Uzum Market илгари Yandex Cloud’дан фойдаланган: икки йирик носозлик ўртасида қандай боғлиқлик бор?
Uzum Market’да 8 октябрга ўтар кечаси бошланган техник носозлик 31 соатдан кўпроқ давом этди. Деярли бир вақтнинг ўзида Россиядаги Yandex маълумотлар маркази Украина дронлари ҳужумига учраган. Pinkod ўрганган очиқ манбалар икки компания ўртасида илгари технологик ҳамкорлик мавжуд бўлганини кўрсатмоқда.

Uzum Market’даги носозлик Yandex маълумотлар марказига дрон ҳужуми билан бир вақтга тўғри келди
Uzum Market’да 8 октябрга ўтар кечаси бошланган техник носозлик 31 соатдан кўпроқ давом этмоқда. Деярли бир вақтнинг ўзида Россиядаги Yandex маълумотлар маркази дрон ҳужумига учраган. Pinkod ўрганган очиқ манбалар Uzum Market илгари Yandex Cloud инфратузилмасидан фойдаланганини кўрсатмоқда, бироқ икки ҳодиса ўртасидаги бевосита боғлиқлик ҳозирча тасдиқланмаган.
8 октябр куни Uzum Market фаолиятида кенг кўламли техник узилишлар юз берди. Фойдаланувчилар сайт ва мобил иловадан фойдаланиш, маҳсулотларни кўриш ҳамда буюртмаларни расмийлаштиришда муаммоларга дуч келган. Носозлик сотувчиларнинг шахсий кабинетлари, омборлар ва буюртмаларни топшириш пунктларига ҳам таъсир кўрсатган.
Компания матбуот хизматининг Spot’га маълум қилишича, муаммо тизимларни режали янгилаш жараёнида юзага келган. Uzum ноябр ойидаги йирик чегирмалар мавсумига, жумладан, 11.11 акцияларига тайёргарлик кўраётган бўлган.
Дастлаб компания хизматларни 8 октябр давомида тиклашни режалаштирган. Бироқ 9 октябр куни эрталаб ҳам савдо платформаси тўлиқ ишга тушмаган.
Россияда Yandex маълумотлар марказига ҳужум қилинди
8 октябрга ўтар кечаси Россиянинг Рязань вилоятидаги Сасово шаҳрида жойлашган Yandex маълумотлар маркази дрон ҳужумига учради. Reuters хабарига кўра, Украина дронлари ҳужуми оқибатида марказда ёнғин келиб чиққан ва унинг фаолияти тўлиқ тўхтатилган.
Yandex Cloud ўзининг "ru-central1-b" зонасида электр таъминоти узилганини маълум қилган. Натижада ушбу зонада жойлашган айрим булутли хизматлардан фойдаланиш имконсиз бўлиб қолган.
8 октябр куни кечқурун Yandex зарарланган ускуналарни тиклаш мумкинлигини ҳозирча аниқлай олмаганини билдирган. Кейинчалик компания мазкур зонани яқин вақт ичида ишга туширишнинг имкони бўлмаслигини маълум қилиб, мижозларга хизматларини бошқа инфратузилмага кўчиришни тавсия этган.
Ушбу ҳодиса Yandex Cloud хизматларидан фойдаланувчи бошқа компаниялар фаолиятига ҳам таъсир кўрсатган.
Uzum Market ҳам Yandex Cloud’дан фойдаланган
Pinkod ўрганган очиқ маълумотларга кўра, Uzum Market илгари Yandex Cloud булутли инфратузилмасидан фойдаланган.
Хусусан, 2023 йил октябрдан 2025 йил февралгача Uzum’нинг Infrastructure Platform Services йўналишига раҳбарлик қилган Владимир Утратенко ўзининг очиқ резюмесида Yandex Cloud ва Selectel инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш унинг вазифаларидан бири бўлганини кўрсатган.
Бундан ташқари, Yandex Cloud 2024 йил октябрда Утратенко иштирокидаги подкастни эълон қилган. Унда мутахассис Uzum Market IT-инфратузилмасига масъул раҳбар сифатида таништирилган.
Yandex Cloud 2025 йил январдаги ҳисоботида ҳам Uzum билан боғлиқ маълумотни келтирган. Унга кўра, 2024 йил декабрда Uzum мутахассислари Yandex Managed Service for ClickHouse бўйича махсус ўқув курсида қатнашган.
