12 195.500 so‘m

increase

15.630

14 049.220 so‘m

decrease

-30.710

149.710 so‘m

increase

1.190

12 195.500 so‘m

increase

15.630

1 соат аввал
Солиқ
36

Санъаткорлар солиқ тўлашга қарши: аслида улар ҳам бошқалар каби солиқ тўлаши керак эмасми?

Оддий ўқитувчи ҳар ой маошидан 12 фоиз солиқ тўлайди. Битта тўйда унинг йиллик даромадини топадиган санъаткорнинг солиқдан қочиши адолатлими?

Ўзбекистонда 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб барча санъаткорлар ҳар бир тўй ва хизмати учун солиқ тўлаши мумкин.

Pinkod санъаткорларнинг бу борада енгиллик талаб қилиши қанчалик тўғри эканлиги ва дунёдаги қатъий халқаро тажрибани батафсил таҳлил қилди.

Санъаткорлар солиқ тўлашга қарши: аслида улар ҳам бошқалар каби солиқ тўлаши керак эмасми?
Фото: AI/Pinkod.uz

Сўнгги кунларда санъаткорлар ўзларини солиққа тортишларига нисбатан очиқдан-очиқ қаршилик ва эътирозлар билдирмоқда. Лекин масаланинг моҳиятига чуқурроқ қаралса, ҳамма фуқаро учун мажбурий бўлган қонун-қоидалар ижодкорлар учун ҳам бирдек ишлаши кераклиги ойдинлашади. Хўш, ўзи нима бўляпти ва нега бу масала бунчалик шов-шувга сабаб бўлмоқда?

Ўзи нима бўляпти?

Ўзбекистонда 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб санъаткорлардан ҳар бир тўй ёки концерт учун алоҳида солиқ ундириш тизими жорий этилиши мумкин. Унга кўра, ижрочилар ва ижодий жамоалар кўрсатадиган барча хизматлар махсус “Солиқ” мобил иловасида рўйхатга олиниши шарт бўлади. Ижрочилар 2028 йил охиригача жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини “бир хизмат — бир тўлов” тамойили асосида тўлаб боради.

Нима деб эътирозлар билдирилмоқда?

Мазкур янгилик эълон қилингандан кейин бир неча санъаткорлар ижтимоий тармоқларда ўз фикрларини билдириб чиқди. Баъзилар мазкур тартибга мутлақ қарши бўлса, айримлари “санъаткорларга енгиллик беринглар, бизнинг аҳволимиз оғир” деган важлар билан чиқишмоқда.

Хусусан, хонанда Самандар Ҳамроқулов артистларнинг қарзи, кредити кўп экани, шу сабабли солиқни адолатли қилиб солиш керак эканлигини айтган:

“Солиқ департаменти чиқараётган қонун ёки чиқармоқчи бўлган ҳужжат юзасидан жуда кўп санъаткорлар ўз мулоҳазаларини билдирмоқда. Биз солиқ тўлашдан ҳеч қачон қочмаймиз, лекин санъаткорларнинг асосий даромади фақат тўйлардан келади. Улар клиплар чиқаради, харажат қилади, ва қайси ҳолатда бўлмасин, бу пулни фақат тўй орқали қоплай олади ёки қопламайди, баъзи ҳолларда қарзга киради”, — дейди у.

Унга кўра, икки-уч йилдан бери қарзини тўлаётган санъаткорлар бор, ҳозиргача фойдага чиқмаган эмиш. Чунки уларнинг бошқа даромад манбаи йўқ экан.

Яна бир бошловчи Абдувосит Саримсоқов эса Ҳамроқуловнинг фикрлари “минг фоиз” тўғри эканини иддао қилиб чиқмоқда.

