Янги iPhone 17 моделлари ҳақида барча мавжуд маълумотлар
Apple компанияси iPhone 17 смартфонларини яқин ҳафталарда тақдим этиши кутилмоқда.
2025 йилги моделлар дизайн, техник жиҳатлар ва функционал имкониятлар борасида сезиларли янгиликлар билан тақдим этилиши кутилмоқда.
Pinkod янги смартфонларнинг нархлари, асосий хусусиятлари ва расмий тақдимот санаси ҳақида батафсил материал тайёрлади.

Бир неча ҳафта ичида Apple iPhone 17 сериясини расман тақдим этади. 2025 йилги iPhone моделларии ички ва ташқи ўзгаришлар ҳамда янги ултра юпқа моделни ўз ичига олиши кутилмоқда.
Pinkod Macworld ва бошқа турли манбалар орқали янги iPhone моделлари ҳақидаги мавжуд маълумотларни жамлади.
iPhone 17 чиқиш санаси
Янги iPhone’лар деярли ҳар доим сентабр ойида Apple тадбирида эълон қилинади. Бу тадбир одатда сентабрнинг иккинчи ҳафтасида сешанба куни ўтказилади. Бундан келиб чиқиб, iPhone 17 серияси 2025 йил 9 сентабр атрофида бўлиб ўтадиган тадбирда эълон қилинишини кутиш мумкин.
Сўнгги моделлар чиқиш саналари:
- iPhone 16: 2024 йил 9 сентабр
- iPhone 15: 2023 йил 12 сентабр
- iPhone 14: 2022 йил 7 сентабр
- iPhone 13: 2021 йил 14 сентабр
- iPhone 12: 2020 йил 13 октябрь (Covid туфайли кечиктирилган)
Одатда, iPhone учун олдиндан буюртмалар эълон қилинганидан кейинги жума куни бошланади ва телефонлар бир ҳафта ўтгач сотувга чиқарилади. Баъзида ишлаб чиқариш муаммолари туфайли баъзи моделлар бир неча ҳафта кечроқ етказиб берилиши мумкин. Шундай қилиб, олдиндан буюртмалар 12 сентабр атрофида, сотув эса 19 сентабрдан бошланиши кутилмоқда.
iPhone 17 нархи
iPhone 17 нархлари ҳозирча расман тасдиқланмаган. Айни вақтда мавжуд бўлган iPhone 16e 599 доллардан, iPhone 16 эса 799 доллардан бошланади.
Аввалги йиллардаги Plus, Pro ва Pro Max моделлари асосида нархлар жиддий ўзгаришга учрамаслиги мумкин. Бироқ бу йилги янги "iPhone 17 Аир" ултра юпқа модели нарх сиёсатига таъсир қилиши эҳтимолдан холи эмас. Кўпчилик мутахассислар бу модель ҳозирги Plus вариантининг ўрнини эгаллайди, деб ҳисобламоқда.
Шу асосда, iPhone 17 серияси учун тахминий нархлар қуйидагича бўлиши мумкин:
- iPhone 17: 6.27 дюйм LTPO дисплей, A чип, 8GB RAM, 128ГБ хотира – $799
- iPhone 17 Air: 6.65 дюйм LTPO дисплей, A чип, 8GB RAM, 128ГБ хотира – $899
- iPhone 17 Pro: 6.27 дюйм LTPO дисплей, A19 Pro чип, 12GB RAM, 256GB хотира – $999
- iPhone 17 Pro Max: 6.86 дюйм LTPO дисплей, A19 Pro chip, 12GB RAM, 256GB хотира – $1,199
Аналитикларнинг фикрига кўра, тарифлар туфайли iPhone 17 сериясида $50 кўтарилиш бўлиши эҳтимоли ҳам мавжуд.
iPhone 17 ранглари
iPhone 17 серияси аввалги авлодларга қараганда кенгроқ ранг палитрасига эга бўлади. Ички ҳужжатлардан олинган Pantone ранглари:
iPhone 17
- Қора (iPhone 16 билан бир хил)
- Оқ (iPhone 16 билан бир хил)
- Пўлат кўм-кўк (Pantone 18-4005-TPG)
- Яшил (Pantone 2282 U)
- Бинафша (Pantone 530 U)
- Оч кўк (Pantone 658 U)

iPhone 17 Air
- Қора (iPhone 16 билан бир хил)
- Оқ (iPhone 16’дан ёрқинроқ/совуқроқ)
- Оч кўк (Pantone 657 U)
- Оч олтин (Pantone 11-0604 TPG Gardenia)
iPhone 17 Pro / Pro Max
- Қора (iPhone 16 Pro билан бир хил)
- Оқ (iPhone 16 Pro билан бир хил)
- Кўм-кўк (Natural Titanium’га ўхшаш)
- Тоқ кўк (Pantone 19-4025 TPG Mood Indigo)
- Тоқ сариқ (Pantone 1501243 TCX Papaya)
iPhone 17 моделлари камераси
Янги iPhone 17 моделларида олдинги камера 24MP бўлади (ҳозирги 12MP ўрнига). Бу селфилар сифатини ва 2x zoom’ни яхшилайди.
