Пул бахт келтира оладими? Илон Маск фикрича — йўқ
Ўтган ҳафта бойлиги $852 миллиардга етган Илон Маск пул инсонни бахтли қилмаслигини айтди. Тадқиқотлар эса пул кўпинча мавжуд ҳолатни кучайтиришини кўрсатади. Бахтли одам бой бўлса янада бахтли бўлиши мумкин, аммо бахтсиз одам учун бойлик ҳам етарли бўлмаслиги мумкин.

Дунёнинг энг бой одами бўлишига қарамай, Илон Маск фикрича пул бахт олиб келмайди. Бу ҳақда Fortune нашри хабар берди.
Илон Маскнинг бойлиги ўтган ҳафтада кескин ошиб, $852 миллиардга етди. Бу тарихдаги рекорд кўрсаткич бўлиб, SpaceX ва xAI компаниялари қўшилиши ҳамда йил охирида кутилаётган IPO жараёни фонида юз берди. Аммо тарихдаги энг бой инсон бўлишига қарамай, Маск пул миқдори инсоний бахтни англатишига унчалик ишонмаётганга ўхшайди.

“Кимдир пул бахт сотиб ололмайди деган бўлса, у ҳақиқатан ҳам нимани гапираётганини билган”, — деб ёзди Маск ўзининг Х саҳифасида. Ушбу пост қарийб 110 миллион марта кўрилган.
Бу фикр ижтимоий тармоқларда катта мунозарага сабаб бўлди. Ҳатто шунга ўхшаш дилеммалар билан юзлашган ултра-бойлар ҳам бунга муносабат билдирди. Хедж-фонд миллиардери Билл Акман кўпроқ хайрия қилиш ва ҳаётга бошқача нигоҳ билан қараш кераклигини маслаҳат берди.
“Бахтнинг катта қисми бошқаларга ёрдам беришдан келади. Сиз миллионлаб одамларга ёрдам бердингиз, бир кун келиб бу миллиардлаб бўлиши мумкин. Сиз шунчаки қанча одам учун нималарга эришганингизни қадрлашингиз керак”, — деб ёзди у.
Акман шунингдек, Маскга узоқ муддатли муносабат ҳақида ҳам ўйлашни тавсия қилди. Маскнинг турли аёллардан 14 нафар фарзанди бор.
“Бахтни ҳақиқатан ҳам алоҳида инсон билан узоқ муддатли муносабатда ҳам топиш мумкин. Сизга энди узоқ муддатли ҳамроҳ топиш вақти келди. Бу шунчаки менинг фикрим”, — деди у.
Миллиардер инвестор ва Шарк Танк юлдузи Марк Кюбан эса Маскнинг фикрига қисман қўшилди, бироқ бойлик ва бахт ўртасидаги боғлиқлик унчалик содда эмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, пул бахтни ўзгартирмайди, балки инсон ичидаги ҳолатни кучайтиради.
“Агар сиз камбағал бўлганингизда бахтли бўлган бўлсангиз, бой бўлгач жуда ҳам бахтли бўласиз”, — деб ёзди Кюбан X’да. “Агар сиз бахтсиз бўлган бўлсангиз, бой бўлсангиз ҳам бахтсиз қолаверасиз — фақат молиявий стресс камроқ бўлади”.
Мутахассислар нима дейди?
Олимлар узоқ йиллардан бери “Пул бахт сотиб оладими?” деган саволга жавоб излаб келади. Жавоб эса оддий “ҳа” ёки “йўқ” эмас.
2010 йилда Принстон университети ўтказган машҳур тадқиқотга кўра, кундалик ҳиссий фаровонлик даромад ошгани сари ортади, бироқ тахминан $75 мингдан кейин ўсиш тўхтайди.
Аммо Пенсилвания университетининг Wharton бизнес мактаби олиб борган янги тадқиқот бу хулосани мураккаблаштиради. Унда бахт даромад билан бирга ошиши, бироқ аллақачон бахтсиз бўлган инсонларда бу ўсиш $100 минг атрофида секинлашиши аниқланган.
“Оддий қилиб айтганда, кўпчилик учун юқори даромад кўпроқ бахт билан боғлиқ”, – дейди Wharton катта илмий ходими ва тадқиқот муаллифи Метю Киллингсворт.
Аммо унга кўра, бир истисно бор: молиявий жиҳатдан таъминланган, лекин бахтсиз инсонлар учун кўпроқ пул ёрдам бермайди. Қолганлар учун эса даромад ошиши бахтни турли даражада кўтаради.
Бу хулосалар Кюбаннинг Маскка йўллаган фикрига мос келади. Пул кўпинча кучайтирувчи омил, аммо даво эмас. У стрессни камайтириши ва имкониятларни кенгайтириши мумкин, аммо шахсий муносабатлардаги муаммолар ёки ҳаётдан норозиликни автоматик ҳал қилиб бермайди.
Маск: “Хайрия билан яхшилик қилиш жуда қийин”
Маск бойлигининг катта қисми нақд пул эмас, балки компаниялар қийматига боғланган бўлса-да, бу барибир мислсиз имкониятлар беради. У деярли исталган уй ёки технологияни сотиб олиши, ҳатто хайрия орқали улкан таъсир кўрсатиши мумкин.
Аммо Акманнинг “кўпроқ бериш бахт келтиради” деган фикрига қарамай, Маскнинг ўзи хайрия ҳам осон эмаслигини тан олган.
“Мен инсониятга меҳр қўйиш фикрига қўшиламан ва бошқаларга ёрдам беришга ҳаракат қилишимиз керак. Лекин бу жуда қийин”, — деганди Маск ўтган йил WTF подкастида.
Унинг айтишича, асосий муаммо пулни ҳақиқатан ҳам фойдали бўладиган тарзда беришдир:
“Кўз-кўз қилиш учун яхшилик қилиш осон. Аммо реал яхшилик қилиш учун пулни тўғри сарфлаш жуда қийин. Жуда қийин”.
Яна бир миллиардер Билл Гейтс эса ҳаддан ташқари бойлик нима бера олиши ва нима бера олмаслигини очиқ тан олган. 2019 йилда Реддитъдаги савол-жавобда ундан миллиардер бўлиш ўрта синф вакили бўлишдан кўра бахтлироқ қиладими, деб сўрашганда, у “ҳа” деб жавоб берган.
“Мен соғлиқ харажатлари ёки университет тўловлари ҳақида ўйлашим шарт эмас,” деган Гейтс. “Молиявий ташвишлардан холи бўлиш — бу катта неъмат”.
Аммо у бунга эришиш учун албатта миллиард керак эмаслигини, бу соҳалардаги харажатлар ўсишини камайтириш зарурлигини таъкидлаган.









