11 981.810 so‘m

decrease

-32.670

13 879.730 so‘m

increase

21.030

165.130 so‘m

decrease

-1.480

11 981.810 so‘m

decrease

-32.670

5 соат аввал
Иқтисодиёт
71

UzNIF муваффақияти ортидан “Uzbekistan Airways” халқаро IPOга тайёрланмоқда

“Uzbekistan Airways”нинг 15–20 фоиз акциясини 2026-йил якунигача халқаро фонд бозорида сотиш режалаштирилмоқда. Трансформация дастури компания қийматини 1,6 млрд доллардан 2,3 млрд долларгача оширишни назарда тутади.

UzNIF муваффақияти ортидан “Uzbekistan Airways” халқаро IPOга тайёрланмоқда
Фото: AI/Pinkod.uz

Президент Шавкат Мирзиёев “Uzbekistan Airways”ни трансформация қилиш ва халқаро IPOга тайёрлаш бўйича тақдимот билан танишди.

“Franklin Templeton” мутахассислари авиакомпания фаолиятини ўрганиб, 115 та чора-тадбирдан иборат трансформация дастурини ишлаб чиққан. Ҳисоб-китобларга кўра, дастур тўлиқ амалга оширилса, компаниянинг йиллик операцион даромади қўшимча 120 млн долларга ошиши мумкин.

Бунинг учун авиакомпания йўналишларини оптималлаштириш, чипталарнинг тўғридан-тўғри сотувини кўпайтириш, парвозлар орасидаги вақтни қисқартириш ҳамда рейсларнинг кечикиши ва бекор қилинишини камайтириш режалаштирилган.

Шунингдек, кейтеринг ва техник хизмат кўрсатувчи корхоналар самарадорлигини ошириш, харидлар тизимини қайта кўриб чиқиш ва самолётлар паркини кенгайтириш бўйича қарорларни тезлаштириш вазифаси қўйилди.

Мазкур чоралар натижасида “Uzbekistan Airways”нинг бозор қийматини ҳозирги 1,6 млрд доллардан 2,3 млрд долларгача — қарийб 44 фоизга ошириш имконияти борлиги қайд этилди. Бироқ трансформация дастури ишлаб чиқилганига бир неча ой бўлганига қарамай, унинг ижроси суст кетаётгани танқид қилинди.

2026 йил якунигача авиакомпаниянинг 15–20 фоиз акциясини халқаро IPO орқали сотиш мақсад қилинган. IPO олдидан компаниянинг молиявий интизомини мустаҳкамлаш, халқаро ҳисобот стандартларини жорий этиш, кредит рейтингини яхшилаш ва махсус ҳаво кемаларини компания балансидан чиқариш белгиланди.

Йил бошидан Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони 27,5 фоизга ошиб, қарийб 5,5 млн нафарга етган. Айниқса, Хитой, Малайзия, Япония ва АҚШдан келаётган туристлар сони сезиларли кўпайган.

Шу билан бирга, миллий авиакомпания йўловчилар оқимидаги ўсишга етарлича тез мослаша олмаётгани, жумладан, самолётлар паркини кенгайтиришда кечикишлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Президент Тошкентни Марказий Осиёнинг йирик авиахабига айлантириш учун “Uzbekistan Airways”, “Uzbekistan Airports” ва “Янги Тошкент” аэропорти фаолиятини ягона тизим асосида мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлади.


Бу жараён Миллий инвеститсия жамғармасининг (UzNIF) халқаро капитал бозоридаги дастлабки муваффақиятли жойлаштируви ортидан амалга оширилмоқда.

Май ойида жамғарма илк бор халқаро бозорда 690 млн долларлик активларни жойлаштирди. Жойлаштиришда талаб таклифдан тўрт баробар юқори бўлиб, йирик инвесторлар томонидан қарийб 3 млрд долларлик буюртмалар берилди.

Энди UzNIF портфелидаги 13 та йирик компанияни трансформация қилиш ва IPOга тайёрлаш кўзда тутилган. Жумладан, “Uzbekistan Airways”, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Ўзбекгидроэнерго”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ўзбектелеком” бўйича ишларни шу йилнинг ўзида якунлаш режалаштирилмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+