11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

13 329.150 so‘m

decrease

-108.120

146.750 so‘m

increase

0.790

11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

Якин 2 соат ичида
Иқтисодиёт
73

20 млн долларлик камомад даъвоси, 128 минг долларлик Mercedes ва миллионлаб долларлик қарзлар. IMAN Invest’да нималар бўляпти?

IFCB кенгаши IMAN Invest да инвесторлар маблағлари нотўғри сарфланганини билдириб, компания билан ҳамкорликни тўхтатди. 

Компания асосчиси Рустам Раҳматов айбловларни рад этгач, кенгаш аъзоси Маҳмуд Усмон ўз эътирозларига асос бўлган ички текширув ҳужжатларини эълон қилди. 

Уларда инвесторлар ҳисобидан автомобиль харид қилингани, бошқарув харажатлари қоплангани ва миллионлаб долларлик муаммоли қарзлар қайд этилган. 

Мутахассис шунингдек компанияда 20 млн долларлик камомад бор эканлигини ҳам даъво қилмоқда. IMAN эса мустақил шаръий аудит натижаларини очиқлашга ваъда берди. 

Pinkod томонларнинг баёнотлари ва эълон қилинган ҳужжатларни ўрганиб, баҳснинг асосий тафсилотларини жамлади.

20 млн долларлик камомад даъвоси, 128 минг долларлик Mercedes ва миллионлаб долларлик қарзлар. IMAN Invest’да нималар бўляпти?

25 октябр куни Ислом молиясига мувофиқлаштириш кенгаши — IFCB “Iman Invest” билан ҳамкорликни тўлиқ тўхтатганини эълон қилди. Кенгаш аъзолари Маҳмуд Усмон ва Ҳусайн Ражабов компания фаолиятини ислом молияси мезонларига мувофиқ эмас деб баҳолаган.

Маҳмуд Усмон видеомурожаатида кенгаш компания билан икки йилдан ортиқ ҳамкорлик қилган бўлса-да, унинг фаолияти ҳалоллиги юзасидан якуний ижобий хулоса бермаганини айтди. Унинг таъкидлашича, бу даврда шаръий аудит давом этган.

Олимнинг маълум қилишича, июл ойида IFCBга компаниядаги шубҳали транзакцияларни кўрсатувчи ҳужжатлар келиб тушган. Шундан сўнг молиячи, ҳуқуқшунос ва шаръий аудитордан иборат тафтиш комиссияси тузилган. Уч ярим ой давом этган текширувнинг сўнгги молиявий натижалари 15 октябрда маълум бўлган.

Кенгаш инвесторлар маблағлари шахсий манфаатлар, жумладан, автомобиль ва хонадонлар хариди, шунингдек, бошқарувчи компаниянинг маъмурий харажатларига сарфланганини билдирди. IFCB даъвосига кўра, бундай қарорлар оқибатида компанияда бир неча миллион долларлик камомад юзага келган.

Кенгаш мудораба асосида ишлайдиган компанияда инвестор капиталининг бир қисми қайтмайдиган ҳолатга тушган пайтда ҳам фойда тақсимланганига эътироз билдирган. Қоидабузарликлар бартараф этилиб, зарар қопланмагунча IMANга маблағ киритишни шариат нуқтаи назаридан тавсия этмаслигини маълум қилган.

IMANнинг жавоби ва янги аудит ваъдаси

Ушбу чиқиш ортидан IMAN расмий баёнот бериб, кўтарилган масалаларга жиддий қараётганини билдирди. Компания Муфтий Ҳасан Усмонийга тегишли “Usmani’s” аудиторлик компанияси билан мустақил шаръий аудит ўтказиш бўйича келишувга эришилганини ва текширув бошланганини маълум қилди.

