11 820.400 so‘m

decrease

-36.950

13 684.480 so‘m

decrease

-61.750

139.050 so‘m

decrease

-0.270

11 820.400 so‘m

decrease

-36.950

3 соат аввал
Технология
77

Telegram .gram домен зонасини олиш учун ариза юборди

Telegram янги .gram юқори даражали домен зонасини бошқариш учун ICANN’га ариза топширди. Ариза маъқулланса, мессенжер фойдаланувчилари username.gram кўринишидаги шахсий интернет манзилларига эга бўлиши ва улар орқали Telegram инфратузилмасида сайт яратиши мумкин.

Telegram .gram домен зонасини олиш учун ариза юборди

Бу ҳақда Telegram асосчиси Павел Дуров маълум қилди. Унинг айтишича, компаниянинг аризаси Internet Corporation for Assigned Names and Numbers — ICANN томонидан тасдиқланса, Telegram’нинг бир миллиардга яқин фойдаланувчиси иккинчи даражали доменлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши мумкин. 

Масалан, Telegram’даги @durov фойдаланувчи номига durov.gram, @monk номига эса monk.gram манзили мос келиши мумкин. 

Дуровга кўра, бундай манзиллар фақат профилга олиб борувчи ҳавола вазифасини бажармайди. Фойдаланувчилар биргина матнли сўров — промпт орқали Telegram серверларида жойлаштириладиган интерактив веб-сайтларни яратиши режалаштирилмоқда. 

.gram ҳозирча Telegram’ники эмас

Ариза топширилгани домен зонаси Telegram’га берилганини англатмайди. ICANN янги умумий юқори даражали доменлар — gTLD’лар учун 2026 йилги аризаларни 12 август куни қабул қилишни якунлади. Ташкилотга ушбу раундда 1 600 дан ортиқ асосий ариза келиб тушган. 

Ҳар бир янги gTLD учун стандарт баҳолаш тўлови 227 минг долларни ташкил қилади. Бундан ташқари, айрим ҳолатларда қўшимча баҳолаш харажатлари ҳам юзага келиши мумкин. 

ICANN ҳозир аризаларни маъмурий текширувдан ўтказмоқда. Текширувдан ўтган домен номлари ва уларга даъвогарлар “Reveal Day”да ошкор қилинади. ICANN бу рўйхат аризалар қабули ёпилганидан кейин тўққиз ҳафтадан кечиктирмай эълон қилинишини билдирган — бу тахминан 2026 йил октябрига тўғри келади. 

Шу сабабли Telegram’нинг “.gram” учун аризаси ҳозирча ICANN’нинг очиқ рўйхати орқали мустақил тасдиқланмаган, бироқ уни Дуровнинг ўзи расман эълон қилган. 

.gram учун рақобатчи ҳам бўлиши мумкин

Domain Name Wire маълумотига кўра, интернет инфратузилмаси компанияси Link Freedom Group ҳам .gram домени учун ариза берган. Компания ICANN’нинг янги раундида жами 300 дан ортиқ домен номлари бўйича аризалар топширган. 

Агар иккала ариза ҳам ICANN текширувидан ўтса, .gram бир нечта даъвогар қатнашадиган contention set’га тушиши мумкин. Бундай ҳолатда домен кимга берилиши алоҳида тартибда ҳал қилинади. Шу боис Telegram’нинг .gram’ни олиши ҳозирча кафолатланмаган.

Агар Telegram якунда домен зонасини қўлга киритса, компания t.me/username форматидаги ички ҳаволалардан ташқари, фойдаланувчиларга бевосита интернет домени сифатида ишлайдиган username.gram манзилларини таклиф қилиш имкониятига эга бўлади. Бу Telegram экотизимини мессенжер ва мини-иловалардан ташқарига, веб-сайт яратиш ва рақамли идентификация йўналишига ҳам кенгайтириши мумкин. 

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+