Telegram’да навбатдаги янгиланиш: мессенжер AI имкониятларни кенгайтирмоқда
Мессенжер бу сафарги янгиланишда AI асосида стикерлар қидируви, яхшиланган видео улашуви, ўхшаш ботларни топиш имконияти ва бошқаларни тақдим этди.

Telegram’нинг сўнгги янгиланиши AI ёрдамида миллионлаб стикерларни қидириш, видеолар учун жорий вақтдаги ҳаволаларни нусхалаш, видеолар муқовасини танлаш, каналлар номидан юлдузлар билан реакция билдириш ва ўхшаш ботларни топиш имкониятларини тақдим этади.
AI асосида стикер қидируви

Декабрь ойида қўшилган AI ёрдамида расмий Telegram тўпламларидан 40 000+ стикер ва эможи қидириш имконияти энди миллионлаб фойдаланувчи томонидан юкланган махсус стикер ва эможиларни ҳам қамраб олади. Қидирув 29 тилда, жумладан, ўзбек тилида ҳам ишлайди.
Видеонинг жорий вақтидаги ҳаволасини нусхалаш

2019 йилдан буён видео хабарларга қўшилган изоҳлар ва жавоблар 1:38 каби вақт белгиларини қўллаб-қувватлаб келади, бу эса кулгили лаҳзаларни ажратиб кўрсатиш ёки томошабинларни маълум бўлимларга йўналтириш имконини беради.
Telegram’даги чатларда ёки бошқа платформаларда видео ҳаволасини улашаётганда энди ҳаволага жорий вақт белгисини қўшиш имконияти мавжуд. Кимдир видео ҳаволасини босганида видео Телеграмда мазкур белгиланган сонияда очилади.
Каналларда видео муқовалари

Энди каналларга жойланган видеолар учун махсус кадрни муқова сифатида танлаш мумкин. Видеога матн, стикер ёки эможи қўшиб, қизиқарли эскиз яратиш имконияти ҳам мавжуд.
Видеоларни қолган жойидан давом эттириш

Плеер энди видеоларни қаерда тўхтатилганини эслаб қолади. Видеога қайтишда кўриш айнан қолдирилган жойдан давом этади.
Канал номидан юлдузлар билан реакция

Фойдаланувчилар контент муаллифларини канал постларига юлдуз реакциясини юбориш орқали юлдузлар билан қўллаб-қувватлаши мумкин. Махфийликни ошириш ва контент муаллифларига рейтингда каналларини тарғиб қилиш имконини бериш учун фойдаланувчилар энди ўз каналларидан бири номидан юлдузлар билан реакция билдириши мумкин.
Ўхшаш ботлар

Бот профилларида энди ўхшаш ботлар рўйхати ҳам акс этади. Бу фойдаланувчиларга бошқа машҳур хизматлар, воситалар ва ўйинларни топишда ёрдам беради.