12 048.840 so‘m

increase

62.280

13 741.700 so‘m

increase

50.050

152.880 so‘m

increase

0.790

12 048.840 so‘m

increase

62.280

3 соат аввал
Банк
111

Рекорд натижалар: Ўзбекистон банклари биринчи ярим йилликда қанча соф фойда олди?

2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон банкларининг жами соф фойдаси 68,9 фоизга ошиб, 10,99 трлн сўмга етди. Ипотека-банк 1,39 трлн сўмлик натижа билан энг кўп фойда олган банк бўлди. AVO bank эса ярим йилликни зарар билан якунлаган ягона банк бўлиб қолди.

Рекорд натижалар: Ўзбекистон банклари биринчи ярим йилликда қанча соф фойда олди?
Фото: AI/Pinkod.uz

2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистондаги тижорат банкларининг умумий соф фойдаси 10,99 трлн сўмни ташкил этди. Таққослаш учун, 2025 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 6,51 трлн сўм бўлган.

Банклар олган жами фойданинг ярмидан кўпи бешта банк ҳиссасига тўғри келди. Ипотека-банк, Ўзмиллийбанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Ҳамкорбанк ва Капиталбанк биргаликда 5,51 трлн сўм соф фойда олган. Бу банк тизимидаги умумий натижанинг 50,1 фоизига тенг.

Энг катта соф фойдани Ипотека-банк қайд этди — 1,39 трлн сўм. Банк ўтган йилнинг шу давридаги 392,5 млрд сўмлик зарарни фойдага айлантирган. Натижада унинг молиявий натижаси бир йил ичида 1,78 трлн сўмга яхшиланди.

Кейинги ўринларни Ўзмиллийбанк — 1,21 трлн сўм, Ўзсаноатқурилишбанк — 1,11 трлн сўм ҳамда Ҳамкорбанк — 970 млрд сўм билан эгаллади. Капиталбанкнинг соф фойдаси эса 38,4 фоизга ошиб, 833,6 млрд сўмга етди.

Халқ банки энг катта мутлақ ўсишлардан бирини кўрсатди. Банк фойдаси 154,6 млрд сўмдан 650,5 млрд сўмга кўтарилган. Бир йиллик ўсиш 495,9 млрд сўм ёки 320,8 фоизни ташкил этди.

Нисбий ҳисобда Uzumbank етакчи бўлди. Унинг соф фойдаси 30,4 млрд сўмдан 258,1 млрд сўмга етиб, 8,5 баравар ошди. TBC bankнинг фойдаси 2,9 баравар кўпайиб, 288,1 млрд сўмни, InFinBankники эса 2,6 баравар ошиб, 353,2 млрд сўмни ташкил этди.

Apexbank ҳам 2025 йилнинг биринчи ярмидаги 62,4 млрд сўмлик зарардан чиқиб, 107,6 млрд сўм фойда олди. Garant bankнинг 9,7 млрд сўмлик зарари эса 28,5 млрд сўмлик фойдага айланди.

Шу билан бирга, тўққизта банкнинг молиявий натижаси ёмонлашди. Энг катта пасайиш Бизнесни ривожлантириш банкида кузатилди. Банк соф фойдаси 111,2 млрд сўм ёки 34,8 фоизга камайиб, 208,5 млрд сўмни ташкил этди.

Шунингдек, Orient Finans bankнинг соф фойдаси 4,2 фоизга камайиб, 501,6 млрд сўмни ташкил этди. Anorbankда бу кўрсаткич 22,5 фоизга қисқариб, 79,2 млрд сўмга тушди. Poytaxt bankнинг фойдаси 46,2 фоизга, Openbankники эса 53,4 фоизга камайди.

AVO банк ярим йилликни зарар билан якунлаган ягона фаол банк бўлди. Унинг соф зарари ўтган йилги 1,8 млрд сўмдан 7,1 млрд сўмгача ошган. Қолган 33 та банк 2026 йилнинг биринчи ярмида соф фойда қайд этди.


Банклар соф фойдаси ҳақидаги маълумотлар оператив ҳисоботларга асосланиб, Bankers.uz нашри томонидан эълон қилинган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+