iPhone 17 Pro модели эса 48MP телефото камера билан тақдим этилади. У 3.5x zoom (85мм) ва 12MP 7x crop zoom имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, айрим моделларда механик диафрагма бўлиши мумкин. Бу орқали фойдаланувчи ёруғликни қўл билан бошқаради – яъни чуқурлик ва фокус назорати кучаяди.
Янги “камера панели” дизайни – iPhone 17 Pro ва Air моделлари учун тўлиқ орқа панелни эгаллайди. Оддий iPhone 17 эса икки камерали вертикал модулли бўлади.
Яқинда чиққан сизинтиларга кўра, iPhone 17 Pro модели 8x телефото zoom имкониятига эга бўлади ва про даражадаги камера иловаси ҳам қўшилади. Ҳатто янги камера бошқарув тугмаси ҳам бўлади.
iPhone 17 Air
Янги iPhone 17 Air модели аввалги мавжуд Plus вариантининг ўрнини эгаллаши ва анча юпқароқ дизайн ҳамда каттароқ дисплей билан тақдим этилиши кутилмоқда.
Кўплаб таҳлилчилар бу моделни "Slim" номи билан аташмоқда. У ҳозирги Plus моделидан анча юпқа ва катта экранли бўлади. Бироқ бу юпқа корпус аккумулятор сиғимининг камайишига олиб келади. Янги моделда тахминан 2800 мА/с сиғимга эга батарея қўлланилиши кутилмоқда. Бу iPhone 16’даги аккумуляторларга нисбатан 20 фоиз кам.
iPhone 17 Air қалинлиги атиги 6,25 мм бўлиб, нархи iPhone 16 Plus билан бир хил — 899 АҚШ долларидан бошланиши режалаштирилган. Баъзи таҳлилчиларнинг фикрича, унинг энг юпқа жойи атиги 5,5 мм бўлади. Бироқ бу рақам қайси қисмга тааллуқли экани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.
iPhone 17 Air модели A19 ёки A19 Pro чипига эга бўлиши мумкин. Қурилма орқа томонида фақат битта 48 мегапикселли камера бўлади, олд камераси эса барча iPhone 17 моделлари каби 24 мегапиксел бўлади.
YouTube’даги Unboxed Therapy каналида бу моделнинг учинчи томон ишлаб чиқарган макети тақдим этилди. Бу видео айни пайтгача янги модел дизайнига энг аниқ назар бўлиши мумкин.
Шунингдек, iPhone 17 Air корпуси титан материалидан тайёрланиши кутилмоқда, бошқа моделларда эса алюминий ишлатилади. Бу танлов телефоннинг юпқа бўлишига қарамай, мустаҳкамлигини сақлаб қолиш учун қилинаётган бўлиши мумкин.
iPhone 17 хусусиятлари: янги iPhone қандай янгиликлар билан чиқади?
Батарея
- iPhone 17 Air моделида батарея сиғими тахминан 2800 мА/соат бўлади. Бу, айниқса, ультра-юпқа дизайн сабабли, аввалги моделларга қараганда кичикроқ ҳисобланади.
- iPhone 17 Pro Max эса 5000 мА/соат сиғимли батареяга эга бўлади. Бу Apple тарихидаги энг катта батарея бўлиб, iPhone 16 Pro Max’га нисбатан тахминан 8% кўпроқ қувват беради.
Дисплей
- Always-On Display функцияси илк бор non-Pro (оддий) моделларда ҳам қўлланилиши мумкин.
- Оддий моделларда 120Hz янгиланиш тезлиги бўлади, аммо у ProMotion’даги каби адаптив бўлмайди.
- Apple, шунингдек, Corning компанияси билан ҳамкорликда акс эттирмайдиган ва тирналишга чидамли янги ойнани ишлаб чиқмоқда. Аввалига бу технология iPhone 17’га улгурмаслиги айтилган эди, аммо июль ойидаги сўнгги маълумотларга кўра, бу ойна камида iPhone 17 Pro моделларида бўлиши мумкин.
Процессор
- iPhone 17 қаторида қандай чип ишлатилиши ҳозирча аниқ эмас. Бироқ юқори даражадаги моделларда A19 Pro, оддий моделларда эса A19 ёки A18’нинг кучайтирилган версияси ишлатилиши кутилмоқда.
- Pro моделларда иссиқликни самарали тарқатиш учун буғли совитиш тизими (vapor chamber) бўлиши мумкин.