Шундай қилиб, икки компания ўртасида илгари технологик ҳамкорлик мавжуд бўлганини кўрсатувчи далиллар бор. Бироқ бу Uzum Market 2026 йил 8 октябрда ҳам айнан зарарланган Yandex Cloud зонасидан фойдаланганини англатмайди.
Uzum матбуот хизмати Spot’га компания маълумотларининг бир қисми ўз инфратузилмасида, қолган қисми эса Ўзбекистон ҳудудидаги булутли серверларда сақланишини маълум қилган.
SellerLab Uzum инфратузилмасидаги ўзгаришларни қайд этди
Маркетплейс сотувчилари билан ишловчи SellerLab компанияси ҳам Uzum Market’даги носозлик ва Yandex Cloud аварияси вақт жиҳатидан бир-бирига яқин содир бўлганига эътибор қаратди.
Компаниянинг техник кузатувларига кўра, Uzum сотувчилари учун API 8 октябр куни соат 02:52 да хатолик қайтара бошлаган. Yandex Cloud’да эса соат 03:31 да электр таъминоти билан боғлиқ узилиш қайд этилган.
SellerLab яна бир муҳим ҳолатни аниқлаганини билдирди. 8 октябр соат 14:37 да "uzum.uz" домени вақтинча Ўзбекистондаги Uzum тармоғига йўналтирилган, бироқ 12 дақиқадан кейин аввалги конфигурацияга қайтарилган.
9 октябрга ўтар кечаси эса сайт ва сотувчилар кабинетига кириш саҳифалари Uzum’нинг Ўзбекистондаги тармоғига ўтказилгани қайд этилган.
Шунга қарамай, 9 октябр соат 10:15 ҳолатига маҳсулотлар каталоги тўлиқ юкланмаган, сотувчилар кабинетига кириш ва API хизматларидан фойдаланиш имконсиз бўлиб қолган.
SellerLab бу ҳолатни Uzum ўз инфратузилмасининг бир қисмини бошқа серверларга кўчираётган бўлиши мумкинлиги билан изоҳламоқда. Бироқ бу компаниянинг расмий баёноти эмас, балки очиқ техник маълумотларга асосланган кузатув ҳисобланади.
Uzum Market фаолиятини босқичма-босқич тикламоқда
SellerLab хабарига кўра, Uzum 9 октябр куни эрталаб сотувчиларга хизматларни босқичма-босқич ишга тушириш ҳақида маълумот берган.
Дастлаб омборлар фаолиятини тиклаш режалаштирилган. Соат 14:00 дан бошлаб 8 ва 9 октябр учун расмийлаштирилган юк хатлари асосида маҳсулотларни жарималарсиз қабул қилиш кўзда тутилган.
Шунингдек, компания октябр ойи охиригача логистика ва маҳсулотларни сақлаш хизматларини бепул кўрсатишини, қайтарилган маҳсулотларни сақлаш учун ҳам ҳақ олмаслигини билдирган.
Буюртмаларни топшириш пунктлари одатий иш тартибига қайтиши, буюртмаларни сақлаш муддатлари эса узайтирилиши маълум қилинган.
Бироқ сайт, мобил илова ва сотувчиларнинг шахсий кабинети қачон тўлиқ тикланиши юзасидан аниқ муддат берилмаган.
SellerLab ҳисоб-китобларига кўра, маркетплейс хизматлари бир вақтнинг ўзида эмас, босқичма-босқич ишга тушиши мумкин. Бунда аввал маҳсулотлар каталоги, кейин буюртмаларни расмийлаштириш ва сотувчилар тизимлари тикланиши эҳтимоли бор. Бу расмий жадвал эмас, балки компаниянинг техник прогнозидир.
Pinkod Uzum’га расмий сўров юборди
Uzum Market’даги носозлик ва Yandex Cloud маълумотлар марказидаги авария ўртасидаги эҳтимолий боғлиқлик юзасидан Pinkod Uzum’нинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимига расмий журналистик сўров юборди.
Сўровда компания ҳозир ҳам Yandex Cloud хизматларидан фойдаланиши, "ru-central1-b" зонасидаги авария унинг фаолиятига бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатгани ҳамда булутли инфратузилмасини бошқа серверларга кўчираётгани ҳақида саволлар берилган.
Материал тайёрланаётган вақтда Uzum’дан сўровимизга жавоб келмаган.
Ҳозирча Uzum Market носозлик сабабини режали техник янгиланиш жараёнидаги хатолик билан изоҳламоқда. Yandex Cloud’даги авария билан бевосита боғлиқликни эса тасдиқламаган.









