12 051.710 so‘m

increase

88.930

14 008.910 so‘m

increase

121.320

154.690 so‘m

increase

0.750

12 051.710 so‘m

increase

88.930

33 дақиқа аввал
Иқтисодиёт
43

Хитойда туғилиш даражаси тарихдаги энг паст кўрсаткичга тушди

Расмий маълумотларга кўра, мамлакат аҳолиси кетма-кет тўртинчи йил қисқарди. 2025 йилда туғилиш даражаси 17 фоизга камайган. Шу тенденция давом этса, 2100 йилга бориб Хитой аҳолиси 800 млнга тушиб кетиши мумкин.

Хитойда туғилиш даражаси тарихдаги энг паст кўрсаткичга тушди
Фото: AI/Pinkod.uz

Хитой Миллий статистика бюроси (NBS) эълон қилган маълумотларга кўра, 2025 йилда мамлакатда атиги 7,92 млн нафар бола туғилган. 

Бу ҳар минг кишига 5,63 та туғилиш тўғри келишини англатади. Ушбу кўрсаткич NBS 1949 йилдан буён статистик ҳисоб юрита бошлаганидан бери қайд этилган энг паст натижа ҳисобланади.

Сўнгги ўн йил ичида Хитойда туғилиш даражаси қарийб икки баравар камайди. Натижада мамлакат жиддий демографик инқироз хавфи билан юзлашмоқда. Бу ҳолат қатъий “бир бола” сиёсати бекор қилинганига қарамай юз бермоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти прогнозларига кўра, ҳозирда қарийб 1,4 млрдни ташкил этаётган Хитой аҳолиси 2100 йилга бориб 800 млн кишигача камайиши мумкин. Бу прогноз ҳукуматнинг туғилиш даражасини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларига қарамай, вазият қанчалик мураккаб эканини кўрсатади.

NBS маълумотларига кўра, 2025 йилда туғилишлар сони 1,62 млнга камайган. Бу ўтган йилга нисбатан 17 фоизлик пасайишни англатади. Шу билан бирга, мамлакат аҳолиси сони 2024 йилга нисбатан 3,39 млн кишига қисқарган. Аҳолининг йиллик камайиши 2022 йилдан бери давом этмоқда.

Расмий статистикага кўра, 2025 йилда Хитойда 11,31 млн ўлим қайд этилган. Ўлим даражаси ҳар минг кишига 8,04 ни ташкил этди. Натижада аҳоли сони соф ҳисобда ҳар минг кишига 2,41 тага камайди.

Ҳукумат тез қариб бораётган аҳоли муаммоси фонида никоҳ ва туғилиш кўрсаткичларини оширишга уринмоқда. Шу мақсадда болалар парвариши учун субсидиялар жорий этилди, давлат боғчаларида тўловлар бекор қилинди ҳамда контратсептсия воситаларига солиқ киритилди.

Хусусан, 1 январдан кучга кирган умумхитой болалар парвариши субсидияси дастурига кўра, уч ёшгача бўлган ҳар бир бола учун ота-оналарга йилига тахминан 500 АҚШ доллари миқдорида ёрдам берилади. Ўтган куздан бошлаб эса давлатга қарашли болалар боғчалари бепул бўлди.

Бироқ ёш хитойликлар ҳукумат чораларини етарли деб ҳисобламаяпти. Уларнинг фикрича, юқори уй-жой нархлари, таълим ва соғлиқни сақлаш харажатлари фонида бундай ёрдамлар муаммони ҳал қила олмайди.

Статистик маълумотларга кўра, 16–24 ёшдаги ёшлар орасида ишсизлик даражаси 2025 йил август ойида 18,9 фоизга етган. Иш билан банд бўлганларнинг кўпчилиги эса “996” деб аталувчи оғир меҳнат тизими — эрталаб соат 9 дан кечки 9 гача, ҳафтасига олти кун ишлаш шароитида фаолият юритмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+