Хитой Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўрнини тобора мустаҳкамламоқда
Хитой ҳозирда Ўзбекистоннинг энг йирик инвестори ва савдо ҳамкори бўлиб, ушбу давлат капитали мавжуд корхоналар сони ўтган йили 44 фоизга кўпайди.

Сўнгги йилларда Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг йирик инвестор ва савдо ҳамкорларидан бири сифатида ўз ўрнини янада мустаҳкамлаб бормоқда. 2024 йилга оид статистик маълумотлар буни яққол исботлайди.
Ўзбекистонга киритилган хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми 493,7 триллион сўмни (тахминан 38,1 миллиард доллар) ташкил этади. Ушбу сармояларнинг катта қисми Хитойга тегишли бўлиб, у жами хорижий инвестицияларнинг чорак қисмидан кўпроғи ёки $10,6 млрдлик қисмини эгаллайди. Россия эса 13,2 фоизлик улуш билан иккинчи ўринда турибди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда хорижий капиталга эга бўлган корхоналар сони бўйича ҳам Хитой етакчи бўлиб, ҳозирда мамлакатда 3 467 та ушбу мамлакат компанияси фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 44 фоизга ўсган.
Хитойнинг Ўзбекистон билан ташқи савдо алоқаларидаги улуши 18,9 фоизни ташкил қилади. Бу кўрсаткич Хитойни мамлакатнинг энг йирик савдо ҳамкорига айлантирган. Рақамлар жиҳатидан Ўзбекистон 2024 йилда 198 та давлат билан жами $65,9 млрдлик савдо алоқаларини амалга оширган. Давлатлар кесимида Хитой $12,5 млрд билан олдинда бормоқда. $11,6 млрдлик савдо айланма қилган Россия эса иккинчи ўринни эгаллаган.
2024 йилда Ўзбекистонга жами 74,7 мингта енгил автомобиль импорт қилинган бўлиб, шундан 61 мингтаси Хитойга тегишли. Электромобиллар бозорида эса Хитой яққол етакчи бўлиб, мамлакатга электромобилларнинг 99 фоизи Хитойдан кириб келмоқда.
Мобил телефонлар импортида ҳам худди шундай тенденция кузатилмоқда. 2024 йилда мамлакатга 4,2 миллион дона мобил телефон импорт қилган бўлса, шундан 3,4 миллиони Хитой маҳсулотларига тўғри келади. Статистик маълумотларга қараб чиқилса, Хитой етакчи бўлган яна кўплаб бундай соҳаларни топиш мумкин.
Таҳлилчи Тимурмалик Элмурадов, Туркия, Европа, Россия ва АҚШ ўз муаммолари билан овора бўлган бир пайтда, Хитой секин-аста Марказий Осиёдаги ўз таъсирини кенгайтираётганлигини таъкидлади.
Аввалроқ, АҚШ халқаро тараққиёт дастури — USAID ёпилишини эълон қилган эди. Ушбу ташкилот 2024 йилда Марказий Осиёга $160 млн, Ўзбекистонга эса қарийб $40 млн ёрдам ажратган.
Bloomberg таҳлилича, бу ўзгариш Хитой ва бошқа давлатларга глобал миқёсда таъсирни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади. Хитой 2018 йилда халқаро ёрдам учун янги ташкилот тузган бўлиб, Африка ва Осиё давлатларига инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун кредитлар ажратмоқда. АҚШ глобал ёрдамни қисқартириши ортидан Хитойнинг бундай дастурларни кенгайтириши кутилмоқда.
Ташкилот ёпилишининг Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларига таъсири ҳақида батафсил бу ерда ўқиш мумкин.