19 ёшли Диёрбек Қамбаров Pinkod.uz бош муҳаррири этиб тайинланди
Бугун, 30 июнь — Ёшлар кунида Pinkod.uz нашри жамоасида рамзий маънога эга ва ўзига хос бўлган тайинлов амалга оширилди.
Сўнгги икки йил давомида сайт ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ҳамда таҳлилий йўналишдаги контентлар муаллифи бўлган Диёрбек Қамбаров сайтнинг бош муҳаррири лавозимига тайинланди.

Диёрбек Қамбаров 2007 йилда Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманида туғилган. Ҳали ёш бўлса-да, у аллақачон медиа соҳасида ўз сўзи ва услубига эга бўлиб улгурди. Ўтган икки йил давомида Pinkod.uz таҳририятининг юкини елкасига олиб, лойиҳадаги энг долзарб мақолалар, эксклюзив материаллар ва таҳлилий контентларни айнан Диёрбек Қамбаров ёзиб келган.
Унинг меҳнатсеварлиги, ахборот билан ишлаш қобилияти ва ёш бўлишига қарамай масалаларга жиддий ёндашиши бугунги тайинловга асосий туртки бўлди.
Ушбу тайинловнинг айнан 30 июнь — Ёшлар кунида эълон қилиниши ҳам рамзий маънога эга. Бу бугунги Ўзбекистон медиаси ёш, шижоатли ва креатив кадрларга ишонч билдиришдан қўрқмаётганининг яққол исботидир. 19 ёшда республика миқёсидаги рақамли нашрга раҳбарлик қилиш — ҳам улкан масъулият, ҳам тенгдошлари учун катта мотивация.
“Диёрбек сўнгги икки йилда ўз иши билан бош муҳаррирлик даражасига ўсиб бўлган эди. Бугунги тайинлов фақатгина буни расмийлаштирди, холос. Унинг раҳбарлигида Pinkod.uz янада янги босқичга чиқишига, ўқувчиларга янада сифатли ва креатив контент етказиб беришига ишонамиз”.









