Рафал Юшчак “Ҳамкорбанк” бошқарув раиси в.б. этиб тайинланди
Рафал Юшчак молиявий хизматлар соҳасида 26 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, турли йилларда Польша, Украина ва Беларусдаги йирик банкларда раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Мазкур лавозимда бунга қадар Бахтиёржон Жўраев фаолият юритиб келаётганди.

“Ҳамкорбанк” АТБ бошқаруви таркибида ўзгариш юз берди. Полшалик банкир Рафал Юшчак банк бошқарув раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.
“Ҳамкорбанк” ҳозирча бошқарувдаги мазкур ўзгариш юзасидан расмий баёнот бергани йўқ.
Юшчак халқаро банк секторида катта тажрибага эга мутахассис ҳисобланади. У турли йилларда Польша, Украина ва Беларусдаги йирик молиявий институтларда раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Рафал Юшчак ҳақида
Рафал Юшчак молиявий хизматлар соҳасида 26 йилдан ортиқ тажрибага эга банкир бўлиб, асосан бизнесни ривожлантириш, трансформация жараёнлари ва банк бошқаруви йўналишларида фаолият юритган.
У PKO BP, FUIB Ukraine, Getin Holding, Alfa Bank Belarus ва Alfa Bank Ukraine каби молиявий институтларда раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Юшчак Гданьск университетини тарих йўналиши бўйича тамомлаган, шунингдек Франциянинг Руан шаҳридаги Ecole Supérieure de Commerce’da банк ва молия йўналишида таълим олган.
У фаолияти давомида рақамли банк хизматлари, янги маҳсулотларни жорий этиш ва банкларни трансформация қилиш бўйича тажрибаси билан танилган. Унинг бошқаруви остидаги айрим банклар халқаро нашрлар томонидан “Йил банки” сифатида эътироф этилган.
Аввалги бошқарув раиси ҳақида
“Ҳамкорбанк” бошқарув раиси лавозимида бунга қадар Баҳтиёржон Жўраэв фаолият юритиб келган. У 1981 йилда Андижон вилоятида туғилган.
Жўраэв 2002 йилда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини, 2010 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини тамомлаган. Унинг мутахассислиги маркетинг ва банк иши йўналишлари билан боғлиқ.
У банк тизимида 2002 йилдан буён фаолият юритиб келади. Ҳамкорбанк бошқарув раиси лавозимида эса 2021 йилдан бошлаб ишлаган. Банк соҳасидаги янгиликларни бериб борувчи “Банкирлар учун” Телеграм каналига кўра, Баҳтиёржон Жўраев ўз ихтиёрига кўра мазкур лавозимни тарк этган.









