2025 йилда давлат ОТМлари қанча даромад олди?
Жами даромад бўйича Тошкент давлат иқтисодиёт университети биринчи ўринни эгаллаб, 909,5 млрд сўм тушум қайд этди.
Соф фойда бўйича эса Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети 77,7 млрд сўм натижа билан етакчилик қилди.
Навоий давлат педагогика институти эса 93,8 млрд сўм зарар қайд этиб, энг кўп манфий баланс қайд этган муассаса бўлди.

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларининг жами даромади 12 трлн сўмни ташкил этди. Ҳисобот матни Pinkodʼда мавжуд.
Даромадларнинг асосий қисми тўлов-шартнома тушумлари ҳисобига шаклланган. Уларнинг ҳажми 7,8 трлн сўм бўлиб, бу умумий даромаднинг 64,84 фоизига тенг.
Давлат бюджети ажратмалари эса 3,6 трлн сўмни ташкил этиб, жами даромаднинг 30,04 фоизини таъминлаган.
Бундан ташқари, ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 614,6 млрд сўм тушум қайд этилган. Бу умумий даромаднинг 5,12 фоизига тўғри келади.
Шу билан бирга, 2025 йилда давлат ОТМларининг жами харажатлари 12,3 трлн сўмни ташкил этган. Бу даромадлардан тахминан 2,5 фоизга кўпроқ бўлиб, тизим бўйича кичик миқдорда манфий сальдо юзага келган.
Энг кўп даромад олган ТОП-10 университет

2025 йилда Тошкент давлар иқтисодиёт университети давлат ОТМлари орасида энг кўп даромад қилган универститет бўлди – 909,49 млрд сўм. Кучли учликдан Миллий (650 млрд сўм) ва Қорақалпоқ давлат университети (571 млрд сўм) жой олди.
Энг кўп соф даромад олган ОТМлар

Молиявий самарадорлик нуқтаи назаридан қаралганда, энг катта соф фойда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида қайд этилган — 77,7 млрд сўм. Ундан кейин Қарши давлат техника университети (57,8 млрд сўм) ва Андижон давлат техника институти (33,8 млрд сўм) жойлашган.
Энг кўп зарар кўрган ОТМлар

Бироқ айрим университетлар йилни зарар билан якунлаган. Энг катта манфий натижа Навоий давлат педагогика институтида кузатилган — 93,8 млрд сўм зарар. Шунингдек, Қўқон давлат педагогика институти (73,7 млрд сўм) ва Наманган давлат университети (64,7 млрд сўм) ҳам катта зарар қайд этган ОТМлар қаторида.