IMAN аудит натижаларини қандай бўлишидан қатъи назар очиқлашга ваъда берди. Бундан ташқари, бир нечта олимдан иборат янги ички ислом молияси кенгаши шакллантирилаётгани айтилди. Кенгаш иш бошлагунча янги маҳсулотларни чиқариш ва амалдагиларига ўзгартириш киритиш тўхтатилган.

Кейинроқ компания асосчиси Рустам Раҳматов видеомурожаат билан чиқиб, Маҳмуд Усмоннинг даъволарини рад этди. Унинг айтишича, икки ярим йиллик ҳамкорлик давомида Маҳмуд Усмонга 100 минг доллардан ортиқ хизмат ҳақи тўланган.

Раҳматов келишмовчилик ушбу тўловларни камайтириш ва компаниядан улуш беришни рад этиш ортидан юзага келганини даъво қилди. У икки йил аввал бошқа компания ўтказган аудитда компания фаолияти шаръий талабларга мувофиқ деб топилганини ҳам айтди. Раҳматов инвесторлар ва ҳамкорлар олдидаги мажбуриятлар ўз кучида қолишини таъкидлади.

“Менга улуш керак эмас, етимхонага бериб юбор”

Маҳмуд Усмон эса компаниядан улуш талаб қилгани ҳақидаги гапларни рад этди. Унинг айтишича, суҳбат давомида Раҳматовга “Менга улуш керак эмас, улушингни етимхонага бериб юбор”, деган. У бу суҳбатга Аброр Мухтор Алий ҳам гувоҳ бўлганини билдирди.

Маҳмуд Усмоннинг таъкидлашича, унинг талаби Раҳматовнинг компания бошқарувидан кетиши ва ўрнига бошқа раҳбар тайинланиши бўлган. У Раҳматовни қўллаб-қувватлаган маслаҳатчилар ҳам унга “Сиз кетмасангиз бўлмайди”, деганини айтди.

Шунингдек, Маҳмуд Усмон айрим мутахассислар Раҳматов раҳбарликдан кетмагани сабабли компанияни тарк этганини даъво қилди. У ўзига нисбатан айтилган гапларни туҳмат деб баҳолаб, шаънини суд орқали ҳимоя қилишини билдирди.

Исломшунос олим молиявий эътирозларга асос бўлган ҳужжатлар ва учрашув ёзувларини босқичма-босқич очиқлашини маълум қилди. Шундан сўнг унинг Телеграм каналида тафтиш комиссиясини ташкил этиш ва автомобиллар харидига оид қарорлар эълон қилинди.

2,97 млн долларлик қарз ва инвесторлар ҳисобидан қопланган харажатлар

Биринчи қарорга илова қилинган дастлабки аудит натижаларида бошқарувчи “Iman Halal Investments” МЧЖ ўз харажатларини инвесторлар маблағлари жамланган коммандит ширкатдан қарз олиш орқали қоплаб келгани ёзилган. 2026 йил 31 май ҳолатига ушбу қарз қолдиғи 2,97 млн долларни ташкил этган.

Иловада ширкат харажатларига бошқарувчи компаниянинг иш ҳақи, маркетинг, скоринг ва транзакция комиссиялари ҳам киритилгани кўрсатилган. Иш ҳақи харажатлари ойига ўртача 300 минг доллар, маркетинг харажатлари эса 124 минг долларгача бўлган.

Аудит муаллифлари бундай харажатларни инвесторлар ҳисобидан қоплаш таъсис шартномаси ва оммавий офертада белгиланмаганини билдирган. Уларнинг баҳосига кўра, бу бошқарувчи компаниянинг операцион рискларини инвесторлар зиммасига ўтказган ва уларга тақсимланадиган даромадни камайтирган.

Ҳужжатда умумий харажатларнинг 60 фоизидан зиёди коммандит ширкат фаолиятига бевосита алоқаси бўлмаган йўналишларга сарфлангани ҳам қайд этилган. Мисол сифатида “Imanum 5.0” очилиш маросимига 144 минг доллар ва хусусий банкинг йўналишига 187 минг доллар сарфлангани келтирилган.

