўлиб, у ижтимоий, иқтисодий ва инсон ҳуқуқлари соҳаларида давлатларга ҳар йили миллиардлаб доллар миқдорида ёрдам кўрсатиб келади.

2023 йилда USAID федерал бюджетнинг 1% дан кам қисмини ташкил этган ҳолда, 40 миллиард доллардан ортиқ маблағни 130 та мамлакатга йўналтирди. Энг кўп ёрдам олувчилар қаторида Украина ($16 млрд), Эфиопия ($1,4 млрд), Иордания ($1,2 млрд), Конго Демократик Республикаси ($943 млн) ва Сомали ($972 млн) бор. 2024 йилда бу миқдор бироз камайиб, $35,5 млрддан  кўпроқни ташкил қилди. Шунингдек, USAID’да 10 000 дан ортиқ ходим фаолият юритиб, уларнинг учдан икки қисми АҚШдан ташқарида иш олиб боради.

Бу Ўзбекистон ва Марказий Осиёга қандай таъсир кўрсатади?

USAID дастурининг тугатилиши Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига нафақат иқтисодий, балки ижтимоий, сиёсий ва стратегик жиҳатдан ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. АҚШнинг ёрдамини бекор қилиши натижасида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий ривожланиш лойиҳалари бирданига молиявий қўллаб-қувватлашсиз қолиши мумкин. Айниқса, қашшоқлик ва ижтимоий тенгсизлик билан курашаётган ҳудудлар учун бундай ўзгаришлар салбий оқибатларга олиб келиши эҳтимоли мавжуд.

USAID фаол равишда Ўзбекистондаги бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб келади. Мисол учун, дастур томонидан Орол бўйи минтақасини тиклаш ва чўллашувини олдини олиш учун қарийб $1,6 миллион маблағ ажратган.

2024 йил ҳисобида USAID Ўзбекистонга жами 39 082 588 доллар миқдорида ёрдам кўрсатган бўлиб, соҳа бўйича ажратилган маблағлар қуйидагича тақсимланган:

  • Соғлиқни сақлаш – $11 миллион

  • Ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастури – $8,7 миллион

  • Иқтисодий ривожланиш – $6,5 миллион

  • Таълим ва ижтимоий хизматлар – $5,1 миллион 

  • Бошқа ёрдамлар

Марказий Осиё минтақасида 2024 йилда USAID томонидан ажратилган умумий маблағ $158,8 миллион ташкил этади. Энг кўп маблағ Тожикистонга ажратилган бўлиб, бу миқдор $58 миллиондан ошган, кейинги ўринда Қирғизистон – $44,5 миллион, Ўзбекистон – рўйхатда учинчи ўринда бўлса, Қозоғистон $14 миллиондан кўпроқ ёрдам олган. Туркманистонга эса $2,8 миллион маблағ ажратилган.

Қандай кутилмалар мавжуд?

USAID дастурининг ёпилиши АҚШнинг Марказий Осиёдаги таъсирининг камайишига сабаб бўлиши мумкин. Bloomberg таҳлилича, бу ўзгариш Хитой ва бошқа давлатларга глобал миқёсда таъсирни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади. Хитой 2018 йилда халқаро ёрдам учун янги ташкилот тузган бўлиб, Африка ва Осиё давлатларига инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун кредитлар ажратмоқда. АҚШ глобал ёрдамни қисқартириши ортидан Хитойнинг бундай дастурларни кенгайтириши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Россия ва Европа Иттифоқи ҳам сўнгги йилларда Марказий Осиё минтақасида таъсирини кучайтиришга интилмоқда. АҚШнинг ёрдам дастурлари тўхтатилиши ушбу геосиёсий ўзгаришларни тезлаштиришини кутиш мумкин.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+