Telegram минглаб фойдаланувчиларнинг маълумотларини турли давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этган
Мессенжер биргина АҚШ ҳукуматига 3 ой давомида аввалгидан 21 баробар кўпроқ фойдаланувчилар маълумотларини ошкор қилган.
![Telegram минглаб фойдаланувчиларнинг маълумотларини турли давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этган](https://cp.pincode.uz/media/CACHE/images/durov.01c4d3492d29.webp)
Telegram асосчиси Павел Дуров ҳибсга олинганидан бери дунё бўйлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга аввалгидан кўпроқ миқдордаги фойдаланувчилар маълумотларини тақдим этмоқда.
Мессенжер томонидан яқинда эълон қилинган ҳисоботга кўра, биргина Америка ҳуқуқ кучлари томонидан юборилган 900 мурожаат натижасида 2 253 нафар фойдаланувчининг шахсий IP манзиллари ва/ёки телефон рақамлари органларга берилган. Таққослаш учун, 2024 йилнинг 1 январидан 30 сентябригача Telegram атиги 14 та шундай сўровни кўриб чиққан эди.
![](/_ipx/f_webp/https://cp.pincode.uz/media/image_1WH0RMj.png)
Август ойида Дуров Францияда ҳибсга олинган эди. Бир ой ўтгач эса у компания ҳукуматнинг ахборотга бўлган талабларига жавобан фойдаланувчилар маълумотларни тақдим эта бошлашини айтган.
Бунгача компания узоқ вақтдан бери давлатларнинг бу каби талабларини рад этиб келаётган эди. Ўтган йили Forbes нашри Дуров 2021 йил ноябрь ойида Парижда ўзининг энг кичик фарзандига нисбатан зўравонлик содир этгани бўйича алоҳида тергов остида эканлигини хабар қилган.
Қайси мамлакат нечта сўров юборгани ва қанча маълумот олгани ҳақидаги маълумотни бевосита Telegram’нинг расмий боти орқали олиш мумкин. Бунда фойдаланувчилар фақатгина ўз рақамлари тегишли бўлган мамлакат ҳақидаги маълумотларни олиши мумкин.
Мисол учун, Буюк Британияда тегишли органлар томонидан 142 та сўров юборилиб, 293 та фойдаланувчининг маълумотлари олинган. Германия ҳукумати эса 945 та сўров асосида 2 237 нафар фойдаланувчининг маълумотларини олган. Бундан ташқари, Россия ҳозирча маълумотлар тақдим этилишини сўраб, Telegram’га мурожаат қилмаган ёки мессенжер Россиянинг сўровларига жавоб бермаган.
![](/_ipx/f_webp/https://cp.pincode.uz/media/image_5lFyFF1.png)
Ўзбекистон текширилганда эса 2024 йил 30 сентябрь ҳолатига кўра мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан бундай сўровлар юборилмаган ва/ёки мессенжер томонидан фойдаланувчининг маълумотлари тақдим этилмаган. Ўзбекистон учун 2024 йил якуний маълумотларини ҳозирча бот орқали кўриш имконияти мавжуд эмас.
Telegram махфийлик сиёсатида маълумотлар тақдим этилиши ҳақида шундай дейилган:
Агар Telegram тегишли суд органларидан Telegram хизмат шартларини бузадиган жиноий фаолият билан боғлиқ иш бўйича гумон қилинувчи эканингизни тасдиқловчи расмий сўровни олса, биз сўровнинг ҳуқуқий таҳлилини амалга оширамиз ҳамда IP манзилингиз ва телефон рақамингизни тегишли органларга ошкор қилишимиз мумкин.
Аввалроқ Павел Дуров Telegram ўз тарихида биринчи маротаба фойдага чиққанини эълон қилган эди.