Солиқ қўмитаси фуқароларнинг хорижий интернет-сервисларга тўловлари бўйича банклардан маълумот сўради
Солиқ қўмитаси тижорат банкларидан 2023–2025 йилларда фуқаролар томонидан Apple, Facebook, Netflix ва бошқа 83 та хорижий интернет-сервис фойдасига амалга оширилган тўловлар ҳақида маълумот сўради.
Идора бу чорани хорижий компанияларнинг солиқ мажбуриятларини аниқлаш ва ҚҚС ҳисоб-китобларини текшириш зарурати билан изоҳламоқда.

Солиқ қўмитаси Ўзбекистондаги тижорат банкларига фуқароларнинг (Аппле, Facebook, Netflix ва бошқа) хорижий интернет-компаниялар фойдасига амалга оширган тўловлари ҳажмини ўрганиш мақсадида транзаксиялар тарихи бўйича маълумот тақдим этиш юзасидан сўров юборди.
Бундан аввал бир нечта Telegram каналлар ва ОАВда Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан банкларга юборилган хатларни эълон қилган эди. Идора сўнгги уч йил давомида 83 та хорижий интернет-сервис фойдасига амалга оширилган тўловлар ҳақидаги маълумотларни сўраган.
Солиқ органларининг талаблари
Банклар 2023–2025 йиллар давомида жисмоний шахслар томонидан солиқ ҳисобида турган қатор хорижий компаниялар манзилига амалга оширилган барча тўловлар бўйича маълумотларни тақдим этиши лозим. Гап халқаро карталар (Visa, Mastercard, Uzcard, Humo ва бошқалар) ҳамда электрон ҳамёнлар орқали амалга оширилган транзаксиялар ҳақида бормоқда.

Ҳар бир транзаксия бўйича сана ва сумма, шунингдек АҚШ долларидаги эквиваленти кўрсатилиши талаб этилади. Банклар ушбу маълумотларни 3 кун ичида махсус электрон манзилга юбориши керак.
Талаблар бажарилмаган тақдирда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 215−3-моддаси (солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари юзага келиши ҳақида маълумот тақдим этиш тартибини бузиш) асосида маъмурий жавобгарликка тортиш мумкин. Шунингдек, солиқ органлари Солиқ кодексининг 229-моддасига мувофиқ (банк томонидан солиқ тўловчининг операциялари ва ҳисобварақлари бўйича кўчирмаларни тақдим этмаслик) жарима қўлланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Солиқ органлари мазкур маълумотлар талаби хорижий интернет-сервислар томонидан ҳисоботларда кўрсатилган солиқлар суммаларининг “тўғрилигини текшириш” ва улар томонидан 2023 йилдан буён кўрсатилган хизматлар қийматини баҳолаш зарурати билан изоҳланган. Шунингдек, идора 2025 йил декабрь ойида қабул қилинган “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш тўғрисида”ги ПФ-246-сон фармонга ҳам таянмоқда.
Қўмита бунга нима деб изоҳ бермоқда?
Солиқ қўмитаси матбуот хизмати эслатишича, Ўзбекистон ҳудудида электрон шаклда хизматлар кўрсатишда хорижий юридик шахслар жисмоний шахсларга кўрсатилган хизматлар қисми бўйича солиқ тўловчи деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 278-моддаси). Солиқ базаси хизматлар қиймати, солиқни инобатга олган ҳолда, уларнинг амалдаги нархларидан келиб чиқиб аниқланади (280-модда).
Муайян ҳодиса ёки ҳаракат билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган солиқ мажбуриятлари бўйича даъво муддати ушбу ҳодиса ёки ҳаракат содир этилган пайтдан бошлаб 3 йилни ташкил этади (88-модда).
2025 йилда 23 та хорижий интернет-сервис солиқ ҳисобига қўйилган, жорий йил бошидан эса яна 6 таси рўйхатдан ўтган. Сўров уларнинг солиқ мажбуриятлари қачон юзага келганини аниқлаш, солиқ базасини ҳисоблаш ҳамда ундирилиши лозим бўлган ҚҚС суммасини аниқлаш мақсадида юборилган.
Қўмита хабарида таъкидланишича, тўловлар ҳақидаги маълумотлар банклар томонидан шахси аниқланмайдиган (аноним) шаклда тақдим этилади. Декабрдаги фармон билан тасдиқланган устувор чора-тадбирлар дастурида 1 мартга қадар хорижий юридик шахслар фойдасига амалга оширилган тўловлар бўйича шахси аниқланмайдиган маълумотларни тақдим этиш тартибини ишлаб чиқиш назарда тутилган.









