Шўртан ГКМ лойиҳасида 643,2 млрд сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштирилгани аниқланди
Департамент хабарида Солиқ органлари, “Ўзбекнефтгаз” ҳамда бир қатор хусусий компаниялар масъул шахслари тил бириктиргани қайд этилган. Хабарда корхоналарнинг тўлиқ номлари эмас, қисқартмалари келтирилган. Очиқ манбаларга кўра, “SH.G.” Шўртан газ-кимё мажмуасини, “S.E.” Sanoat Energetika Guruhi’ни (Saneg), “E.E.” эса Enter Engineering’ни англатиши мумкин. “A.” МЧЖнинг аниқ номи эса ҳозирча очиқ манбаларда аниқланмаган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш лойиҳаси доирасида йирик миқдордаги бюджет маблағлари ўзлаштирилгани бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Департамент хабарига кўра, Солиқ қўмитаси комплаенс ва коррупцияга қарши назорат бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда Солиқ қўмитаси, Бухоро вилояти солиқ бошқармаси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда SH.G.” МЧЖ, “S.E.” МЧЖ ҚК, “A.” МЧЖ ва “E.E.” МЧЖ ҚКнинг Ўзбекистондаги доимий муассасаси масъул шахслари ўзаро тил бириктиргани аниқланган.
Гап Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш бўйича кўрсатилган 5,3 трлн сўмлик хизматлар ҳақида кетмоқда. Департамент маълумотига кўра, ушбу хизматлар ҚҚСдан озод этилган бўлса-да, ҚҚС суммаси электрон ҳисоб-фактураларга ноқонуний киритилган.
Натижада бюджетда асоссиз ҚҚС маблағи ҳосил қилинган. Кейинчалик ушбу маблағлардан фойдаланган ҳолда “A.” МЧЖ ҳисоб рақамига ҚҚС қайтарилиши ҳамда “S.E.” МЧЖ ҚКнинг давлат олдидаги кредиторлик қарздорликлари йўқ қилиниши таъминлангани айтилмоқда.
Департамент ҳисоб-китобларига кўра, шу йўл билан 643,2 млрд сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш орқали талон-торож қилинган.
Хабарда корхоналар номи тўлиқ очиқланмаган ва қисқартмалар билан берилган. Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, “SH.G.” МЧЖ — “Sho‘rtan gaz kimyo majmuasi” МЧЖ, “S.E.” МЧЖ ҚК — Saneg номи билан танилган “Sanoat Energetika Guruhi”, “E.E.” МЧЖ ҚКнинг Ўзбекистондаги доимий муассасаси эса Enter Engineering’га ишора қилаётган бўлиши мумкин. Бироқ Департамент ушбу номларни расман тўлиқ очиқламагани сабабли, бу идентификация эҳтимолий тахмин сифатида баҳоланади.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.









