12 320.340 so‘m

increase

17.180

14 614.390 so‘m

increase

106.500

159.360 so‘m

decrease

-0.400

12 320.340 so‘m

increase

17.180

7 соат аввал
Технология
64

Россияда Telegram фаолиятига нисбатан янги чекловлар жорий этилиши мумкин

Россияда Telegram мессенжери ишлашида техник муаммолар кузатилмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, Роскомнадзор хизмат фаолиятини қисман чеклаган бўлиши мумкин.

Россияда Telegram фаолиятига нисбатан янги чекловлар жорий этилиши мумкин
Фото: AI/Pinkod.uz

Россияда Telegram мессенжерини блоклаш эҳтимоли атрофидаги муҳокамалар яна кескинлашди. Бунга хизматдаги оммавий носозликлар, шунингдек, ОАВда регуляторлар томонидан мессенжер фаолиятига босқичма-босқич чекловлар жорий этила бошлагани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлмоқда.

Айрим Россия нашрларининг маълумотларига кўра, Роскомнадзор Telegram ишини қисман секинлаштиришни бошлаган. Сўнгги вақтларда фойдаланувчилар хабар юбориш, фото ва видеоларни юклашда муаммолар юзага келаётгани, шунингдек, илованинг смартфон ва компьютерларда беқарор ишлаётганидан шикоят қилмоқда. Шунга қарамай, ҳозирча мессенжернинг тўлиқ блокланиши бўйича расмий баёнот эълон қилинмаган.

Downdetector платформаси маълумотларига кўра, бир сутка ичида россиялик фойдаланувчилардан 11 мингдан ортиқ шикоят келиб тушган. Уларнинг 31 фоизи билдиришномалар ишламаслиги, 26 фоизи мобил иловадаги муаммолар, 22 фоизи умумий носозликлар, 15 фоизи эса сайтнинг секин ёки нотўғри ишлаши билан боғлиқ.

Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Герман Клименко Telegram’да, аввало, медиа файллар — фото ва видеолар узатилишини чеклаш режалаштирилаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу чора фирибгарликка қарши кураш доирасида кўрилмоқда ҳамда фойдаланувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган МАХ мессенжерига йўналтиришни кўзда тутади.

Мутахассислар ҳозирча Телеграмъни тўлиқ блоклаш эҳтимоли пастлигини қайд этмоқда. Сабаби, платформадан нафақат оддий фойдаланувчилар, балки ОАВ, бизнес тузилмалари ва давлат идоралари ҳам кенг фойдаланади. Шу билан бирга, босимнинг босқичма-босқич кучайиши ва янги чекловлар жорий этилиши эҳтимолини бутунлай инкор этиб бўлмайди.

Telegram’га нисбатан аввалги чекловлар

Бу Telegram билан боғлиқ илк ҳолат эмас. 2018 йилда Россияда мессенжер расман блоклангани эълон қилинган эди. Ўшанда Роскомнадзор унинг фаолиятини чеклашга уринган, бироқ амалда тақиқ техник жиҳатдан тўлиқ ишламаган. Фойдаланувчилар сервисдан фойдаланишда давом этган, блокировка эса кутилган натижани бермаган. Натижада бир неча йил давом этган чекловлар 2020 йилга келиб бекор қилинди ва Telegram яна эркин фаолият юрита бошлади.

Шунингдек, 2025 йил 13 августда Роскомнадзор Telegram ва WhatsApp’даги қўнғироқларни “қисман чеклаганини” маълум қилган эди. Идора бу мессенжерлар россияликларни алдашда “асосий овозли платформалар”га айланганини, уларнинг эгалари эса регулятор талабларини эътиборсиз қолдираётганини таъкидлаган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+