UZCARD кузатув кенгаши раиси Акбар Акилов ва яна икки аъзо лавозимини тарк этди
UZCARD тўлов тизими операторининг кузатув кенгаши раиси Акбар Акилов ва яна икки аъзонинг ваколати тугатилди. Кузатув кенгашига компания акцияларининг 25 фоизига эгалик қилувчи Камрон Акбаров раислик қилмоқда.

“Ягона умумреспублика процессинг маркази” АЖ (UZCARD) кузатув кенгаши таркибида ўзгаришлар амалга оширилди. Тегишли қарор 2026 йил 2 ноябрь куни акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишида қабул қилинган.
Компания томонидан Openinfo порталида эълон қилинган маълумотга кўра, кузатув кенгаши раиси Акбар Акилов, шунингдек, кенгаш аъзолари Азиз Юсупов ва Улуғбек Содиқовнинг ваколатлари тугатилган.
Кузатув кенгашига янги аъзо сифатида “T-Y-Z GROUP” МЧЖ бош директори Жаҳонгир Зарипов сайланган.
Шунингдек, компания акцияларининг 25 фоизига эгалик қилувчи Камрон Акбаров ҳамда “IMC-CAPITAL” МЧЖ инвестиция менежери Жасур Турсунбаев кузатув кенгаши таркибига қайта сайланган.
UZCARD расмий сайтидаги янгиланган маълумотларга кўра, кузатув кенгаши раиси лавозимини Камрон Акбаров эгаллаган.
Натижада UZCARD кузатув кенгаши аъзолари сони беш нафардан уч нафарга, яъни 40 фоизга қисқарган. Янги таркибдаги кузатув кенгаши раиси ким бўлиши ҳозирча очиқланмаган.
UZCARD акцияларининг 75 фоизи “IMC-CAPITAL” МЧЖга, қолган 25 фоизи эса Камрон Акбаровга тегишли.
Компания кузатув кенгаши таркибидаги ўзгаришлар сабабларини очиқламаган.









