Январь–март ойларида Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 32 фоизга ошди
Бу ўсиш меҳнат мигрантлари оқимининг ортиши ҳамда асосий ҳамкор давлатлар валюталарининг мустаҳкамланиши билан изоҳланмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга хориждан амалга оширилган пул ўтказмалари ҳажми $3,3 млрдни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банкнинг пул-кредит сиёсатига оид шарҳида маълумот берилган.
Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ($2,5 млрд) 32 фоизга ошган. Январь ва март ойларида мамлакатга ҳар бири қарийб $1 млрддан пул ўтказмалари амалга оширилган. Айниқса, март ойида энг юқори ўсиш кузатилиб, бу ойда трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми $1,2 млрдга етган.

Марказий банк ушбу ўсишни асосий савдо ҳамкорларининг миллий валюталари мустаҳкамланиши ҳамда юқори иш ҳақи таклиф қилувчи давлатларга меҳнат мигрантлари оқимининг ортиши билан изоҳлайди.
Шунингдек, сўнгги даврларда пул ўтказмалари мамлакатга келаётган даромадлар ўсишидаги асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда.
Меҳнат мигрантларини қабул қилувчи давлатларда валюта курсларининг барқарорлашуви, иш ҳақларининг ошиши ҳамда юқори даромадли мамлакатларда ишчи кучига бўлган талабнинг ортиб бораётгани туфайли, пул ўтказмаларининг йиллик ўсиш прогнози илгари кутилган 10–12 фоиздан 15–18 фоизгача қайта кўриб чиқилди.
Бироқ, асосий иқтисодий ҳамкорлар валюта курсларида кутилаётган юқори тебранишлар ва глобал иқтисодий ўсиш прогнозларининг пасайиши туфайли, истиқболда пул ўтказмалари динамикаси бўйича маълум даражадаги ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига кирган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми $14,8 млрдни ташкил этган эди. Бу, 2023 йилга нисбатан 30 фоизга ёки $3,4 млрдга кўпроқдир