Шухрат Якубов Ўзсаноатқурилишбанк бошқаруви раиси ўринбосари лавозимидан озод этилди
Ўзсаноатқурилишбанк Кузатув кенгаши қарорига кўра, Шухрат Якубов Банк бошқаруви раиси ўринбосари лавозимидан озод этилди.
У фаолиятини Банк бошқаруви раисининг хусусийлаштириш жараёнларини бошқариш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида давом эттиради.
Унинг ўрнига Абдурашид Хакимов Банк бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланди.

30 апрель куни Ўзсаноатқурилишбанк Кузатув кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда банк бошқаруви таркибига оид ташкилий масалалар кўриб чиқилди.
Йиғилиш қарорига кўра, Шухрат Исроилавич Якубовнинг Банк бошқаруви аъзоси сифатидаги ваколатлари тугатилди. Шунингдек, у Банк бошқаруви раиси ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Шуҳрат Якубов 2020 йил октябридан бери мазкур лавозимда ишлаб келаётган эди.
Шу билан бирга, Якубов Банк бошқаруви раисининг хусусийлаштириш жараёнларини бошқариш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига ўтказилди.

Бундан ташқари, Абдурашид Бахром ўғли Хакимовнинг номзоди Банк бошқаруви раиси ўринбосари ҳамда бошқарув аъзоси лавозимларига тасдиқланди. У Марказий банк билан белгиланган тартибда келишувдан сўнг лавозимга киришади.
Хакимов 2023 йил декабрь ойидан буён банкнинг Молия институтлари ва инвесторлар билан ишлаш департаменти директори лавозимида ишлаб келаётган эди. Унгача эса Корпоратив бизнес департаменти директори ўринбосари лавозимида фаолият юритган.









