Рақобат қўмитаси Yandex Market реклама иши бўйича Uzum Market фойдасига қарор чиқарди
Рақобат қўмитаси Uzum Market мурожаати асосида олиб борган текширув натижаларига кўра, YandexGo’га тегишли рекламани ОАВдан олиб ташлаш топширилди.
Аввалроқ Pinkod айнан нима Uzum Market’ни Yandex Go устидан шикоят қилишга ундагани ҳақида материал эълон қилган эди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Uzum Market’нинг мурожаати асосида YandexGo UB’га нисбатан инсофсиз рақобат ҳолатлари бўйича иш юритди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг июнь ойида Uzum Market томонидан YandexGo UB’га қарши расмий мурожаат йўлланиб, Yandex Market рекламаси орқали “Рақобат тўғрисида”ги қонун бузилаётгани, истеъмолчилар чалғитилаётгани ва Uzum Market’нинг ишчанлик обрўсига путур етказилаётгани ҳақида чора кўриш сўралган эди.
Мазкур ҳолат Махсус комиссия томонидан кўриб чиқилди ва қуйидаги жиҳатлар аниқланди:
- YandexGo UB рекламасидаги актрисанинг бинафша рангли кўйлаги ва роликнинг дастлабки кадрлари Uzum Мarket’нинг илгари эълон қилинган видеоларига визуал ва концептуал жиҳатдан ўхшаш;
- Реклама ролигида бош қаҳрамон узум дастасини кўтариб “А, бу маркетми?!” деб сўраганида, атрофдагиларнинг салбий муносабати акс этган;
- Роликда “ажойиб маркет” деган иборадан сўнг бош қаҳрамоннинг саволи томошабинда Uzum Market назарда тутилаётгани ҳақида таассурот уйғотади, аммо актриса “Йўқ, бу бошқа маркет” деб жавоб беради ва шу орқали Yandex Market’нинг устунлиги бўйича ишора берилади.
Комиссия бу ҳаракатларни “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасида назарда тутилган инсофсиз таққослаш ҳолати, яъни рақобатчи товар ҳақида холис ва асосли таққослашсиз нотўғри тасаввур уйғотиш деб топди.
Иқтисодий зарар исботланмади, аммо чоралар белгиланди
Бироқ Uzum Market томонидан ушбу ҳаракатлар бозор иштирокчилари ёки истеъмолчиларга бевосита моддий зарар етказгани ҳақида асосли далил ва ҳужжатлар тақдим этилмагани сабабли, Махсус комиссия ушбу ҳолатни иқтисодий жиҳатдан паст таъсирли деб баҳолади. Шу боис молиявий санкцияларни суд тартибида қўллаш лозим деб топилмади.
Шунга қарамай, Рақобат қўмитаси YandexGo UB’га қуйидаги чораларни белгилади:
- Yandex Market’га оид рекламани оммавий ахборот воситаларидан бир ой муддатда олиб ташлаш;
- Реклама олиб ташланганлиги ҳақида тасдиқловчи ҳужжатларни 2025 йил 14 августга қадар қўмитага тақдим этиш.
Рақобат қўмитаси, шунингдек, томонлар ушбу қарордан норози бўлган тақдирда Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигини эслатиб ўтди.
Ҳаммаси нимадан бошланганди?
Июнь ойида Pinkod айнан нима Uzum Market’ни Yandex Go устидан шикоят қилишга ундагани ҳақида материал эълон қилган эди.
Yandex Market рекламасида хорижий маркетинг услубларига хос бўлган “бевосита эмас, билвосита таъсир қилиш” усули қўлланилган.
Реклама бир йигит атрофидагилардан бир маркет ҳақида эшитиб, аммо доимий шовқин туфайли унинг номини англай олмаётган ҳолатлар билан бошланади. Ҳар сафар бошқа одамлар бу маркетни мақтайди, лекин фон шовқини (овоз, қўнғироқ ва ҳ.к.) сабабли маркет номи ноаниқ бўлиб қолади.
Рекламадаги асосий қаҳрамон эса бу Market’ни “Uzum Market” деб ўйлайди ва камерага қараб қўлида узум мевасини кўрсатиб: “Ҳа, бу Маркетми?” дейди. Бироқ охирида маълум бўладики, бу аслида Yandex Market эди.
Мазкур реклама бир неча ой давомида телевидение ва ижтимоий тармоқларда мунтазам равишда эфирга узатилган.
Ундан кейин эса Uzum Market ҳам бу рекламага ўзининг “жавоби”ни тақдим этди. Мурожаат ортидаги вазият хақида батафсил:
Яна ўқинг: Yandex ва Uzum ўртасидаги маркетинг жанги: ҳаммаси қаердан бошланган эди?