Самарадорликни ошириш учун 80/20 қоидаси
Ушбу қоидани шахсий молия, таълим жараёни ва иш фаолияти каби соҳаларда қўллаш орқали асосий ресурс ҳамда имкониятларга эътибор бериш ва самарадорликни ошириш мумкин.
Қоиданинг моҳияти
80/20 қоидасини Pareto принципи деб ҳам аташади ва унинг асосий моҳиятига кўра, натижаларнинг 80 фоизи қилинган ҳаракатнинг атиги 20 фоизидан келиб чиқади. Бу қоида ишлар ва ресурслар орасидаги устуворликни аниқлашда самарали усул ҳисобланади.
Pareto принципи XIX асрда итальян иқтисодчиси Вильфредо Парето томонидан кашф этилган. У 1896 йилда Италиядаги ер-мулкнинг 80 фоизи аҳолининг 20 фоизи томонидан бошқарилишини аниқлаган. Кейинчалик бу принцип турли соҳаларда кузатилди ва умумий қоидага айланди. Масалан, бизнесда даромаднинг катта қисмини мижозларнинг кичик қисми таъминлайди ёки дастурий таъминотда хатоларнинг кичик қисми асосий муаммоларни келтириб чиқаради.
Microsoft компанияси 80/20 қоидасидан фойдаланиб, фақатгина дастурий хатоларнинг 20 фоизини тузатиш орқали тизимдаги 80% муаммоларни ҳал қилиш мумкинлигини аниқлаган.
Pareto принципи бўйича дастлаб вазифалар ва ресурсларни таҳлил қилиш орқали энг катта натижа келтирувчи 20 фоиз фаолият аниқланади. Кейинчалик, айнан шу асосий фаолиятга кучлироқ эътибор қаратилади, натижалар кузатилиб, жараёнлар оптималлаштирилади. Шу билан бирга, аҳамияти пастроқ бўлган фаолиятлар минималлаштирилади ёки делегация қилинади. Бу жараён қуйидаги афзалликларни тақдим этади:
- Вақтни тежаш. Энг муҳим ишларни аниқлаш ва уларга эътибор қаратиш орқали ортиқча фаолиятларга вақт сарфлашдан қочиш мумкин.
- Ресурсларни самарали ишлатиш. Чекланган ресурслардан оптимал фойдаланиш имконияти яратилади.
- Стрессни камайтириш. Кичик, лекин катта натижа берувчи фаолиятга эътибор қаратиш орқали ортиқча юкдан қутулиш мумкин.
Қайси соҳаларда қўллаш мумкин?
Иш фаолияти ва тадбиркорлик: корхоналарда даромаднинг катта қисми (80%) бир нечта мижоз ёки маҳсулотдан (20%) келади. Муҳим мижозлар ва маҳсулотларга ресурсларни йўналтириш орқали даромад ва самарадорлик ошириш мумкин.
Таълим жараёнида: билимларнинг 20 фоизи асосий мавзуларни ташкил қилади ва натижаларнинг 80 фоизини беради. Муҳим мавзуларни ўзлаштиришга устуворлик бериш орқали ўқиш самарадорлиги оширилади.
Соғлом турмуш тарзи: асосий одатлар, масалан, мунтазам жисмоний машқлар, балансли овқатланиш ва сифатли уйқу соғлиқнинг 80 фоизини таъминлайди. Уларни шакллантириш соғлом ҳаёт кечиришга ёрдам беради.
Вақтни бошқариш: кун давомида бажарилган вазифаларнинг 20 фоизи умумий натижадорликнинг 80 фоизини ташкил қилади. Муҳим ишларни аниқлаш ва уларга самарали вақт ажратиш орқали натижаларга эришиш мумкин.
Шахсий молия: даромаднинг катта қисми асосий манбалардан келади. даромад манбаларини таҳлил қилиш, асосий фойда келтирувчи фаолиятга эътиборни қаратиш, харажатларни қисқартириш ва муҳим сармояларни ошириш орқали молиявий натижаларни яхшилаш мумкин.