Қирғизистонда Starlink хизмати расман ишга туширилди
Қирғизистон Марказий Осиёда Starlink хизмати ишга туширилган учинчи давлат бўлди. Бундан аввал хизмат 2025 йилда Қозоғистонда, 2026 йил бошида эса Тожикистонда йўлга қўйилган эди.
SpaceX аллақачон Ўзбекистон бозорига ҳам киришни бошлаб юборган.
Компания мамлакатда устав капитали 400 млн сўм бўлган юридик шахс ташкил қилган, Ўзбекистон эса Starlink харитасида тез орада хизмат ишга тушиши кутилаётган ҳудудлар қаторида турибди.

Қирғизистонда SpaceX компаниясига тегишли Starlink сунъий йўлдош интернет хизмати расман ишга туширилди.
Мазкур хизмат айниқса мамлакатнинг тоғли ва чекка ҳудудлари учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки бундай ҳудудларда анъанавий интернет инфратузилмасини қуриш қиммат ва мураккаб ҳисобланади. Starlink эса интернетни ерости кабель тармоқлари орқали эмас, паст Ер орбитасидаги сунъий йўлдошлар ёрдамида етказиб беради.
Шу сабабли хизмат олис аҳоли пунктлари, мактаблар, тиббиёт муассасалари, туристик объектлар ва фермер хўжаликлари учун қўшимча имконият яратиши мумкин.
Starlink хизматида юклаб олиш тезлиги 135–305 Мбит/с, юклаш тезлиги эса 20–40 Мбит/с оралиғида бўлиши мумкин. Бизнес фойдаланувчилари учун эса трафик ҳажмига қараб алоҳида тарифлар таклиф этилади.
Starlink’нинг Қирғизистонда ишга туширилиши Марказий Осиёда сунъий йўлдош интернети бозори кенгайиб бораётганини кўрсатади. SpaceX 2025 йил августида Қозоғистонда хизматни йўлга қўйган, 2026 йил февралида эса Starlink Тожикистонда ҳам ишга туширилган эди.
Компания 2026 йил охиригача Ўзбекистон ва Туркманистонда ҳам хизматни ишга туширишни режалаштирмоқда. Starlink харитасида ушбу икки мамлакат хизмат тез орада йўлга қўйилиши кутилаётган давлатлар қаторида кўрсатилган.
Маълумотларга кўра, Starlink 2025 йил 6 август куни “Starlink U-Stan” МЧЖ номи билан Ўзбекистонда юридик шахс ташкил қилган. Компаниянинг устав капитали 400 млн сўмни ташкил этади.

Корхонанинг 99 фоиз улуши Starlink Holding Netherlands B.V.га, қолган 1 фоизи эса SpaceX Netherlands B.V.га тегишли. Компания раҳбари сифатида Олимжон Давронович Алимов кўрсатилган.