Унга кўра, санъаткорларнинг катта қисми айни пайтда одамлар ўйлагандан ҳам оғирроқ ҳолатда, ҳатто йил бошланганидан бери бирорта хизматга чиқмаган қўшиқчилар бор. Саримсоқов янги тартиб 2026 йил 1 сентябрдан кучга киришини айтиб, артистлар айнан шу вақтга шартнома ва кредитлар олиб қўйганини таъкидлаб, “озгина мана шу жиҳатларни ўйлаш керак” дея мутасаддиларни айблаган.

Бироқ унинг сўзларига қаралса, у лойиҳа матни билан тўлиқ танишиб чиқмаганини сезиш қийин эмас.

Санъаткорларга ўқитувчидек солиқ бирданига солинмайди —енгилликлар етарли

Саримсоқов Солиқ қўмитаси санъаткорларни “озгина ўйламасдан” мазкур тартибни жорий қилганини таъкидлаган бўлса-да, ҳужжат лойиҳасида аксинча, санъаткорларнинг ҳолати обдан ўйланган. Дастлабки йилларда уларга тушумнинг фоизидан эмас, балки фақат қатъий белгиланган суммада (рейтинглар ажратиб) солиқ тўлаш таклиф қилиняпти.

“Бир хизмат – бир тўлов” тамойили доирасидаги солиқ миқдори санъаткорнинг рейтинги ва хизмат кўрсатилган жойга боғлиқ бўлиб, базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) билан ўлчанади:

  • 1-рейтинг гуруҳи ижрочилари: Тошкент шаҳрида – 3 БҲМ (ҳозирда 1 млн 236 минг сўм); Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида – 2 БҲМ (ҳозирда 824 минг сўм); бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда – 1 БҲМ (ҳозирда 412 минг сўм).
  • 2-рейтинг гуруҳи ижрочилари: Тошкент шаҳрида – 2 БҲМ; Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида – 1 БҲМ; бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда – 0,5 БҲМ.
  • 3-рейтинг гуруҳи ижрочилари: Тошкент шаҳрида – 1 БҲМ; Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида – 0,5 БҲМ; бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда – 0,25 БҲМ.

Бу ерда берилган улкан енгилликни қарангки, хизмат кўрсатилувчи жой қанча чекка ҳудудда бўлса, солиқ миқдори шунча пасаяди. Аслида бу санъаткор учун икки ҳисса фойда. Чунки бизда масофа қанча узоқлашса, тўйга бориш учун шунча катта миқдорда гонорар сўралади. Натижада артистда кўпроқ пул топиб, давлатга сезиларли даражада камроқ солиқ тўлаш имконияти пайдо бўлади.

Ҳақиқий даромад солиғи, яъни шартнома қийматидан келиб чиқиб ҳисобланадиган 12 фоизлик солиқ фақат 2029 йил 1 январдан кучга киради. Санъаткор 1 000 долларга тўйга чиқса, шунинг 12 фоизини солиқ сифатида тўлаши керак бўлади. Кўриниб турганидек, ижрочилар бирданига том маънодаги солиқ тўлашга ўтказилмаяпти. Тартиб белгилангандан кейин қарийб 2,5 йил давомида уларга мослаштириш даври берилмоқда.

Шу ўринда адолат юзасидан ҳақли савол туғилади: Нега санъаткорлар солиқ тўлашдан қочиши керак? 

Солиқ тўлаш барча фуқаролар учун қонуний мажбуриятдир. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда нисбатан кам маош олувчи соҳа вакиллари — тиббиёт ходимлари ва мактаб ўқитувчилари ўз ойликларидан 12 фоизлик даромад солиғини пешона тери билан ишлаб топган пуллари пластик картасига тушишидан аввалроқ тўлаб қўйишади. 

Бу касб эгаларининг ўртача ойлик маоши мос равишда 3,9 ва 4,4 млн сўмни ташкил этади. Ҳолбуки, битта ўртамиёна артист битта тўй хизматига боришининг ўзидаёқ бир нафар ўқитувчининг бутун бошли ойлик маошидан анча кўпроқ маблағ топади. Оддий халқ солиқ тўлаб, ўз фуқаролик бурчини бажараётган бир пайтда, миллионлаб маблағ айланадиган шоу-бизнес соҳасининг солиқдан четда қолиши умуман мантиққа зиддир.