Шунингдек, 31 май ҳолатига бўлиб тўлаш — BNPL портфелидаги қайтмайдиган муаммоли қарзлар 9,5 млн доллар, яъни портфелнинг тахминан 17–18 фоизи деб кўрсатилган. Мижозлардан тўлов ҳали келиб тушмасидан фойда тан олингани ва инвесторлар дивидендларини ҳисоблашда ундан фойдаланилгани ҳам аудит эътирозлари қаторига киритилган.

Бошқарувга оид қарорда Рустам Раҳматовнинг компания ва унга алоқадор ташкилотларнинг кундалик фаолиятига аралашмаслиги белгиланган. Унинг фаолиятини инвестиция ва молиялаштириш жалб қилиш ҳамда инвесторлар олдида компания манфаатларини ифодалаш билан чеклаш назарда тутилган.

128 минг долларлик Mercedes ва BYD бўйича қарздорлик

Тафтиш комиссиясининг 3 июлдаги алоҳида қарори эса инвесторлар маблағлари ҳисобидан харид қилинган автомобилларга бағишланган.

Унда 10 апрел куни коммандит ширкат ҳисобидан “Founders Trust 1” МЧЖга 128 минг доллар эквивалентида пул ўтказилгани ёзилган. Тўловга асос бўлган консорциум шартномаси бир кун олдин имзоланган.

Комиссия ушбу маблағга Рустам Раҳматов фойдаланиши учун Mercedes-Benz S500 автомобили харид қилинганини қайд этган. Қарорда пул олган МЧЖнинг таъсисчиси ва раҳбари компания ходими экани, битим манфаатлар тўқнашуви шароитида тузилгани ва унинг инвесторлар учун иқтисодий мақсадга мувофиқлиги тасдиқланмагани айтилган.

Комиссия тегишли автомобилларни сотиш орқали зарарни қоплашни белгилаган. Сотувдан тушган маблағ етмаса ёки қўшимча харажатлар юзага келса, фарқни Раҳматовнинг шахсий ҳисобидан ундириш чораларини кўриш назарда тутилган.

Шу қарорда Раҳматов 2023 йил декабрда муддатли тўловга олган BYD Champion автомобили бўйича ҳам қарздорлик кўрсатилган. Ҳужжатга кўра, охирги тўлов 2025 йил 4 майда амалга оширилган, шундан кейин тўловлар тўхтаган.

Қарор қабул қилинган пайтда муддати ўтган қарздорлик 306,5 млн сўм, қолган жами тўлов мажбурияти эса қарийб 366,9 млн сўм бўлган. Комиссия муддати ўтган қарзни ўн календарь кун ичида тўлашни белгилаган.

20 млн долларлик камомад ҳақидаги даъво

Маҳмуд Усмон сўнгги видеомурожаатида тахминан 70 млн долларлик портфелда 20 млн долларлик камомад борлигини ҳам даъво қилди. У бу рақамни молиячилар ҳисоб-китобига боғлаб, тегишли учрашув ёзувларини очиқлашини айтди. Бироқ эълон қилинган икки қарорда айнан 20 млн долларлик камомад қандай ҳисоблангани очиб берилмаган.

Ҳужжатлардаги 9,5 млн долларлик муаммоли қарзлар ва бошқарувчи компаниянинг 2,97 млн долларлик қарзини ҳам тўғридан тўғри инвесторларнинг якуний йўқотиши деб бўлмайди. Бунинг учун қарзларнинг қанчаси ундирилиши мумкинлиги, активлар қиймати ва компания мажбуриятлари тўлиқ ҳисобга олиниши керак.

Июлдаги қарорларда автомобилларни сотиш ва қарздорликни ундириш талаблари белгиланган бўлса-да, уларнинг ижроси ушбу ҳужжатларда акс этмаган. IMAN ваъда қилган янги аудит натижалари эса ҳозирча эълон қилинмаган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+