11 963.160 so‘m

increase

49.810

13 390.360 so‘m

increase

61.700

142.330 so‘m

decrease

-0.060

11 963.160 so‘m

increase

49.810

40 дақиқа аввал
Банк
44

Янги ном, янги бошқарув ва кузатув кенгаши аъзолари: Davr Bank’да корпоратив ўзгаришлар бўлди

Davr Bank акциядорлари банк номини “ABB Davr Bank” АЖга ўзгартириш, кузатув кенгашини тўлиқ янгилаш ҳамда бошқарувга Озарбайжоннинг ABB банки вакилларини киритишни маъқуллади. Ўзгаришлар ABB Davr Bank’нинг 51 фоиз улушини 1,6 трлн сўмга сотиб олганидан бир ой ўтиб амалга оширилмоқда.

Янги ном, янги бошқарув ва кузатув кенгаши аъзолари: Davr Bank’да корпоратив ўзгаришлар бўлди

Davr Bank акциядорларининг 9 октябрь куни ўтказилган навбатдан ташқари умумий йиғилишида банкнинг янги таҳрирдаги устави тасдиқланди. Шунингдек, фирма номини “ABB Davr Bank” акциядорлик жамиятига ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Бироқ янги ном ҳозирча расман кучга киргани йўқ. У банк устави давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб қўлланади. Банк кундалик фаолиятида “ABB Davr” тижорат белгисидан фойдаланади, бошқарув эса уни товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказиши керак.

Кузатув кенгаши тўлиқ янгиланди

Акциядорлар Davr Bank кузатув кенгашининг амалдаги беш нафар аъзоси ваколатларини муддатидан олдин тугатди. Кенгаш таркибидан банк асосчиси ва кенгаш раиси Лутфулла Убаев, шунингдек, Миркодир Мирзаятов, Атхам Алимов, Озода Абдураҳмонова ҳамда Шавкат Ғиёсов чиқарилди.

Янги кузатув кенгаши уч йил муддатга қуйидаги таркибда сайланди:

  • Талех Таҳирли;
  • Агшин Амиров;
  • Шафаг Ҳасанова — мустақил аъзо;
  • Саид Абдунабиев — мустақил аъзо;
  • Фарҳод Розиев — мустақил аъзо.

Талех Таҳирли ва Агшин Амиров ABB бошқаруви раисининг ўринбосарлари ҳисобланади. Улар аввалроқ Марказий банк билан Davr Bank’ни сотиб олиш ҳамда уни ривожлантириш режаларига бағишланган музокараларда ҳам қатнашган. 

Янги кузатув кенгаши раиси унинг биринчи йиғилишида аъзолар орасидан сайланади. Мустақил уч нафар аъзога ойига жами 180 млн сўм ҳақ тўланиши белгиланди.

Бошқарувга ABB вакиллари кирди

Банк бошқаруви таркибидан раис ўринбосари Равшан Тожиев ва Алишер Қурбонов чиқарилди. Уларнинг ўрнига Айнур Сулайманли ҳамда Гейбат Гадиров бошқарув раиси ўринбосарлари этиб тайинланди.

Натижада бошқарув қуйидаги таркибда тасдиқланди:

  • Абдумажид Самадов — бошқарув раиси;
  • Айнур Сулайманли — раис ўринбосари;
  • Гейбат Гадиров — раис ўринбосари;
  • Самаржон Назаров — раис ўринбосари.

Янги кузатув кенгаши ва бошқарув аъзолари номзодлари Марказий банк билан келишилиб, улар лавозимга киришганидан кейин аввалги раҳбарларнинг ваколатлари якунланади. Унгача амалдаги аъзолар ўз вазифаларини бажаришда давом этади.

ABB банк назоратини қандай қўлга киритган?

Озарбайжоннинг ABB банки 10 сентябрь куни Тошкент фонд биржасида Davr Bank’нинг 51 млн дона оддий акциясини сотиб олган. Битим қиймати 1,646 трлн сўм ёки қарийб 140 млн долларни ташкил этган.

Натижада ABB банк капиталидаги 51 фоизлик назорат пакетига эга бўлди. Davr Bank’нинг қолган акциялари аввалги акциядорларда сақланиб қолди.

Хариддан кейин S&P Davr Bank’нинг узоқ муддатли кредит рейтингини “B”дан “B+”га оширди ва “барқарор” прогнозини белгилади. Агентлик буни зарурат туғилганда банк ABB молиявий гуруҳидан ёрдам олиши мумкинлиги билан изоҳлаган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+