Дунё тажрибаси нима дейди?

Артистларни қатъий солиққа тортиш амалиёти Ўзбекистон ҳукумати осмондан олиб ўйлаб топган иш эмас. Бутун дунёда шоу-бизнес энг кўп солиқ тушумларини таъминловчи соҳалардан бири ҳисобланади ва жазо чоралари Ўзбекистондагидан анча қаттиқроқ.

АҚШда: 

41 Great American Singers You Should Know - GigWise

Санъаткорлар одатда ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида қаралади ва даромад ҳамда харажатларини кўрсатиш учун декларация (Форм 1040) топширади. Улар 15,3% миқдорида ўз-бандлик солиғини тўлайди. Топган даромади эса прогрессив федерал ставкалар бўйича 37% гача солиққа тортилиши мумкин. Агар хорижлик санъаткорлар АҚШда чиқиш қилса, тўловлардан ҳеч қандай гап-сўзсиз роппа-роса 30% солиқ ушлаб қолинади.

Европа Иттифоқида: 

Австрияда санъаткорлар тушумдан соддалаштирилган харажатларни чегирган ҳолда, даромади учун прогрессив ставкалар бўйича 55% гача солиқ тўлайди. 

The Arctic Monkeys' Matt Helders On Why We Won't Be Waiting Another Five  Years For A New Album - Music Feeds

Германияда эса санъаткор даромадига 20% миқдорида ягона солиқ қўлланади ва бунда ҳеч қандай баҳоналар, қарзлар ёки харажат чегирмаларига рухсат берилмайди. Нидерландия, Ирландия, Дания ва Венгрияда эса даромад солиғи ижодкорнинг резидент давлатида қатъий тўланади. 

Хитой тажрибаси:

Хитойда шоу-бизнес вакиллари ва санъаткорлар энг юқори солиқ тўловчилар тоифасига киради. Уларнинг даромадидан олинадиган солиқ ставкаси 45 фоизгача етиши мумкин. Сўнгги йилларда Хитой ҳукумати санъаткорларнинг солиқдан қочиш ҳолатларига қарши аёвсиз курашмоқда. 

Айниқса, даромадни яшириш учун қўлланадиган “Ин-Ян” (бири расмий арзон, иккинчиси норасмий қиммат) шартномалари тузиш оғир жиноят ҳисобланади. Дунёга машҳур актриса Фан Бинбин солиқ тўлашдан бўйин товлагани учун давлатга салкам 130 миллион доллар жарима тўлагани ва фаолияти вақтинча тақиқлангани бутун дунёда шов-шув бўлган эди.

Жанубий Корея (Солиқ тўламаслик — кареранинг тугаши):

К-поп ва дорама саноати орқали миллиардлаб доллар айланадиган Жанубий Кореяда санъаткорларнинг солиқ тўлаши ўта қатъий тизимлаштирилган. Аксарият хонандалар йирик продюсерлик компаниялари (ҲЙБЕ, СМ, YG) орқали ишлайди ва солиқлар тушумдан дарҳол ушлаб қолинади. 

Everything about Blackpink - albums, achievements and more!

Мустақил ишлайдиган юлдузлар ва топ-санъаткорлар даромадининг ҳажмига қараб 45 фоизгача (маҳаллий солиқлар билан қарийб 50 фоиз) даромад солиғи тўлайди. Энг қизиғи, Кореяда Миллий солиқ хизмати мунтазам равишда юлдузларни кутилмаган тафтишдан (аудит) ўтказади. Агар бирор санъаткор солиқни кам тўлагани фош бўлса, у нафақат катта жаримага тортилади, балки жамоатчилик томонидан қаттиқ қораланади.


Муаллиф: Диёрбек Қамбаров

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+